Пойтахтимизда 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш соҳасида Миллий мақсадлар ҳамда Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фондининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳолати бўйича жамоатчилик эшитуви ташкил этилди.

Видеоконференция шакл­ида ўтказилган жамоатчилик эшитуви Ўзбекистон Экологик партияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси, Ўзбекистон экологик ҳаракати, "Логос" ННТ, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), Конрад Аденауер жамғармасининг Марказий Осиё минтақавий ваколатхонаси, Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг Ўзбекистондаги филиали, ОҚХЖ Ўзбекистондаги агентлиги, Халқаро сув менежменти институти (IWМI), Марказий Осиё ва Кавказ Глобал сув ҳамкорлиги ташкилоти  иштирокида ташкил этилди.

Тадбирда қайд этилганидек, 1972 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти  Бош ассамблеясининг 27-сессия­сида атроф-муҳит муаммоларига дунё ҳамжамияти эътиборини жалб қилиш мақсадида 5 июнь — Бутунжаҳон атроф-муҳит куни деб эълон қилинган. Ҳар йили дунё бўйлаб ушбу кунда оммавий "яшил" акциялар, концертлар ва танловлар, илмий, амалий ва маърифий тадбирлар ўтказилиши анъанага айланган. Бироқ бу йил коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият туфайли бундай  тадбирлар  онлайн виртуал тарзда амалга оширилмоқда.

Маърузачилар барқарор ривожланиш учун сув ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, мавжудларини эса санитария ҳолатини яхшилашни таъминлаш,  иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига қарши шошилинч чоралар кўриш, ер экотизимларини ҳимоя қилиш ҳамда тиклаш ва улардан оқилона фойдаланиш, ўрмонларни барқарор бошқариш, чўлланишга қарши курашиш, ерларнинг деградацияга учраши ва биологик хилма-хилликни қисқариши жараёнини камайтиришга киришиш лозимлигини алоҳида қайд этишди. Бу йўналишдаги ишларни самарали амалга оширилишини таъминлашнинг бош мезони давлат ва жамоат ташкилотлари, халқаро ташкилотларнинг ҳамжиҳатликдаги сайъ­-ҳаракатлари билан ўзаро яқин алоқаларни йўлга қўйишдир.

Ушбу мақсадлар Ўзбекистон Экологик партияси ва унинг парламентдаги депутатлик фракциясининг асосий дастурий мақсадларидан ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси режалари, Ўзбекистон экологик ҳаракати ва экология йўналишидаги бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларининг мақсадларига ҳам ҳамоҳанг.

Шунингдек, жамоатчилик эшитуви иштирокчилари Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фонди фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича "Йўл харитаси"нинг амалга оширилиши жамоатчилик мониторинги билан боғлиқ масалаларни ҳам муҳокама қилишди.

Траст фондининг фаолияти ва мазкур фонд томонидан Оролбўйида амалга оширилаётган лойиҳалари 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш мақсадларининг  6, 13 ва 15-мақсадлари бўйича  аниқ натижаларга эришишга қаратилган.

Анъанага кўра, экологик муаммолар, табиий ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва экологик тоза, ресурс тежамкор, энергия манбааларидан ҳамда сувни тежаш технологияларидан фаол фойдаланиш борасидаги янгиликларни ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ёритиб келаётган фаол журналистлар ҳомий ташкилотлар томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ўзбекистон Экологик партияси

Матбуот хизмати.

 

Энг кўп ўқилган