Бу борадаги тартиб таомиллар бутунлай ўзгаради

Мамлакатимизда бугунги кунда имкон қадар халқимизнинг яшаш шароитларини яхшилаш, тадбиркорлар учун қулай имкониятлар яратиш, ишчи ва хизматчиларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, кейинги пайтларда лицензияланадиган фаолият турларини белгилаш, рухсатномаларни расмийлаштириш борасида янгиликлар жорий этиляпти. 

Жумладан, 270 га яқин лицензияланадиган фаолият йўналишлари ва тадбиркорлик соҳасидаги 140 та рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар атрофлича  таҳлил қилинди. Таҳлиллар маъмурий тартиб-таомиллардан ўтишда ҳанузгача бюрократик расмиятчиликка йўл қўйилаётгани, лицензия ва рухсатномалар бир-бирини такрорлаши, соҳада ахборот технологияларини жорий этиш талаб даражасида эмаслигини кўрсатди. Бу борадаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда ахборот технологияларни жорий этиш орқали уни тубдан ислоҳ қилиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга мувофиқ, амалга ошириладиган ўзгаришлар ҳақида кўп ва хўп ёзиш мумкин. Келинг аввал қанақа эди-ю, энди қандай бўлганини бир солиштириб кўрайлик.

Биринчидан, соҳага илк маротаба хабардор қилиш тартиби алоҳида институт сифатида жорий этилди. Хабарнома юборишда жисмоний ҳамда юридик шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган талаб ва шартларга риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олади ва уларнинг фаолияти белгиланган талабларга мувофиқ келишини ўзлари тасдиқлайди. Бунда фаолиятни бошлаш ёки ҳаракатни амалга ошириш учун ваколатли органларнинг ҳужжатларни кўриб чиқиб, қарор қабул қилишига ҳожат қолмайди.

Фармон билан 17 та лицензияланадиган фаолият йўналишлари ва 13 турдаги рухсатномалар хабардор қилиш механизмига ўтказилди. Хўш, бу нима дегани? Илгари мактабгача таълим муассасалари, ломбард, ветеринария даволаш муассасалари раҳбарлари, алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилувчи ташкилотлар иш фаолиятини бошлаши учун тегишли идораларга бир қучоқ ҳужжат олиб боришлари ва уларнинг рухсатномасини бир неча кун давомида илҳақ бўлиб кутишлари лозим эди.

Бундан уч-тўрт йил илгари чекка вилоятда яшайдиган бир танишим уйида болалар боғчаси очмоқчи бўлганди. У яшайдиган ҳудудда бирортаям мактабгача таълим муассасаси йўқ, ота-оналар ёш болаларини икки қишлоқ наридаги боғчага олиб боришар ёки уйда олиб ўтиришаркан. Айтишича, уйида боғча очиш учун ҳамма шароит бор экан. Агар унинг нияти амалга ошса, қишлоғидаги юзлаб болаларни тарбия­лаш имкони туғилади, камида 3-4 киши иш билан таъминади...

Орадан анча вақт ўтиб, “қалай, шларингиз битдими”, деб сўрасам, “йўқ, “югур-югур”, қоғозбозлик ишлари кўп экан, очиғи, ҳужжатли ишларни унча тушунмайман, шунинг учун бошқа иш билан шуғулланганим маъқул” деди. Кўряпсизми, бир кишининг хайрли нияти ана шу ортиқча расмиятчилик туфайли амалга ошмай қолди. Ким билсин, бу янгиликдан хабар топган бўлса, балки энди ниятини амалга оширар? Бундан буён ана шундай фаолият турлари билан шуғулланмоқчи бўлганлар ваколатли органларни шунчаки хабардор қилиб қўйишса, олам гулистон.

Иккинчидан, лицензияланадиган ва рухсатнома олиш талаб этиладиган фаолият йўналишлари сони сезиларли равишда қисқартирилди. Хусусан, инсон соғлиғига ва жамиятга зиён етказмайдиган фаолият турлари лицензиялашдан чиқариб ташланди ҳамда хавфлилик даражаси паст бўлган фаолият турлари тартибга солишнинг муқобил усулларига ўтказилди. Бунда “тартибга солиш гильотинаси” усулини қўллаш орқали айрим турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди.

Лицензия ва рухсат бериш характеридаги ҳужжатларни қисқартириш натижасида тадбиркорлик субъектлари йилига қарийб, 40 миллиард сўм тежаб қолиши мумкин. Масалан, юртимизда аудиторлик, баҳолаш, риэлторлик, фонограммаларни тайёрлаш, юкларни автомобиль транспортида шаҳарда, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро ташиш фаолияти билан шуғулланадиган хусусий корхоналар бор. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, бундай фаолият турлари билан шуғулланадиган корхоналар ҳеч кимнинг соғлиғига зиён етказмайди, жамиятга фойдаси бўлса, борки, асло зиёни йўқ. Ана шундай корхоналар учун энди алоҳида лицензиянинг кераги бўлмайди. Шунингдек, энди сиз ўз корхонангизга хориждан ишчи кучи жалб қилмоқчи бўлсангиз, алоҳида рухсатнома тўғирлаш учун сарсон бўлиб юрмайсиз. Ёхуд бирор тренажёр зали очмоқчи бўлсангиз, тренерлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлсангиз, бунинг учун ҳам рухсатноманинг кераги йўқ.

Учинчидан, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш жараёнлари тўлиқ электронлаштирилади. Агар сизнинг фаолиятингиз барибир лицензия ва рухсатнома олишни талаб қилса ҳам бунинг учун ортиқча қоғозбозлик, оворагирчилик, йўл харажатларини ўйлаб сиқилмасангиз бўлади. Қўлингиздаги смартфон, планшет ёки иш столингиз устидаги компьютер оғирингизни енгил қилади. Айни пайтда онлайн режимда ишлайдиган “Лицензия” ахборот тизими жорий этилади. Сиз барча талаб қилинадиган ҳужжатларни шу тизим орқали  юклайсиз. Тегишли мутасаддилар ҳужжатларингизни шу тизимда кўриб чиқишади, қисқа вақт ичида рухсатнома ва ҳужжатларингиз қўлингизга келиб тегади.

Бундан буёғига ваколатли органларга мурожаат қилиш, ҳужжатларни топшириш фақат электрон амалга оширилиши белгиланди. Энди тадбиркорни ортиқча ҳужжатларни тақдим этишга мажбурлашга чек қўйилади. Лицензия бериш учун бошқа идоранинг маълумотномаси ёки бошқа ҳужжати керак бўлса, тадбиркорга ҳеч ким “ўзинг топиб кел” деб шарт қўёлмайди. Яъни, бунақа ишларни ваколатли орган ходимининг ўзи ягона тизим орқали олади. Тадбиркордан фақат озроқ компьютер, ахборот технологияларидан хабардорлик талаб қилинади, холос.

Айтганча, энди сиз лицензия ва рухсатномаларни ҳам эскича, қоғоз кўринишида олмайсиз. Фармон бўйича бу ҳужжатлар энди сизга QR-код қўйилган электрон ҳужжатлар кўринишида тақдим этилади.

Бир тасаввур қилинг, дейлик, Сурхондарёнинг олис Узун туманида спорт клуби очмоқчи бўлган тадбиркор ўз ишини тартибга солиш учун неча марта Термизга, яна бир неча бор Тошкентга югуриши лозим эди. Қанча вақт, пул, асаб кетарди. Фақат бугина эмас, баъзан зарур ҳужжатни қўлга киритиш учун ё таниш-билишлар ё кимнингдир “томоғини мойлаш” керак бўларди. Энди-чи, тадбиркор ўзининг қишлоғидан, ҳатто, уйидан чиқмай туриб, барча ҳужжатларни ўтирган жойида расмийлаштира олади.

Тўртинчидан, фармон билан бизнес жараёнлари ва маъмурий тартибларнинг кенг кўламли енгиллаштирилиши кўзда тутилган. Лицензия талаб ва шартлари рақобатни чекловчи қоидаларни, яъни товар ва хизматлар бозорига кириб келишга тўсиқ бўлувчи омилларни қисқартириш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилди. Жумладан, 115 та лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш тартиб-тао­милларини янада қисқартириш ва соддалаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланди ҳамда 14 турдаги фаолият бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш муддатлари қисқартирилди.

Бешинчидан, ваколатли органлар ташаббуси билан лицензия ва рухсатномаларни бекор қилиш фақат суд тартибида амалга оширилади. Ҳа, энди тадбиркорнинг лицензия­си ёки рухсатномасини бекор қилишга унча-мунча органнинг “тиши” ўтмайди. Фақат судлардан бошқа. Албатта, суд ҳам аввал тадбиркор фаолиятини пухта ўрганиш, жиддий қонунбузарликка йўқ қўйилгани аниқланган тақдирда, асос­лар етарли бўлгандагина бу ҳужжатларни бекор қила олади. Акс ҳолда, судьянинг ўзи қонун олдида жавоб бериши мумкин.

Олтинчидан, давлат унитар корхоналари ва муассасалари томонидан фаолиятнинг лицензияланадиган турларини тегишли лицензияни олмасдан амалга ошириш ҳуқуқи бекор бўлди. Мазкур қоида давлат корхоналарини хусусий тадбиркорлардан устун қў­йишга, бозорда тенг бўлмаган шароитларнинг яратилишига, давлат корхоналарининг монопол мавқега эга бўлиб қолишига олиб келди. Шу билан бирга ушбу ташкилотларда лицензия талаб ва шартларга риоя этилиши устидан назорат амалга оширилмай қолиши каби салбий оқибатлар юзага келди. Фармонга кўра, қайд этилган ташкилотлар жорий йил охирига қадар тегишли лицензияни расмийлаштириш чораларини кўришлари лозим.

Еттинчидан, соҳага самарали жамоатчилик назорати механизмлари жорий этилди. Фуқаролар бирор-бир шахснинг муайян фаолият билан лицензиясиз, рухсатномасиз ёки хабарнома юбормасдан шуғулланаётганини ҳамда белгиланган талаб ва шартларни бузаётгани ҳолатларини аниқласа, бу тўғрисида тегишли ваколатли органларга хабар берса, ҳуқуқбузарлик ўз тасдиғини топган тақдирда ундирилган жариманинг 10 фои­зи миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Тўғри, бир қарашда сал ғалатироқ. Худди “чақимчилик”ка ўхшаб қолади. Лекин тасаввур қилинг: қўшнингиз алоҳида рухсатнома талаб қиладиган фаолият тури билан ноқонуний шуғулланяпти. Давлатга солиқ тўламаяпти. Чиқараётган маҳсулоти ҳам шубҳали. Сиз буни кўра-била туриб, бу ҳақда хабар бермасангиз, аввало, давлат ғазнасига, қолаверса, ўзингиз сингари инсонлар саломатлигига зарар етказган бўлиб қоласиз.

Шунингдек, ваколатли органлар томонидан қонун бузилиш ҳолатларини аниқлаб, хабар беришганда ҳам фуқаролар рағбатлантирилади. Нимаси ёмон? Сиз битта порахўр, ўз ишига нолойиқ, бюрократ одамга нисбатан чора кўрилишида иштирок этяпсиз.

Саккизинчидан, рухсат бериш тартиб-таомилларига доир муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликни тизимлаштириш, кодификациялаш ва норматив юкини қисқартириш чоралари кўрилади.

Бунда 20 йил аввал қабул қилинган “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги, шунингдек, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларни бирлаштириш орқали ягона қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

 

Рустам ЖАББОРОВ,

Адлия вазирлиги

масъул ходими

Энг кўп ўқилган