Сизга ҳам ҳар куни ёки кун ора телеграм тармоғидан "илтимосномалар", яъни шеър, ҳикоя ёки бирор видеога “лике” босиб юборинг, деган хабарлар келиб турса керак. Бу ҳол, менимча, ҳаммага таниш. Танловларни ўтказиш яхши, албатта, айниқса, карантин шароитида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда танловларнинг аҳамияти катта бўлди. Бу каби танловлар ёшларнинг истеъдодини юзага чиқаради, рағбатлантиради.

Кўпчилик бу танловларда катта қизиқиш билан қатнашмоқда. Хусусан, турли телеграм каналларида эълон қилинадиган ижодий танловлар, спорт, ҳунармандчилик, рассомлик ва рақс танловлари оммалашиб улгурди. Ижодий ишлари канал орқали эълон қилинган иштирокчилар “лике” йиғишлари керак бўлади. Ғолиблар ҳам шуларнинг сонига қараб аниқланади. Буни қанчалик ҳаққоний деб ҳисоблайсиз? Карантиндан олдинги танловларни эслайсизми? Уларда ҳеч қандай “лике” йиғиш шарт эмасди. Ғолиблар ҳакамлар ҳайъати томонидан аниқланарди. Ҳозир эса бечора иштирокчилар танишларига, танишларининг танишларига, танимаганларига, турли гуруҳларга “лике” сўраб, "илтимосномалар" йўллашга мажбур бўлмоқда. Иштирокчилар ижодий танловда эмас бир-бирлари билан ким ўзарга кўпроқ “лике” йиғиш ўйнаётгандек. “Лике” босаётган айримлар эса нимага босаётганини билмайди, ҳатто.

Мен ҳам шундай танловларнинг  бирида қатнашдим. Худди бошқалар сингари мен ҳам танишларимга илтимос хабарларини юбордим. Илтимосимнинг таъсири камроқми, билмадим, “лике”ларим ҳеч 50 тадан ошмади. Рақибларимники эса 400-500 дан ошган. Наҳотки, шунча танишлари бўлса, деб  ҳайронман. Кейин бир танишим шундай “лике” кўпайтириб берадиган хизмат борлиги ҳақида айтиб қолди. Қарасам, уддабурон тадбиркорлар чиндан ҳам шундай хизмат ташкил қилган экан. 100 та “лике” йиғиб бериш  20 минг сўмдан бошланар экан. Сони ошган сари пул миқдори ҳам шунга яраша ошиб борар экан. Гуруҳ маълумотлари билан танишиб, ўзимга ўзим “мана, ҳамма нарсани пулга сотиб олиш”, дедим. Ҳеч кимга “лике” сўраб сарғаймайдиган "истеъдодлилар" пулини тўлаб, ғолиб бўлаверар экан.

Обуначиси 300 кишига етмайдиган канал бирор танлов эълон қилиб оддий канал ҳам таниқли блогерларнинг  канали каби кенг аудиторияга эга бўлаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бу кўзбўямачилкдан бошқа нарса эмас. Танловда  иқтидорли ёшлар кўп. Ижодий ишлари ҳам ғолибликка арзийдиган даражада. Аммо “лике”ларига қарасангиз 30 тага ҳам етмайди. Шу 30 тани йиғиш учун ҳам қанча ҳаракат қилган. Шуми биз кутётган адолат?  Бу каби “лике”бозлик ижодкорнинг танловларга бўлган иштиёқини сўндириб  юборади.

Ҳурматли танловлар ташкилотчилари, танловингиз ҳаққоний бўлсин! Бунда ҳолис баҳоловчи ҳакамлар кўмагидан фойдалансангиз ҳақиқий  ғолиб­лар аниқланармиди!? Агар, жудаям “лике” тўплашга ишқибоз бўлсангиз, бу ишни  тузган ҳакамлар ҳайъатиингиздаги устоз­ларга топширинг! Шундагина  танловингизда алдов бўлмайди!

Донохон РЎЗИБОЕВА,

ЎзЖОКУ талабаси

Энг кўп ўқилган