Мамлакатимизда сайловга қизғин таёргарлик бошланди. Сайлов куни эса 22-декабр  деб белгиланди.

Пойтахтимизнинг Чилонзор туманида жойлашган «Ал-Хоразмий» маҳалла фуқаролар йиғинида 624-сайлов участкаси ташкил этилди. Бу ерда ҳам кутилаётган сиёсий жараёнларга қизғин  таёргарлик кўрмоқда.

Хоналар давлат рамзлари, сайлов билан боғлиқ кўргазмали воситалар, қонунлар, адабиётлар ва зарур техникалар билан  таъминланган. Сайловга келадиган ёш болали оналар учун алоҳида хоналар ташкил этилиб, болажонлар зерикиб қолмаслиги учун ўйинчоқлар билан безатилган. Дам олиш хоналари ҳам шулар жумласидан.

Сайлов кунига эса кўчма дўконлар фаолияти, хавфсизликни таъминлаш, сайловчилар учун тиббиёт ходимларидан иборат навбатчилик йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

— Сайловни юқори савияда ўтказишда аҳолига ҳар томонлама шароит яратиш муҳим, — дейди 624-сайлов участкаси камиссияси раиси Маъмура Раҳимова. —  Бизнинг туманда бир минг беш юз нафардан зиёд сайловчи бор. Сайловчилар учун 3 та овоз бериш кабинаси, 2 та сайлов қутиси шай ҳолатга келтирилди.

Аҳоли билан бевосита мулоқотлар ташкил этилиб, муносиб номзодларни сайлаш борасида билдирилган фикр-мулоҳазалар ўрганилмоқда. Албатта, муносибларини сайлаш ва улар билан бирга ватан равнақи йўлида хизмат қилиш барчамизнинг бурчимиз. 

Сайлов кунларига ногиронлар учун чиқиш ва сайловни ўтказиш учун нав­батчи транспорт хизмати ташкил қилинмоқда. Сайловга чорловчи шиорлар ва плакатлар марказий кўчаларда, маҳаллаларда аҳоли гавжум жойларга ўрнатилди.

Марғуба ҚОРАБОЕВА,

 Чилонзор туманидаги

126-мактаб ўқитувчиси