Ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама етук, баркамол инсонлар қилиб тарбиялашда ҳеч шубҳасиз мактаблардаги маънавий-маърифий ишларнинг роли катта. Шу жиҳатдан олиб қараганда Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли умумтаълим мактабларида олиб борилаётган ишлар диққатга сазовор.

Оҳангарон шаҳар халқ таълими бўлимида шу йилнинг 20 август куни “Сен — қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида 2020-2021 ўқув йили олдидан август кенгашининг ўқув семинари онлайн шаклда ўтказилди.. Ялпи йиғилишдан сўнг ҳар бир фанга тегишли  янгиликлар, ўзгаришлар юзасидан шўъбаларда иш олиб борилди. Мактаблардаги услубий бирлашма раҳбарларининг фикр-мулоҳазалари тингланди. Янги ўқув йилининг мақсад ва вазифалари белгилаб олинди. Асосий эътибор таълимга инновацион ғояларни олиб киришга қаратилди ва “Тарбия” фанининг жорий этилишига алоҳида тўхталиб ўтилди. Жамиятда ўқитувчи нуфузини оширишга барчани ҳамкорликка чақириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Оҳангарон шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли мактаб­ларда янги ўқув йилига тайёргарлик масаласи юзасидан халқ таълими бўлимининг дастури ишлаб чиқилган бўлиб, бугунги пандемия даврида Август кенгашини онлайн режимда ўтказиш ва қатор режа, йўл хариталарини яратиш кўзда тутилган эди. Ушбу масала юзасидан халқ таълими бўлими мудири Зуҳриддин Дехқоновнинг алоҳида ахбороти тингланди.

Мактабларнинг маънавий­-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарларининг янги ўқув йилида амалга оширадиган ишлар самарадорлигини ошириш бўйича тузган иш режалари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Кенгашнинг асосий мақсади ўқувчилар ўртасида жиноят, ҳуқуқбузарлик ва эрта туғуруқ ҳолатларининг олдини олишга қаратилди.  Ушбу мақсадни амалга оширишда “Оила, маҳалла ва таълим муассасаси” концепциясига асосан ҳамкорлик ишларини ишлаб чиқиш ва амалга тадбиқ этиш муҳим аҳамият касб этади. Янги ўқув йили пандемия туфайли онлайн режимда бошланса, ўқувчиларнинг онлайн дарсларини назорат қилиш, уй шароитларини ўрганиб, олдиндан уларга амалий ёрдам кўрсатиш учун тегишли ташкилотларга мурожаат қилиш керак. Чунки ҳар бир ўқувчи онлайн таълим олиши зарур. Мактаб маънавиятчилари ҳамда психологлари ҳамкорликда  ишлаб, муаммоли болаларга алоҳида эътибор қаратиши ва улар билан индивидуаль иш олиб бориш зарурлиги кенгашда алоҳида таъкидланди.

— Давлатимиз Мустақилликка эришганига 29 йил бўлди, — дейди Оҳангарон шаҳар ХТБ маънавий-маърифий ишлар ва болаларни ижтимоий ҳимоялаш шўъбаси мудири Чарос Йўлдошева. — Салкам 30 йил ичида айрим давлатлар кўп йиллар давомида эриша олмаган ютуқларга эришдик. Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлди. Бизнинг асосий мақсадимиз эса маънавиятни қайта тиклаш, миллий қадриятларимизни ҳамда буюк аждодларимизнинг унутилиб бораётган жавоҳирга тенг асарларини, маънавий ва маданий меросини халқимизга қайтариш йўлида янада жонбоз­лик кўрсатишдан иборат.

Шўъба мудири таъкидлаганидек, умумтаълим мактабларида тарбиянинг асосий негизини мактабдаги маънавий-маърифий ишлар ташкил этади. Агарда мактабни бир вужуд организм деб тасаввур қиладиган бўлсак, унинг боши директор бўлса, мактабнинг юраги, виждони маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари саналади. Чунки мактабнинг ички ҳолатини, яъни ўқувчиларнинг руҳий ва жисмоний аҳволини, муаммолари ва оилавий шароитини, хуллас, ҳамма-ҳаммасини психолог ва маънавиятчи жуда чуқур билиши лозим. Шунинг учун ҳам умумтаълим мактабларидаги таълим-тарбия­вий ишларнинг бош мезони маънавият эканлиги барчамизга маълум.

Ашурали  БОЙМУРОД

Энг кўп ўқилган