User Rating: 0 / 5

Star InactiveStar InactiveStar InactiveStar InactiveStar Inactive

Ҳозир бутун дунё, хусусан, Ўзбекистон учун ҳам синовли давр. Коронавирус пандемияси ҳар вақт ҳар биримизни фақат бир нарсага даъват этмоқда: “Уйда қолинг!”. Ҳа, бугун ўзни ва ўзгаларни  асраш учун бу зарур ва шарт. Аммо, мана шундай оғир вазият, ижтимоий масофаланиш даврида ҳам айрим бурч ва мажбуриятларни ўз вақтида адо этиш ўзимизга фойда, юртга эса кўмак. Уйда - масофадан туриб, автоматлаштирилган тизимлар, электрон хизматлар орқали буни ҳеч бир муаммосиз уддалаш мумкин.

Солиқ мажбуриятларини ўз вақтида бажариш учун

“Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази ана шундай қулай ва тезкор имкониятларга эга бўлган “SOLIQ” мобил иловасини тақдим этди. Унда солиқ тўловчилар учун кўплаб электрон солиқ хизматлари жамланган. 

Масалан, жисмоний шахслар мобил илова ёрдамида ер ва мол-мулк солиқлари суммаларини аниқлаши ва тўлаши мумкин. Тўловлар банк пластик карточкаси орқали амалга оширилади.  Тўловларни “Тўлов реестри” бўлимидан текшириш имкони мавжуд. Ҳар бир амалга оширилган тўлов бўйича фойдаланувчига хабар берилади.

Мобил иловадан иш ҳақи тўғрисида маълумотларни олиш, СТИРни аниқлаш ҳам осон. Солиқни тўлаш, тўлов топшириқнома яратиш ва унинг ҳолати билан танишиш имконияти эса якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар учун бирдай фойдали бўлиши шубҳасиз. Мобил илова, шунингдек,  шахсий ҳисобварақ маълумотлари – ҳисобланган, тўланган солиқлар, қарздорлик ёки вақтида тўланмаган қарздорлик учун устамалардан хабардор бўлишда қўл келади.  

Мобил илованинг қулайликлари қаторида:

  • солиқ ҳисоботлари ҳолатини текшириш;
  • солиқ объектлари, солиқ тўловчи, ҚҚС тўловчилари тўғрисида маълумот олиш;
  • солиқни ҳисоблаш калькуляторидан фойдаланиш;
  • солиқ органи раҳбари қабулига ёзилиш кабилар ҳам бор.

Солиқ органлари, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, солиққа оид баҳсли ҳолатларга оид кўплаб маълумотлар эса унинг афзалликлари доирасини янада кенгайтирган.

Имкониятлар шу билан кифояланмайди

“SOLIQ” мобил иловасида барча турдаги фойдаланувчилар учун солиқ ва мажбурий тўловларнинг тўлов муддатлари тўғрисида хабар берувчи “Тақвим” мавжуд. Солиқ соҳасида қандай янгилик ва ўзгаришлар юз бермоқда? Мамлакатимизда кимлар учун қандай солиқ имтиёзлари бериляпти? Мазкур муҳим жараёнларнинг тафсилотлари ҳам солиқ тўловчилар эътиборига мунтазам ҳавола этиб борилади.

Мобил илова яқинда яна бир янги имконият билан бойиди. Унга кўра, жисмоний шахслар шахсий кабинетига Электрон рақамли имзо (ЭРИ) ёки жисмоний шахсларнинг шахсий идентификация рақами (ПИНФЛ) орқали кира олади. ПИНФЛни паспортдан аниқлаш мумкин. (Шу ерда ПИНФЛни паспортдан аниқлаш акс этган расм бўлади)

Афсуски, ҳамма ҳам инсофли солиқ тўловчи эмас. Баъзан солиқ тўлашдан бўйин товлаш, ҳақиқий даромадни яшириш,  савдо-сотиқ қоидаларига риоя этмаслик, хусусан, нархларнинг сунъий равишда оширилиши каби салбий ҳолатларга дуч келамиз. Агарда Сиз ҳам шу сингари ҳуқуқбузарликларнинг гувоҳи бўлсангиз,  мобил илова орқали бу ҳақда солиқ органларини хабардор қилинг. Бу билан жамоатчилик назорати кучайиши ва солиқ маданияти юксалишига ҳисса қўшган бўласиз. 

“SOLIQ” мобил иловаси орқали онлайн-НКМ ёки виртуал касса томонидан тақдим этиладиган чекларни рўйхатдан ўтказиб, ютуқли ўйинда иштирок этиш имкониятини қўлга киритиш мумкин.  Гап шундаки, бу йил фискал белгили чеклар асосида ютуқли ўйинлар ташкил этилади. Бунинг учун давлат бюджетидан бир миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилган.

Ютуқли ўйин иштирокчисига айланиш шартлари жуда оддий ва осон: аввало,  иловада чекни рўйхатга олиш тугмаси босилади, чекнинг QR-коди сканер қилинади, чек эгаси телефон рақами ва исми-шарифи киритилади. Тамом: чек рўйхатга олинади.

Сиз учун яна бир қулайлик яратмоқчимиз

“Янги технологиялар” маркази мутахассислари келгусида “SOLIQ” мобил иловаси ёрдамида рўйхатдан ўтказилган чеклар орқали харид қилинган маҳсулотлар ва хизматлар тўғрисида кунлик, ойлик ва йиллик статистик маълумотларни билиб бориш хизматини йўлга қўйишни режалаштирган. Бу орқали харидор қачон қандай товар харид қилгани,  қайси маҳсулотни кўп истеъмол қилаётгани ва харажатлари динамикасидан доим хабардор бўлиб туради. Бу эса шахсий жамғарма ёки оилавий бюджетни тўғри бошқариш ва йўналтиришга ёрдам беради.

“SOLIQ” мобил иловаси АррStore ва GooglePlay да жойлаштирилган. Уни  юклаб олиш учун Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайтидаги ҳаволадан (https://soliq.uz/page/mobil-ilova) фойдаланиш лозим.

Шерзод Тешебоев,

“Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази мутахассиси

logo.png

Материаллардан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Разработано artlab

Муассис: «Жамият» ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти.

Таҳририят манзили: Тошкент шаҳри, Миробод тумани Матбуотчилар кўчаси 32-уй.

Электрон манзил: bonguz@mail.ru

Телефон: 71-236-10-87

Телеграм:  (90) 995-24-40

 

srdyt.jpg