Ер юзида коррупция пайдо бўлибдики, унга қарама-қарши кучлар ҳам мавжуд. Бугунга қадар ҳали бирор бир мамлакат бу офатни таг-туги билан йўқ қилолгани йўқ.

Бугун дунёнинг қатор давлатларида  коррупцияга қарши курашнинг умумэътироф этилган, халқаро тажрибаларда синалган усулларини қўллашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай халқаро усуллардан бири ISO 37001: 2016  – порахўрликка қарши бошқарув тизимидир.

ISO – International Organization for Standardization жумласининг қисқартмаси бўлиб, Халқаро стандартлаштириш ташкилотидир. Штаб-квартираси Женева шаҳри (Швейцария)да жойлашган бу йирик халқаро тузилма 1946 йилда ташкил топган. Иккита йирик ташкилот – Миллий стандартлаштириш уюшмалари халқаро федерацияси ва Халқаро стандартларни мувофиқлаштириш қўмитаси негизида вужудга келган бу тузилма 1947 йилдан тўлақонли иш бошлаган.

ISOнинг асосий вазифалари бутун дунёда халқаро товар ва хизмат айирбошлашни таъминлаш мақсадида стандартлаштириш, сертификатлаш ва фаолиятнинг аралаш турларини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик, шунингдек ақлий, илмий-техникавий ва иқтисодий соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришдан иборат. Инглиз, француз ва рус тиллари ташкилотнинг асосий тиллари саналади.

Мазкур ташкилотга 164 давлат аъзо бўлган. Ўзбекистон ҳам  1994 йилдан бери унинг аъзоси саналади. Ташкилот ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги муносабатларни Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги  мувофиқлаштириб туради.

Ҳозирга қадар ISO сертификатлари мамлакатимизда қатор ишлаб чиқариш корхоналари тизимида жорий қилинган. Зотан, халқаро стандартлаш тизими маҳсулотлар ва хизматларнинг халқаро майдондаги мақоми ва обрўсини оширади, кенг маънодаги ишонч ва талабни таъминлайди.

ISO 37001:2016 Коррупцияга қарши бошқарув тизими мазкур халқаро ташкилотнинг кенг миқёсда коррупцияга қарши курашда ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида жорий қилган лойиҳаларидан биридир. Бу механизм коррупция билан боғлиқ хатарларни бартараф этишга қаратилган. Ушбу стандарт ташкилотларга порахўрликка қарши тадбирларни ташкил этиш, амалга ошириш, қўллаб-қувватлаш ва кучайтиришга ёрдам беради.

Ушбу стандарт 2016 йилда Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (ISO) томонидан эълон қилинган. Стандарт коррупцияга қарши бошқарув тизимини (ABMS) жорий этиш, бошқариш, қўллаб-қувватлаш ва доимий равишда такомиллаштиришга қаратилган талабларни белгилайди, ташкилот ушбу стандарт талабларига риоя қилиш учун тегишли ҳаракатлар ва ёндашувларни амалга ошириш тўғрисида кўрсатма беради.

Стандарт ривожланган мамлакатларнинг расмий идоралари, нуфузли халқаро ташкилотларнинг кўрсатмаларига асосланган. ISO 37001 Коррупцияга қарши бошқарув тизими коррупциянинг олдини олиш ва аниқлаш бўйича бир қатор чора-тадбирларни ўз ичига олади. Коррупцияга қарши сиёсатни ишлаб чиқиш, коррупцияга қарши фаолият учун масъул шахсларни тайинлаш, ўқитиш, лойиҳалар ва бизнес шерикларини, шунингдек мавжуд хавф-хатарни ҳуқуқий баҳолаш, молиявий назорат, ҳисобот ва текширув тартибларини юритиш шулар жумласидан.

ISO 37001 стандарти давлат, хусусий ва нотижорат соҳаларда, мансабдор шахслар ва ташкилотларнинг ноқонуний манфаатларини кўзлайдиган хатти-ҳаракатлар, пора олди-бердиси ва унга воситачилик қилиш сингари салбий ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Ушбу сертификатни қўлга киритиш учун корхона ёки ташкилотдан коррупцияга қарши ички назорат ўрнатиш, раҳбар ва мутасаддиларнинг коррупцияга қарши бошқарув тизимидаги жавобгарлигини ошириш, ташкилотдаги ҳар бир ходимнинг бу масаладаги масъулиятини тушунтириш, коррупция билан боғлиқ қоидабузарликларга нисбатан тегишли чораларнинг мавжудлиги сингари хусусиятлар талаб этилади.

Бу тизим айни пайтга қадар дунёнинг қатор мамлакатларида синовдан ўтказилган. ISO 37001 стандарти, жумладан, Малайзияда Бош вазир Маҳатҳир Муҳаммад бошчилигидаги ҳукумат томонидан жорий қилинган. Янги тизим ҳам давлат, ҳам хусусий секторда кутилган натижаларни берган.

Бугунги кунда Буюк Британия, Италия, БАА, Перу, Сингапур, Хитой сингари мамлакатларнинг йирик ташкилот ва идоралари, таълим ва тадқиқот марказларида бу тизимдан муваффақиятли фойдаланилмоқда. Шунингдек, Microsoft ва Walmart сингари йирик компаниялар ҳам ISO 37001 сертификатига эга бўлиш ниятида эканлигини маълум қилган.

ISO 37001 стандартининг уни татбиқ этадиган ташкилотлар учун кўпгина афзалликлари мавжуд. Асосий мақсад коррупция туфайли юзага келадиган хавф-хатарни камайтиришдан иборат. Қисқаси, ISO 37001 Коррупцияга қарши бошқарув тизими коррупция билан боғлиқ харажатлар, хатарлар ва зарарларнинг олдини олиш ёки камайтириш, ташкилот обрўсини, унга нисбатан ишончни оширишга ёрдам беради. ISO 37001:2016 тизимини жорий қилишда ҳеч қандай таниш-билишчилик, кўзбўямачилик кетмайди. Фақат муайян идорада ушбу тизимнинг қонун-қоидалари жорий этилгани халқаро экспертлар иштирокида тасдиқланганидан кейингина ISO сертификати топширилади.

Бизда ҳам сўнгги йилларда коррупциянинг олдини олиш ва унинг оқибатларини бартаф этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. 2017 йил 3 январь куни “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” Қонун, 2019 йил 27 майда давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. 2020 йил 26 июнь куни Президент қарори билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унинг оқибатларини бартараф этишга қаратилган кенг қамровли саъй-ҳаракатлар йўлга қўйилганидан дарак.

Аммо, бизнинг давлат идораларимиз  ҳали-ҳануз  коррупция унсурларидан халос бўлолмаяпти. Халқаро миқёсдаги кўрсаткичларимиз ҳавас қиларли даражада эмас. Transparency International ташкилотининг 2020 йил 23 февралда  эълон қилинган рейтингида Ўзбекистон коррупцияга қарши курашиш кўрсаткичлари бўйича  180 мамлакат орасида 153 ўринда қайд этилган. Демак ҳамон бу борада дунё рейтингида охирги қаторларда бормоқдамиз.

Жорий йил бошида мамлакатимиз раҳбари Олий Мажлис палаталарига йўллаган Мурожаатномасида  айнан коррупцияни йўқотиш учун ҳар бир инсон “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланиши зарурлигини таъкидлаган эди. Аммо, афсуски, ҳали жамиятнинг  турли жабҳаларида коррупция, таниш-билишчилик, порахўрлик, тамаъгирлик сингари иллатларга дуч келяпмиз. Бир сўз билан айтганда, юртимизда бу иллат одамзод дунёга келганидан бошлаб то сўнгги манзилга йўл олгунига қадар “ҳамроҳлик” қилади.

Бу гап шунчаки пафос эмас. Тасаввур қилинг, чақалоқнинг дунёга келиши чоғида  туғруқхонадаги қўшимча “харажатлар”ни ким инкор эта олади? Ҳатто баъзида марҳумни сўнгги йўлга кузатиш ҳам   коррупциясиз амалга ошмайди. Яқинда  интернетда ўқидим. Пойтахтдаги ўликхоналардан бирининг масъул ходими коронавирус сабабли вафот этган марҳумнинг жасадини яқинларига тезроқ топшириш эвазига 200 доллар олаётиб қўлга тушибди. Очиғи, бундай ҳолатларни кўриб, эшитиб даҳшатга тушади одам.

Тўғри, давлат раҳбари фаолиятининг илк давридан бошлаб бу иллатнинг томирини қирқиш бўйича қатор кўрсатмалар бериб келаётир. Қарор,  фармон ва қонунлар,  давлат дастурлари, турли меъёрий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Шу пайтга қадар кўпгина идора ва ташкилотлар раҳбарлари “биз коррупцияга қарши курашда ундай қиламиз, бундай қиламиз” деб бонг уришмоқда. Бироқ, халқимиз “қуруқ қошиқ оғиз йиртар” деб бекорга айтмайди.

Бу борада қилинаётган ишлар халқаро ташкилотлар рейтингида ўз аксини топмас экан, дунёнинг турли мамлакатлари тажрибасида синалган ISO 37001: 2016 сингари бошқарув тизимлари, андозалар жорий қилинмас экан, бизда коррупциянинг таназзули ширин орзулигича қолиб кетаверади.

Хўш, юртимизда ушбу сертификатни қўлга киритишга лойиқ бирор вазирлик ёки ташкилот бормикин? Бор бўлса, нега ўртага чиқмаяпти? Агар улар кўпчилик бўлса, ким биринчи бўларкин? Майли, йиллар давомида мансаб курсисига ўрганиб, эски одатлар қон-қонигача сингиб кетган “раҳбар”ларнинг бу иллатга қарши курашиш учун қуввати ҳам, хоҳиши ҳам йўқдир? Давлатимиз раҳбари ишонч билдирган ёш раҳбарлар-чи? Ёки уларга ҳам бундай мақом ва эътирофнинг кераги йўқми?

                                                        Дилфуза Эргашева,

                                                        журналист

Энг кўп ўқилган