Яқинда Континентал хоккей лигаси вице-президенти Виталий Прохоров Ўзбекистон хоккей клуби Олий хоккей лигасида иштирок этишини эълон қилди ва 2022 йилдаги Олимпия ўйинларидан сўнг Ўзбек клуби Континентал лигага қабул қилиниши мумкинлигини билдирди. Албатта, бу Ўзбекистоннинг халқаро спортдаги позициясини мус­таҳкамлаш учун катта имконият.

Аммо шу кунгача хоккей ҳаминқадар ҳисобланган мамлакат бундай рақобатга дош бера олармикан, деган савол кўпчиликни ўйлантиради. Хоккей турнирлари ўтказилиши-ю, халқаро лигаларда иштирок этиш у ёқда турсин, шу кунгача Ўзбекистонда, ҳатто, хоккей учун мўлжалланган спорт аренасининг ўзи ҳам йўқ эди. Қуруқ ва иссиқ шароит таъсирида Ўзбекистонда энг оммалашган спорт тури бу футбол бўлиб, афсуски, бу борада ҳам кутилган натижаларга эришилди, деб айта олмаймиз. Борди-ю, хоккейда ҳам аҳвол шу бўлсачи? Яхшиси, шарманда бўлишдан аввал чекина қолайлик деган фикр айримларнинг хаёлига келган бўлиши мумкин.

Хоккей Ўзбекистонда анчайин ривож­ланган бўлиб, бу борада катта ютуқларга эришилган, ҳатто, 1972 йилда Ўзбек клуби дунёдаги энг жанубий хоккей клуби сифатида Гиннес Рекордлар китобига киритилган эди.

Москвалик тарихчи Фёдор Раззаковнинг айтишича, ўша даврда Осиё минтақасидаги икки республика – Қозоғис­тон ва Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг ҳеч бир соҳасида бир-бирига бўш келмасликка интилган. Қозоғистонда 1956 йилдан бошлаб шайбали хоккей ривожлана бошлади ва 1957 йилда биринчи Козоғистон Хоккей чемпионати ўтказилди. 1969 йилда биринчи муз саройи қад ростлайди. Ўша йилларда Қозоғистон хоккей жамоаси — «Торпедо»нинг аъзоси бўлган Евгений Паладьев номи бутун дунё­га машҳур бўлди. Кўп йиллар давомида Хоккей Ўзбекистонда «яшаб кетолмаслиги» ва бу спорт турини Ўзбекистонда ривож­лантиришга уриниш ҳам керакмаслиги тўғрисидаги турли фикрлар айтиб келинарди.

Аммо ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида Шароф Рашидов бу борада таваккал қилишга жазм этди. Бу борадаги ютуқ уни раҳбар сифатида имконсиз нарсани амалга ошира олишини яна бир бор барчага исботлаши лозим эди. Натижада 1969 йилда Тошкентда биринчи Спорт муз саройи — «Юбилейный»нинг қурилиш ишлари бошланди.

Орадан бир йил ўтиши биланоқ биринчи Ўзбекистон Республикаси кубоги учун катта хоккей турнири ўтказилади. Турнирда ғолибликни СССРнинг «Спартак» жамоаси қўлга киритади. Бу турнир Рашидовнинг Ўзбекистонга Хоккейни олиб киришга эришишининг илк қадами эди. Спорт саройи ҳам қурилди, хоккей ҳам Ўзбекистонда ўз мухлисларига эга бўла бошлади. Энди ўз хоккей жамоамизни тузиш фурсати етганди. Шу йилнинг ўзидаёқ Тошкентда «Спартак» жамоаси тузилади. Ўша пайт­да Александр Сакеев, Ринат Боймухаметов, Юрий Митрофанов каби ўйинчилар Ўзбек хоккейи довруғини бутун Иттифоқ бўйлаб танитишганини қайд этиш лозим. Аввалги «Спартак» 1973 йилда қайта номланган «Бинокор» клуби мураббийларидан бири бўлган Виктор Столяровнинг ўша йилларда берган интервьюсида у Ўзбекистон хоккейи тўғрисида бой хоккей анъаналарига эга бўлмаган шаҳарларда, албатта, Челябинск ёки Свердловскдагидек натижаларга эришиш қийинлигини, масалан, «Бинокор»да жамоада ёш ўйинчиларга ниманидир ўргата оладиган ҳақиқий лидер ўйинчининг йўқлиги сабаб яхши хоккейчини тарбиялаш мушкуллигини айтади. Шунингдек, Столяровнинг айтишича, ўша пайтда болалар хоккей мактаблари ҳам фаолият юритган, аммо улар сон жиҳатдан анча кам бўлган. Тошкентда хоккей ривожининг асосий муаммоси эса муз етишмовчилиги, яъни табиий музли саройларнинг мавжуд эмаслиги бўлиб, Спорт саройида баъзида, ҳатто, жамоа ўйинчиларига ҳам муз етишмаган. Демак, иқлим хоккей борасидаги ютуқларга катта тўсиқ бўлганлиги кўриниб турибди. Спорт саройи эса катта бўлишига қарамасдан хоккей учун етмасди.

Шароф Рашидов, албатта, бош­лаган ишини давом эттиришга, хоккей учун шарт-шароит яратишга ҳаракат қилди. Аммо унинг ўлимидан сўнг «Хоккей ўзбеклар учун эмас!» деб таъкидлаганларнинг бурни осмонга етганди. Иттифоқ парчаланганидан сўнг Ўзбек хоккейи саробга айланди. Мустақилликка эришган мамлакатнинг олдида хоккейдан муҳимроқ вазифалар турарди.

Лекин кейинчалик Ўзбекистонда хоккей ҳали унутилмагани аён бўлди. 2013-йилда Ўзбек хоккейи фахрийлари ва мухлислар ташаббуси билан «Бинокор» жамоаси қайта тикланди ҳамда Ўзбекистон бу спорт турининг Федерациясига асос солинди. Хоккейнинг янгидан вужудга келиши учун бунинг ўзи камлик қилар, бу мақсадга етишиш учун нафақат хоккей ихлосмандлари, балки кенг жамоатчилик вакиллари ҳам тер тўкиши лозим эди. Бироқ, ўша йиллари хоккей қоғозда қўллаб-қувватланса-да, бу катта самара кўрсатмади. Ўзбек хоккейининг янги босқичи Ўзбекистон сиёсатининг янги босқичидагина илк куртакларини ёза бошлади.

2019 йилнинг февраль-март ойларида бўлиб ўтган Хоккей бўйича Ўзбекистон чемпионати Ўзбек хоккейининг янги даврини бошлаб берди. Чемпионатда 4 та пойтахт хоккей клуб­лари – «Бинокор», «Хумо», «Семурғ», «Тошкент» жамоалари иштирок этишди. Кейинги улкан марра Тошкентдаги «Ҳумо» аренасининг расмий очилиш маросими бўлди. Албатта, Ўзбек хоккейи учун «Ўзбек» кадрларни етиштириш асосий масала. Ушбу масалада Ўзбекистон Хоккей Федерацияси фаол натижа бериши лозим. Бу борада Федерация вице-президенти Баҳодир Ғафуров шундай дейди:

—Федерация бугунги кунда хоккейнинг вилоятларда ривожланиши учун фаол ишламоқда. Самарқандда муз аренаси қурилмоқда. Яқинда бир қанча вилоятларда муз майдонлари қурилиши режалаштирилган. Хоккейни оммалаштириш учун биз чекка ҳудудларга етиб боришимиз лозим. Айнан шундай ҳудудлардан иқтидорли болалар чиқиши керак. Биз кўзланган натижага эришиш мумкинлигига ишонамиз, фақат бунинг учун вақт талаб этилади. Бу 2-3 йиллик иш эмас. Бу борада миқдордан сифатга қараб ҳаракатланиш лозим. Бугун биз республика бўйлаб кўплаб болаларни хоккей секцияларига қабул қилиш учун шароит яратишимиз даркор. 

Нима бўлганда ҳам хоккей Ўзбекис­тонга бегона спорт тури эмас. Айни пайт­да бу спортнинг ўша пайтдаги нуфузини тиклаш керак.

Ўзбекистонга хоккей, энг, аввало, бошқа ҳар қайси спорт тури сингари аҳоли саломатлигини таъминлаш учун керак. Бундан ташқари, ушбу спорт тури орқали халқаро миқёсда турли алоқалар ўрнатиш, мамлакат иқтисодиётини молиявий жиҳатдан бойитиш мумкин. «Ҳумо» аренаси қад ростлаши туфайли Ўзбекистон хоккей бўйича халқаро мусобақаларни ўтказиш имкониятига эга бўлди. Бундай турнирларга мезбонлик қилиш юртимизнинг бир қатор давлатлар билан икки томонлама манфаатли дипломатик муносабатларни шакллантиришига хизмат қилади.

Ҳусниябону АЛИМОВА