Тошкентнинг «Локомотив» клуби мураббийлар штабида ўзгариш бўлиши кутилмоқда, деб хабар тарқатди Tribuna.uz.

Нашр манбасига кўра, «темирйўлчилар» раҳбарияти бош мураббий Андрей Фёдоровни истеъфога чиқаришга қарор қилган. Унинг ўрнига клуб президентининг маслаҳатчиси сифатида ишлаб келаётган Самвел Бабаян тайинланиши кутилмоқда.

Қўшимча қилинишича, Фёдоров кеча, ОЧЛ гуруҳ босқичининг сўнгги тури доирасида Тошкентда «Ар-Райян»га қарши кечган ўйиндан кейин (3:2) лавозимидан озод этилиши мўлжалланган, аммо истеъфо номаълум сабабга кўра кечиктирилган.

Андрей Фёдоров бир йил олдин, 2018 йил апрель ойида Андрей Микляев ўрнига «Локомотив» бош мураббийи этиб тайинланган эди.

Самвел Бабаян эса 2019 йил февраль ойидан буён «Локо» тизимида ишлаб келмоқда. Унинг клуб президенти маслаҳатчиси лавозимига тайинланиши шов-шувларга сабаб бўлганди, боиси у 2018 йил январь ойида ЎФА томонидан умрбод ўзбек футболидан четлатилган эди. Кейин маълум бўлишича, Бабаяннинг дисквалификацияси «Бунёдкор» клубининг кафиллиги остида икки ҳафтадан сўнг бекор қилинган.

48 ёшли арман мутахассиси бунга қадар узоқ йиллар «Локомотив»нинг асосий рақиби «Пахтакор»да ишлаган, 2014 йилда «шерлар»ни Ўзбекистон чемпионлиги сари бошлаб борган. У 2014 ва 2015 йилларда Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи деб топилган, 2017 йилда Ўзбекистон миллий жамоаси билан ЖЧ-2018 йўлланмасини қўлга кирита олмаган эди.

Жорий йил март ойида «Локомотив» бош директори ўринбосари Тўлабек Акромов Бабаян жамоага мураббий сифатида эмас, балки клуб академиясини ривожлантиришга масъул сифатида тайинланганини айтганди.

«Яна бир марта қайтараман, мухлислар адаштиришмасин, Самвел Бабаян фақат мактабимизга қарайди, селекция ишларини ҳам ўзи олиб боради ва асосий жамоага аралашмайди», – деганди у.