Орамизда шундай феъл-атвор соҳиблари борки, қатъият билан мақсад сари илгарилаш ҳаёт мазмунига айланиб қолган. Руҳий чарчоқ, эринчоқлик, бугунги ишни эртага қолдириш каби одатлар уларга бегона. Бундай шижоатни, куч ола билишни ўғил-қизларга ҳам болаликданоқ сингдириб бориш лозим.

Аслида-ку, юқорида санаб ўтилган ҳолат ҳаммада ҳам юз бериши табиий. Кунларнинг бирида эрталаб уйғонамиз-у, ҳеч нима қилгимиз, ҳеч ерга боргимиз, ҳеч ким билан сўзлашгимиз келмайди. Бу тушкунлик ҳиссини уйғотиши табиий. Ушбу ҳолатдан қандай чиқиб кетиш мумкин? Бугун шу хусусдаги фикрларни билмоқчимиз.

Жаҳонга таниқли бизнес-эксперт – Харв Экернинг “Миллионер каби фикрланг” номли китобида ёзилишича:

“Ғайратли, мақсади қатъий киши ҳамиша ишининг маҳсулини кўради. Бу ҳаммага маълум ҳақиқат, аммо шундай бўлса-да, ҳар доим ҳам ўзимизни енгиб, керакли юмуш билан банд бўлишга кучимиз етавермайди. Энг ёмони, миянинг “дам олиш истаги”ни доим қондираверсак, бора-бора мақсадсизлик ҳисси юзага келади. Бунинг олдини олиш учун келинг, келажак ҳақида ўйлаб кўрамиз. Яъни шу кетиш бўлса, нималарни бой беришимиз мумкин? Омадсизлик, умидсизлик, тушкунлик, пулсизлик, ишончсизлик... Хуллас, келгусида буларнинг бари ҳаётимизни издан чиқариши тайин. Бунга рози бўлармидингиз?

Билсангиз, бу ҳолга тушиб қолганларнинг ҳеч бири касбини севмайди. Ҳар куни бир хил ҳаёт, бир хил иш, эрталаб туриш керак бўлгани учун, ишга бориш шарт бўлгани учунгина бориш... Бу улар учун оддий ҳолга, доимий ҳаёт тарзига айланган. Аслида эса киши доим ўзи учун қизиқарли, завқли, кўнглига хуш келадиган машғулотларни топишга, улар билан чалғишга ҳаракат қилиши керак. Энг аввало, нимани хоҳлашингиз, қандай яшашни истаётганингиз ҳақида ўйланг. Кейин эса бор куч-ғайратингизни ўша мақсад сари йўналтирасиз. Унутманг, сиз бунга қодирсиз!”

Дарҳақиқат, ҳаётимиздаги ўзгаришлар ўз-ўзидан содир бўлиб қолмайди. Инсон руҳан тайёр бўлиши, янги манзил сари биринчи қадамни ташлаши керак.

– Муайян бир мақсадга эришиш учун ҳаракат бошламоқчи бўлсангиз, яхшиси, аниқ бир кунни белгилаб олинг, – дейди психолог ҳамкасбим. – Дейлик,  тақвимдаги бирор санани қизил қалам билан бўяб қўйсангиз, ҳар куни ўша белгига кўзингиз тушади ва сиз ўз-ўзидан руҳий тайёргарлик босқичига ўтасиз. Ўзингизни ишонтиринг: шу кун менинг ҳаётимга ўзгаришлар олиб келади. Майли, бунинг учун бир, икки, уч ҳафта, бир ой ўтсин, муҳими, шу сана ҳаётимдаги буткул янги босқични бош­лаб беради! Унутманг, ички ишонч, аниқ мақсад сари дадил одимлаш бизни муваффақиятга етакловчи энг асосий омилдир.    

Шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, кундалик бир хил ҳаёт бизни зериктиради, руҳан чарчаймиз, куч-қувватимизни камайтириб боради. Ҳеч эътибор берганмисиз, узоқ йиллар бир соҳада ишлаган одамни “қотиб қолган”, “изланишни истамайди” дея таърифлашади. Бу бежиз эмас. Зеро, бир хиллик инсондаги қизиқиш, интилиш ва истакни сўндиради. Шу маънода ишимизга ўзгартириш киритишдан чўчимаслигимиз керак.

— Кун тартибим ранг-баранг бўлишини истайман, – дейди ёш тадбиркор Бобур Дўстметов. — Доим янги маълумотлар манбаини қидираман, қизиқиш­ларимни бойи­тиб борсам, дейман. Вақти-вақти билан ишдан  чалғиб, тренажёр ва сузиш машқларига қатнайман. Офисимиз кўп қаватли бинода жойлашган. Баъзан иш кўпайиб кетса ва спорт машғулотига бора олмасам,  кун бўйи бир ерда уйқусираб ўтиришдан қочаман. Сал карахтлик сездимми, дарров зиналардан 5-6 қават пастга тушиб-чиқаман. Ана шунда организм энергия билан таъминланади, яна ишга иштиёқ пайдо бўлади. Бу маслаҳатни менга фитнес-мураббийим берган. Унинг айтишича, ҳаракатсизлик миянинг фаоллигини пасайтириб, уни уйқуга, дам олишга ундар экан. Жисмоний ҳаракат эса кишининг ўзига бўлган ишонч ҳиссини мустаҳкамлайди, кайфиятни кўтаради, мақсад сари интилишга ундайди. Менимча ҳам бу жуда тўғри фикр.

Ҳаётий қизиқишларимиз сўнишига яна бир жиддий сабаб бор. У ҳам бўлса, бугунги шовқинли дунё: оила ташвиш­лари, идорадаги қалашиб ётган юмушлар, ижтимоий тармоқлар, телефон, хуллас, буларнинг бари бизни асосий мақсаддан чалғитади, вақтимизни ўғирлайди. Шу боис ҳам мақсадни хаёлдан қочирмаслик керак. Зеро, салоҳиятимиз, келажакка бўлган ишонч ва интилишларимизни кучайтирмасак, мақсад ўз-ўзидан йўққа чиқиб бораверади. Демак, бора-бора ҳаётимизда маъно қолмайди.

Адиба РАҲИМОВА,

Тошкент шаҳридаги

216-мактаб ўқитувчиси

Энг кўп ўқилган