Биз ҳушёрхонада танишдик. Кейин бир ҳафтада икки-уч кўришар, тўғрироғи улфатчилик қилардик. Унинг кўриниши хароб, меники эса ҳаддан ташқари ҳашаматли эди. Аммо ҳозир кўринишимиз ҳақида гапирмоқчи эмасман, шунчаки ундан эшитганларимни қоғозга туширмоқчиман.

У бозорда яшарди ва шу ерда тунарди. Топилса, бирорта хона топилмаса, бозор дарвозасининг тагида, пана-пастқамда ҳам мизғиб қолиши мумкин. Халқ тили билан айтганда уни савдойи, дарвеш ёки лўнда қилиб “бомж” дейиш мумкин.

Унинг юзи гўштпамидорни эслатарди. Бу унинг ички аъзолари меъёрда ишламаётганини билдирса-да, атрофдагилар бир-бирига: “Манави сатанг нима еб семираркан-а?”, деб шивир-шивир қиларди.

—      Мен болалар уйида дунё­ни таниганман, — деди у, бозор четидаги чивинга тўла тамаддихонада. — Сўнг зерикарли кунларнинг бирида, мени асраб олишди. Янги оилам жуда яхши одамлар бўлиб, жамиятда ҳам ўз ўрнига эга экан. Отам ҳайдовчи, онам уй бекаси эди. Улар фарзандли бўлмаганидан бола асраб олишга қарор қилишган. Уларнинг ҳовлиси яъни ҳовлимиз шаҳарнинг четида жойлашган эди. Мен кунига беш чақирим наридаги мактабга қатнардим. Синфдошларимнинг орасида менга нисбатан узунқулоқ гап­лар кўп бўларди ва бунга жавобан, кимнингдир ёқасини йиртиб, кимнингдир бурнини қонатардим, сўнг ўқитувчилар хонасида бетимни без қилиб тураверардим.

Отам узоқ йўлга қатнагани боис уйда кам бўларди. Бир куни “қулоқсиз”лигимдан хабар топиб, қўлимга кетмонни бердида, томорқани чопиб чиқишни буюрди. Томорқамиз унча катта эмас, лекин оғир меҳнат қилмаганим учун ҳамда жуссам кичиклигидан кетмонни ҳар кўтариб ерга туширганимда инграб юборишимга оз қоларди. Аммо отам то бутун томорқани ағдариб бўлмагунимча бошимда турди. Кечга бориб ҳолдан тойдим, бироқ ишни якунига етказдим. Шунда отам “Кимдандир хафа бўлсанг, кучингни кетмонга кўрсат!” деди-ю, уйга кириб кетди. Аммо мен бу насиҳатни тез унутиб юбордим, чунки...

Кунлар ўтаверди, спортга қизиқишим боис отам спорт мактабига берди, сўнг уларга раҳмат тариқасида жавонимни ҳар хил ёрлиқлару медалларга тўлдириб ташладим. Барибир ташландиқ эканингни эслатувчилар топилар ҳамда моҳия­тинггача сингиб кетган аламзадалик йўқолмас экан. Мени дунёга келтирганларни ўйласам, ваҳшийлашиб кетардим. Спорт мусобақаларида менинг ғалабаларимни ўша ваҳшийлик таъминлаб берарди.

Оила қурдим, аёлим эсли-ҳушли эди. Бундан-да юксак ғалабалар ҳақида ўйлардим, ўз устимда тинимсиз ишлар ва чет элма-чет эл мусобақаларда юрардим, бу орада ўғилли бўлдим. Уни биринчи марта кўрганимда дунёдаги энг бахт­ли одам эканимни англадим. Унинг сочлари сояда кўкарган нимжон майсага, кўзлари эса бир жуфт юлдузчага ўхшарди.

Мен бундай бахтдан сармаст бўлиб, яна ва яна кўпроқ жанг олиб бордим. Рақибни ҳеч қачон бегона деб билмасдим, аксинча, у ўша менинг дунёга келишимга сабабчи бўлиб, сўнг қилган ишига жавоб бермай жуфтакни ростлаган номарднинг сояси эди.

Унинг кўзалари бежо бўлиб кетди, сўнг стол устидаги пиё­лани қўлига олиб айлантирди-да, “қуймайсанми шоир!”, деди изтеҳзо билан жилмайиб. Мен унинг ёнига боришга бораман-у, кесатиқларини қабул қилолмайман. Ваҳоланки, ўзимча, мен шоҳ у гадо, лекин у шоҳдек тую­ларди, мендан кибр­лироқ кўринарди...

Кўзини чирт юмиб пиёлани сипқорди. Атрофга аланглаб “каламушлар кўринмайдими?” деб шивирлади.

—      Хуллас, падарига лаънат ҳаммасини, — деб гапида давом этарди. — Қаровсиз қолган ўғлим бешинчи қаватдан йиқилиб нобуд бўлди. Буни телефон орқали эшитдим, самолёт билан Ўзбекистонга келдим. Аза ва бошқа маросимларни кутмасдан, “бефаросат” хотиннинг жавобини бердим. Кўзимга ҳеч нарса кўринмади. Мен ўзимни ўша, номард отанинг ҳақиқий давомчиси каби сеза бошладим. Яна бир-икки мусобақада қатнашган бўлдим-у, аммо ўлгудай калтаклашди.

У жим бўлиб қолди. Узоқ жим бўлди. Бу орада бир аёл кириб, кайфи ошиб қолган эрини ҳақоратлаб кетишга ва тамаддихонанинг хўжайини бу хароб эркакни ташқарига судраб чиқиб, кетига мўлжаллаб тепишга ҳам улгурди.

—      Кейин нима бўлди? — дедим, тамаки тутатиб ва унга узатарканман.

—      Кўриб тураганинг... — деди оғзига тамакини қистираркан.

 У билан то Самарқандни тарк этгунимча кўришиб турдим. У учун мен энг катта шоир эдим, мен учун у энг ёлғиз одам. Уни кўрганимда кимсасиз дунё­га келиб, яна шу йўсинда кетиб бораётган боқий дарбадарни эслардим.

Бу бир хотира, буни эслашимга сабаб:

Ишдан чарчаб, ўз хаёлларимга кўмилиб, уйга қайтаётганимда бир “бомж”га дуч келдим-у, “Ассалому алайкум!”, дедим, дона-дона қилиб.

У эса алик олишни ҳам, олмасликни ҳам билмай, қаққа­йиб туриб қолди. Мен йўлимда давом этдим, у эса ўша ерда тўхтаб қолди. Ортимдан узоқ термилди. Ўзининг кийимини тузатган бўлди, аммо бу бефойда эканини ўзи ҳам яхши биларди. Мен йўлнинг муюлишига етганимда ҳам у ўша ерда турарди...

Қилган ишимни ўйлаб кўнг­лим хижил бўлди, онасини хафа қилиб қўйган боладек оғриндим. Мен кутилмаган ва “ман этилган” ишга қўл урган гуноҳкор эдим.

Бек АЛИ

Энг кўп ўқилган