Одамларнинг икки хил тоифаси бор. Уларнинг бири нима қилмоқчи эканлиги ҳақида гапиришни хуш кўради. Иккинчи тоифа кишилар эса ортиқча сўзламай туриб, иш бажаришади. Шахсан мен кейинги тоифага мансуб бўлишни истардим. Кўпинча, ўйлайман: хўш, анчадан буён нималар қилишни истар эдиму қай бир юмушни ортга сурдим? Балки шу ишни охирига етказиб қўйиш учун биргина қадамнинг ўзи етарлидир? Шу қадамни ҳозир ташлашим керак. Кейинни кутмайман. Ишни ортга суриш учун баҳона қидирмайман. Менимча, инсон ана шундагина ўз-ўзини енгган, мақсад сари дадил одимни ташлаган бўлади. Биласизми, ҳар қандай мушкул иш бўлмасин, уни бажарганимдан сўнг нималарга қодир эканимни биламан ва ўзимга ишончим ортади, яна янги мақсадлар сари ҳаракат қила бошлайман.

* * *

Ҳа, бу ҳам ўзига хос бир услуб. Ўзим ҳам кучсиз, ожиз, қўлимдан ҳеч иш келмайдиган одамдек тушкун кайфиятга берилгудек бўлсам, бундан чиқиб кетиш учун аввалги ютуқларимга эътибор қаратаман. Бир пайтлар унга қандай эришган эдим? Шу хусусда ўйлайман. Ана шунда яна интилиш ҳисси пайдо бўлади. Омадсизликлар борасида эса ўтмишга қайтиб бўлмайди, албатта. Уларни унутиш керак. Бугундан янги одамга айланган маъқул. Оғир юкни елкадан тушириб ташлагач, порлоқ келажак ҳақида ўй суриш мумкин.

Танаффуснинг нафи

Психолог мутахассисларнинг фикрича, меҳнатга шўнғиб, чарчаганимиз сайин бизда мақсад сари интилиш ҳисси сусайиб боради. Уни тиклаш учун кичик танаффуслар зарур. Кун давомида ҳеч бўлмаса, ўн беш дақиқа ўзингизни бўш қўйишга ва дам олишга ҳаракат қилинг, дейишмоқда илмий тадқиқотчилар. Масалан, шаҳар кўчаларида ёки хиёбон бўйлаб сайр қилиш мумкин.

      

Юмушлар кўп...

Ишингиз кўпми? Уларни қориштириб юборинг: бирига ўттиз дақиқа ажратинг, кейин эса иккинчисига ўтинг. Бу сиздаги фаолликни таъминлайди ва ишдан зерикишнинг олдини олади.

Орзу билан яшайлик!

Ҳаётда ҳеч бир нарса бизни орзучалик олд­га томон ундай олмайди. Муҳими, у бизни руҳлантира олсин, реал ҳаётга мослашсин, шу билан бирга катта орзу бўлсин!

Ҳамфикрлар ҳам керак

Тўғри, мақсад сари интилиш ҳисси сўнса, ёқимсиз хаёллар чулғаб олса, киши ёлғиз ўзи қийналади. Шу боис яқин дўстлар, қариндошлар, ҳамфикрлардан нажот излаган маъқул. Улар билан кўпроқ вақт ўтказиш, ўй-фикрлари билан ўртоқлашиш, яна янги истакларга йўл очади.

Сувдаги ҳикмат

Организмнинг сувсизланиши киши руҳияти ва кайфиятига салбий таъсир қилади. Шу боис кўпроқ сув ичиш зарур. Илмий тадқиқотларда исботланишича, инсон ёши улғайгани сайин чанқаганини кам ҳис қиладиган бўлиб қолар экан. Ваҳоланки, организмда моддалар алмашинуви яхшиланиши, мия фаол ишлаши учун сув керак. Бежиз кунига 2 литр суюқлик ичиш керак, дейилмайди, ахир. Ёдда тутиш керакки, сувнинг ўрнини чой, қаҳва билан тўлдириб бўлмайди. Қайнатилган сув – энг яхшиси. Уни ҳар гал ҳўплаб ютаётганда ичингизни куч-қувват билан бойитаётгандек тасаввур қилинг, дейди психологлар.

Ҳилола ХОЛМИРЗАЕВА,

Яшнобод туманидаги

212-мактаб ўқитувчиси

Энг кўп ўқилган