2019 йил 8 январь. Шу куни мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётида муҳим воқеа содир бўлди. Шу куни мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи марта экологик барқарорликни таъминлаш йўлида янги сиёсий куч, Ўзбекистон Экологик партияси таъсис этилди.

Хўш, янги партияга қай даражада эҳтиёж бор эди ёки бу партия энди жамиятга нима беради, деган ҳақли саволлар туғилиши табиий. Ушбу саволларга бугунги тобора чуқурлашиб бораётган экологик вазият, табиатдаги жиддий ўзгаришлар сабабли содир бўлаётган ҳалокатли воқеа-ҳодисаларни мисол келтириш мумкин.

Бунинг яна бир муҳим жиҳати борки, бунга атрофлича тўхталиб ўтишни мақсадга мувофиқ деб биламан: 2008 йил 2 август куни Ўзбекистон экологик ҳаракати ташкил топган эди. Айни пайт­гача у ўзининг мақсад ва вазифаларини тўла амалга оширди. Лекин орадан шунча вақт ўтиб, табиатда ҳам, жамиятда ҳам қанчадан-қанча ўзгариш­лар содир бўлди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган жиддий ислоҳотлар, жамиятнинг барча институтларига янги-янги вазифаларни қўймоқда. Бу вазифаларни амалга ошириш учун янгича ёндашув, янги куч талаб этилади. Бу борада янги партиянинг ташкил этилгани бежиз эмас.

Бугун мазкур партия барча ҳудудларда ўзининг бошланғич ташкилотларини шакллантириб, ҳам ижтимоий, ҳам сиёсий куч сифатида фаолият олиб бормоқда. Ангрен шаҳар партия ташкилоти ҳам айни пайтда ўзининг 2020 йилга мўлжалланган дастурий вазифаларини самарали амалга оширишга йўналтирилган асосий ташкилий-ҳуқуқий, назорат-таҳлил ва бошқа йўналишлардаги ҳаракатларини бош­лаб юборган.

Шаҳарда яхлит ҳолда экологик муҳит ҳолатини аниқлаш, экологик муаммоларни ҳал этишга қаратилган дастур ва ҳаракат стратегиясини белгилаш ҳамда амалган ошириш юзасидан сиёсий ташаббусларни ишлаб  чиқиш, амалга ошириш юзасидан давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган.

Ўтган давр мобайнида Ангрен шаҳридаги “Кимёгар”, “Ёшлик”, “Истиқлол”, “Нурчи”, “Кўктерак” маҳалла фуқаролар йиғинларида экологик муҳитни аниқлаш ва муаммоларни ҳал этишга қаратилган давра сухбатлари ўтказилди. Ҳудудлар ўз вақтида назоратга олиниб, тозалаш-таъмирлаш, ноқонуний ахлатхоналар бартараф этилиб, унинг муқобил ўринлари яратилди.

Экологик сиёсатнинг устуворлигига эришиш, нафақат экологик, балки барча соҳалардаги муаммоларнинг оқибатлари билан эмас, уларнинг келиб чиқиш сабаблари билан курашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишларида барчани бирлаштириш, экологик масъулиятни ошириш орқали экологик барқарор жамият қуришда фаол иштирок этиш мақсадида Ангрен шаҳар партия ташкилоти томонидан ҳудуддаги академик лицей, коллеж ўқувчилари билан “Экологик хавфсизлик Ўзбекистон миллий хавфсизлигининг ажралмас қисмидир” мавзусида давра суҳбатлари ташкил  этилди. Айни пайтда тадбирлар ўз самарасини бериб, кўнгилли ўқувчилардан тузилган гуруҳлар ташкил этилди. Улар навбати билан ҳафтанинг белгиланган кунларида “Тозалик куни”да иштирок этиб келмоқда.  

Партия ташкилоти ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги Ангрен шаҳар назорати инспекцияси ҳамкорлигида маҳалла фаоллари билан бирга қилинаётган ташаббус ўзининг муқим самарасини бера бошлади. Ҳатто эътибордан четда қолган қаровсиз бинолару участкаларда ҳам тозалик тадбирлари ўтказилмоқда. Партия ташкил этилгандан буён табдирлар ташкиллаштиришдаги муаммоларимиз тугади. Тадбиркорлар билан келишувларимиз жадаллашди. Ҳокимият билан муносабатларимиз ўз йўлига тушди. Чунки эндиликда фаолиятимизни сиё­сий куч сифатида олиб бормоқдамиз.

Маҳалла ўзимизники, шаҳар ўзимизники, юрт ўзимизники. Шундай экан, унинг тозалигига, ҳавоси мусаффолигига ҳам ўзимиз жавобгармиз. Чунки унинг фойдаси баробарида зарарини ҳам фақатгина ўзимиз кўрамиз. Мамлакатимизнинг барча гўшаларида мана шундай ҳамжиҳатлик бўлса, экологик муаммолардан мумкин қадар эртароқ қутулардик!

Ойбек ҚОРАҚУЛОВ,

Ўзбекистон Экологик партияси

Ангрен шаҳар партия

ташкилоти раиси

Энг кўп ўқилган