Президентимизнинг мамлакатимиз Мус­тақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида ҳаётимизнинг турли йўналишларида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, тегишли соҳаларда амалга оширилаётган ишларнинг туб моҳияти, ютуқ-камчиликлари ва келгусига режалаштирилган ишлар ҳар томонлама таҳлил этилди. Буларнинг барчаси юртимиз тараққиётида муҳим аҳамиятга эга бўлса-да, илм-фан, таълим ва маданият соҳаларидаги ўзгаришлар, уларнинг моҳияти ва келажаги тўғрисидаги мулоҳазалар, энг аввало, эътиборимизни тортди.

Айниқса, мамлакатимизда Учинчи Ренессанс — янги уйғониш даврига тайёргарлик кўрилаётгани тўғрисида билдирилган фикрлар жуда чуқур маънога эга. Бинобарин, юртимизда амалга оширилаётган ва режалаштирилган ишларимизнинг салмоғи, илм-фан, таълим, маданият ва санъатимизни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган кўплаб дастурлар Ўзбекистоннинг ривожланишида сифат жиҳатдан мутлақо янги давр олдида турганимиздан далолат беради. Бу даврга билимларга асосланган иқтисодиёт, ахборот технологиялари ёки инновацион ривожланиш даври, деб турлича атамалар бериш мумкин. Лекин ушбу даврнинг моҳияти унинг халқчиллигида, давлатнинг келажак учун, халқ фаровонлигига хизмат қилишидан келиб чиқади.

Ушбу даврнинг кириб келиши аниқ мақсадли режалардан амалий саъй-ҳаракатларга, яъни сўнгги йилларда чуқур билимга эга ва буни турли соҳаларда қўллай оладиган малакали ёш кадрларни тайёрлашга боғлиқ. Айнан шу мақсадларда давлат раҳбари миллий таълим тизимимизни тубдан ислоҳ қилиш, умумтаълим мактабларида чуқур фундаменталь билимлар билан бир қаторда талабга эга бўлган аниқ касб-ҳунарга ўргатиш вазифасини қўйди. Бу тизим мактабни битираётган ёшларни олий ўқув муассасаларига кириш учун етарли билимларга эга бўлиш ёки тегишли ҳудудларда талабга эга бўлган касбий малака асосида иш билан таъминлаш имконини беради.

Шу ўринда қайд этиш керак, олий таълим муассасаларида ўқувчи ёшларнинг қамрови муттасил оширилиб, тўрт йилда 9 фоиздан 25 фоизгача етказилди ва бу кўрсаткични келгуси йилларда ҳам ошириб бориш устида ишланмоқда. Бунда мамлакатимиздаги олийгоҳларнинг қабул квоталарини кенгайтириш билан бир қаторда, муайян таж­рибага эга хорижий университетлар билан ҳамкорликда иқтисодиётимиз учун муҳим йўналишларда кадрлар тайёрлайдиган янги олий ўқув муассасалари ташкил этилаётгани муҳим омил бўлмоқда. Қувонарлиси, бундай ўқув даргоҳлари нафақат пойтахтимизда, балки бир қатор вилоятларда ҳам ташкил этиляпти.

Аҳолининг молиявий жиҳатдан турлича имкониятга эга қатлами вакилларига олий таълим олишга бирдек имкон бериш мақсадида уларга контракт тўловининг миқдори бўйича ҳам тегишли имтиёзлар берилмоқда, қиз бола ўқувчиларни олий таълим муассасаларига киришига эса тегишли квоталар жорий этилди. Бу чораларнинг ҳаммаси мамлакат иқтисодиётини қисқа вақтда билимли кадрлар билан тўла таъминлаш имконини беради.

Шу билан бирга, Ўзбекистон иқтисодиётини инновацион ривожлантириш, янги технологияларга асосланган ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва шу асосда, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулот бозорига кириб бориш биз учун муҳим вазифа бўлиб қолади. Ушбу жараён мамлакатимиз илмий-техникавий салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва шу орқали фундаментал ва амалий тадқиқотлар, инновацион ишланмалар кўлами ва натижадорлигини кескин оширишни тақозо этади.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган илмий тадқиқот ишларини юксак халқаро даражада ташкил этиш ва иқтисодиётимиздаги мавжуд техник ва технологик муаммоларни тезда ва самарали ҳал этиш мақсадида 2020 йилда мамлакат илмий-техникавий ривожланишининг устувор йўналишлари, деб математика, кимё-биология ва геология фанлари белгиланди. Ушбу йўналишларнинг барқарор ривожланиши учун барча зарур шарт-шароитлар ҳамда молиявий маблағлар ажратилди. Бу ишларнинг самарали натижаси сифатида Президентимиз нутқида келтирилган Ўзбекистон ҳудудида шу йил очилган 20 та янги кон ва 50 тонна олтин олиш мумкин бўлган янги захираларини келтириш кифоя.

Албатта, буларнинг барчаси Президентимиз ташаббуси билан бошланган ва аниқ стратегик режага эга кенг қамровли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар натижасидир. Уни изчил давом эттириш, Мустақиллик имкониятларини ҳаётга тўла татбиқ этиш ҳар биримизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди.

 Эркин ЗОҲИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Энг кўп ўқилган