Ер юзида коррупция пайдо бўлибдики, унга қарама-қарши кучлар ҳам мавжуд. Бугунга қадар ҳали бирор бир мамлакат бу офатни таг-туги билан йўқ қилолгани йўқ.

 

Сир эмас, коррупция жамият учун кўплаб салбий оқибатларга олиб келади. Хусусан, давлат органларининг фаолиятига нисбатан аҳоли онгида салбий қарашни шакллантиради, мамлакат ривожига тўсқинлик қилади, инсон ҳуқуқларини шубҳа остига қўяди, ижтимоий ҳимоя тизимини заифлаштиради, товарлар ва хизматлар таннархини оширади, маҳсулот ва хизматлар сифатини пасайтиради. Бундай салбий оқибатлар саноғи шулар билан тугамайди, афсуски.

Коррупция лотин тилидаги corroptio сўздан олинган бўлиб, сотиб олиш, бузилиш, йўлдан уриш сингари маъноларни беради. Қадимги Рим ёки Юнонистонда ҳам, ўрта асрларда Шарқ ва Ғарб мамлакатларида ҳам давлат хизматидаги мулозимларнинг жиноятга қўл уриши, порахўрлик, тамаъгирлик сингари қусурлар бўй кўрсатган.

Азалдан ҳар бир мамлакатда турли замонларда бу иллатга қарши у ёки бу кўринишда курашиб келинган. Қонуний, ахлоқий ва диний манбалар бундай ноқонуний хатти-ҳаракатларни ҳар доим қоралаб келган. Жумладан, ислом динида ҳам бу иллат тақиқланади. Хусусан, Қуръони каримнинг “Бақара” сураси 188-оятида: “Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини гуноҳ ила ейи­шингиз учун уни ҳокимларга ташламанг”, дея  марҳамат қилинади. Шу сабабли ўтмишда буюк аждодларимиз ҳам давлатнинг илдизига болта урадиган салбий одатларни қатъий қоралаганлар. Алишер Навоийнинг бир рубоийси ҳам айнан шу хусусда:

То ҳирсу ҳавас хирмани барбод ўлмас,

То нафсу ҳаво қасри барафтод ўлмас,

То зулму ситам жониға бедод ўлмас,

Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас.

Яъни  юртда очкўзлик, баднафслик, тамагирлик, адолатсизлик барҳам топмас экан, халқ фаровонлиги, одамларнинг розилиги, мамлакат ободлигини таъминлаб бўлмайди.

Тарихимизга назар ташласак, коррупциянинг дастлабки шакллари  бизнинг юртимизда ҳам мавжуд бўлганини кўрамиз. Бинобарин, унга қарши кураш ҳам узоқ тарихга эга.

Жумладан, Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даврида ҳам порахўрлик, адолатсизлик, таниш-билишчиликка йўл қўйган давлат хизматчилари аёвсиз жазоланган. Амир Темур 1400 йилда Озарбайжонда бошқарув ишларида бир қатор хатоликларга йўл қўйган, натижада халқнинг кескин норозилигига сабабчи бўлган амалдорларни жазога тортган, ҳатто, ўз ўғли Мироншоҳ ҳам унинг ғазабидан “бебаҳра” қолмаганди.

Ўз даврида Мирзо Улуғбек ҳам давлат тизимидаги шаффофликни таъминлаш, коррупцион ҳаракатларнинг олдини олишга катта эътибор берган, давлатда пул ва солиқ ислоҳотларини ўтказган, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштирган, бу эса айрим амалдорларнинг манфаатига зид келгани учун тажрибасиз ўғли Абдуллатифнинг қўли билан уни маҳв этишган эди.

1469 йилда Ҳиротда маҳаллий солиқчиларнинг ҳаддан ортиқ жабр-зулмидан тўйган халқ бош кўтарган, бу зиддият бевосита Алишер  Навоий иштирокида ҳал қилинган, айбдорлар қаттиқ жазоланган.

Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг ўзига хос механизми шакллана бошлаган эди. Кейинчалик Ўзбекистон ҳукумати бу масалада йирик халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Жумладан, 2008 йили мамлакатимиз БМТнинг “Коррупцияга қарши конвенция”сига, 2010 йили Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти доирасида қабул қилинган Коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул ҳаракат режасига ҳам аъзо бўлди.

Кейинги йилларда бу балойи азимга қарши курашиш юртимизда янги босқичга кўтарилди. 2017 йил 3 январь куни “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” Қонун, 2019 йил 27 майда давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. 2020 йил 26 июнь куни Президент қарори билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унинг оқибатларини бартараф этишга қаратилган кенг қамровли саъй-ҳаракатлар кенг йўлга қўйилганидан дарак.

Бироқ, халқаро миқёсдаги кўрсаткичларимиз ҳавас қиларли даражада эмас. Халқаро коррупцияга қарши кураш нодавлат ташкилоти – Transparency International ташкилотининг 2020 йил бошида эълон қилинган рейтингида Ўзбекистон 180 мамлакат орасида 153 ўринда қайд этилган. Мана шу рақамнинг ўзиёқ ҳали бу йўналишда мамлакатимизлда кўпгина ишлар амалга оширилиши лозимлигини кўрсатади.

Хуллас, бу курашнинг тарихи узун. Уни илдизи билан қуритиш учун эса, ҳамжиҳатлик, бирдамлик, мустаҳкам ирода керак бўлади.

 

Рустам ЖАББОРОВ,

Адлия вазирлиги

масъул ходими

Энг кўп ўқилган