Замон имкониятлари туфайли ёшларимиз турли соҳаларда қобилият ва истеъдодларини намоён этмоқдалар. Эришилаётган натижалар қувонарли. Лекин...

Давлат тили тўғрисидаги қонунимиз қабул қилинганига ўттиз йилдан ошди. Аммо унинг талаблари бажарилиши бўйича ҳалигача кўпгина муаммоларимиз бор. Жумладан, идораларимиз ҳаётининг асосий озуқаси бўлмиш иш қоғозларининг тахминан ярми ҳанузгача русчада қўлланаётгани ва ҳоказо. Айрим МДҲ давлатларидаги сингари давлат тили иккита бўладими, деган саволга қатъий жавоб йўлидаги саъй­-ҳаракатларимиз охир-оқибат натижасини бериши керак: давлат тили ягона бўлади, унинг салоҳияти, залвори ўз ўрнига эга бўлиши лозим. Ёки бошқача айтганда, кундалик ҳаётимиз, иш юритувларимизда тўлиқ ўз давлат тилимиз, ўзбек тилига ўтишга эришишимиз шарт.

Шу билан бу гапга нуқта қўямиз, ҳозир фикрлашмоқчи бўлганим эса шунга тааллуқли туюлса-да, мутлақо бошқа нарса: рус тилини ўрганишга эътибор масаласи.

Мамлакатимизда икки тил: рус ва тожик тиллари чет тили ҳисобланмайди. Чунки бу тилларда сўзлашувчилар халқимиз орасида кўпчиликни ташкил қилади. Истаймизми, йўқми, бунга муносабатимиз қандай бўлишидан қатъий назар, мавжуд ҳаётий воқелигимиз шундайки, маълум сабабларга кўра, рус тили ҳаётимизда чуқур сингиб кетган. Телекўрсатувларнинг салмоқли қисми дейсизми, компьютер деярли тўлиқ, телефонлар ҳам шу жумладан, деса бўлади, асосан русча “сўзлашади”.

Кейинги йилларда энг асосий дунё тили бўлмиш инглиз тилини ўрганишда муваффақиятлар кўзга ташланаётганлиги қувончлидир. Биз бугунги кексаларнинг ёшлик вақтларимизда чет тили билим даргоҳларидаги эътибордан бироз четдаги, яъни муҳим бўлмаган фанлардан бири ҳисобланарди. Биз яшайдиган томонларда асосан немис, озроқ инглиз, жуда кам миқдорда айрим бошқа Европа тилларини мактабда ўрганиш ҳоллари учрарди-ю, ўқувчилар ўша тилда ушоққина луғат бойлигию фақат айрим ибораларнигина биладиган ҳолда мактабни битириб, уларни ҳам аста-секин деярли тўлиқ унутиб юборардилар.

Бугун хорижий тилларни ўрганиш вазиятлари бошқача: ҳам замон техникасию технологиялар (аммо булар илгари ҳам ўз маълум даражаси билан мавжуд бўлганки, муҳими бу эмас) ҳам асосий фанлардан бири сифатида алоҳида эътиборга олиниши боис (бу эса муҳим!)  ўқувчи ёшларимиз орасида хорижий тилда озчиликни ташкил этса-да, бурро-бурро, деярли эркин сўзлаша оладиган, оз-моз сўзлашиб, ҳар ҳолда фикр алмаша оладиган ёшлар эса кўпчиликни ташкил этадиган бўлиб қолди.

Мактабдаги айрим ўғил-қизларнинг инглиз тилидан эришаётган муваффақиятларидан қувониб, суҳбатларга тортишда баъзан уларнинг русчани билиши қай даражада эканлигига ҳам қизиқиш зоҳир этаман. Бунда кўпинча афсусли ҳолатларнинг гувоҳи бўламан, инглизчада айрим саволларимга жавоб бера олган, ўзи ҳақида оз-моз сўзлаб берган ўқувчи русчадан деярли “ноль” бўлиб чиқади!

Сабабини эса англаш қийин эмас: бунга муносабат масаласи! Анча йиллик муаллимлик фаолиятимда кўп марта гувоҳи бўлганман: ота-оналар фарзанд­ларининг инглиз тилини яхши ўрганишини хоҳлашади, бунда эришаётган муваффақиятларидан хурсанд. Ўзим она тили ва адабиёт ўқитувчиси бўлсам-да, болаларнинг бошқа тилларни ўрганишига қизиқиб тураман (ахир, барибир “тилчи”ман-да!), русчани ўрганиши негадир сустлигини айтсам, “Эй... – деб қўл силташади, – русча муҳим эмас, давлат тилига ўтаяпмиз, инглизчани ўргансин!..”

Замон эришувларига мисоллардан бири: хорижий тилларни чуқур биладиган, бу борада катта муваффақиятларга эришаётган ёшлар кўп. Собиқ ўқувчиларим ёки таниган-билганим — ёшлардан бир нечтасини шунга мисол қилиб кўрсатишим мумкин. Ўшалардан айримлари билан қилган суҳбатларимда юқорида келтирилган ҳолатнинг гувоҳи бўлдим: инглиз, араб тилларидан салмоқли натижаларга эришаётган ёшгина йигитлар ўзларининг айтишича “русчадан унчалик эмас...”

Шўролар давридаги ёшлик чоғларимизда ҳарбий хизматга жўнаётганимда устозларимдан бири насиҳат қилди: “Умрингни бекор ўтказма, вақтдан, вазиятдан унумли фойдалан: тилни иложи борича яхшироқ ўрганишга ҳаракат қил. У ёқда бунга имконият бўлади..”

Ҳам устоз ўгити, ҳам ўз қизиқиш йўналишимнинг айни муддаоси бўлиши боис, бунга риоя қилдим. Тез орада ўзимга, тенгдош, бу борада яхшигина устоз ҳам топиб олдим. Дўстим Игорь Орёл ҳар томонлама истеъдодли йигит эди: батальонимизнинг тўрт кишилик вокал-чолғу ансамблида гитара билан ажойиб қўшиқлар айтар, адабиёт ва санъат билимдони, кенг қамровли илмлар соҳиби эди. Ёш бўлса-да, ҳаваскорлик театрларидаги фаолияти ҳақида ҳам қизиқарли воқеаларни тез-тез ҳикоя қилиб турарди.   

У ҳам, ҳозир эсимда йўқ, мен каби қайсидир олий ўқув юртида сиртдан таълим олар, адабиёт, айниқса, шеъриятнинг ашаддий мухлиси эди. Унинг ташаббуси ва бошчилигида аскарлик хизмати даврида бир неча машҳур шоирнинг таваллуд саналарини имкон қадар тайёргарлик кўриш билан нишонлаган эдик.

Баъзан рус тилидаги айрим сўзлар маъноси, баъзи грамматик қоидалар ҳақида сўраб қолсам, у синчиклаб, яхшилаб, турли мисоллар келтириш билан мароқли тушунтирарди...

Кунлардан бир кун ўша кўп йиллар илгариги собиқ дўстим ҳақида маълумотлар топиш илинжида интернетга мурожаат қилсам... Россиянинг Краснодар ўлкаси Тихорецк районидан чиққан таниқли санъаткор, ажойиб истеъдоди намуналари билан кўплаб мухлисларини топган, жумладан, ўз қўшиқлари билан 2001 йилда Москва шаҳрида бўлиб ўтган  “Эти люди сильнее огня” (Бу инсонлар оловдан кучли) Бутунроссия фестивалида “Гран При” ва учинчи мукофот соҳиби бўлган Игорь Орёл бундан уч йил муқаддам 57 ёшида оламдан ўтган экан. Худо раҳмат қилсин, жуда яхши йигит эди...

Собиқ Самарқанд давлат педагогика институти ўзбек тили ва адабиёти факультетида сиртдан ўқиш жараёнимизда, одатда, фанлардан бериладиган назорат ишларини бажаришда айрим қийин саволлар жавобини мавжуд қўлланмалардан топа олмасам, туманимиз марказий кутубхонаси ёки вилоятимиз марказидаги Пушкин номидаги кутубхона қироатхонасига бориб, муаммоларни ҳал қилардим. Олтмишдан ортиқ жилдга эга бўлган “Большая Советская Энциклопедия”дан деярли ҳар қандай саволга жавобни топиш мумкин эди. Уларни таржима қилиш эса менга қийинчилик туғдирмасди, бу бўйича ўша вақтлардаёқ тажриба ҳосил қилаётган эдим...

Шуни таъкидламоқчиманки, давлат тилимизнинг салоҳиятини оширишга интилишимиз бошқа тилларни ўрганиш заруратини асло сусайтирмайди. Жаҳон тиллари ҳисобланадиган олти тил катта аҳамиятга молик бўлиб, дунёнинг қарийб ярмида нафақат шу халқнинг, балки бутун жаҳоннинг адабиёти, санъати, деярли барча фанлари бўйича салмоқли билим ва маълумотлар захиралари мавжуд.

 Мустақиллигимиздан илгариги йиллар, балки кейин ҳам анча давом этган ҳолат: хорижий илм, адабиёт намуналарини оралиқ тил, русча таржимасидан қайта ўгириш ҳолатидан аста секин воз кечилмоқда. Тўғридан-тўғри ўзбекчалаштираётган тилмочларимиз сони тобора кўпаймоқда. Бинобарин, бунинг аксича, ўз халқимизга  мансуб асарларни бошқа тилларга ўгириш воситасида жаҳон миқёсига чиқишга интилишларимиз ошаётганлиги ҳам қувончлидир.

Ҳусниддин ФАЙЁЗОВ

Энг кўп ўқилган