Она табиатни ўз Ватанинини севгандек севган, азиз деб билган, уни ардоқлаган ҳар бир инсон бизни қўллаб-қувватлайди.

Аслида, ҳақиқий инсонийлик ҳам мана шу — Она юртга, табиатга муҳаббат, уни асраш ва керак бўлса, ҳимоя қилиш фазилатидадир.

Ўтмишда атроф-муҳитга эътиборсиз муносабатда бўлиш, табиий ресурслардан меъёрдан ортиқ фойдаланиш ва экологик талабларни менсимаслик Орол денгизининг қуриши, чўлланиш, ер ва сув ресурсларининг таназзули, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофондининг ёмонлашуви, биологик хилма-хилликнинг қисқариши, кўп миқдордаги саноат, маиший ва бошқа чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши каби қатор глобал ҳамда минтақавий экологик муаммолар пайдо бўлишига олиб келди. Булар иқлим ўзгариши содир бўлаётган шароитларда янада яққолроқ ва кучлироқ намоён бўлиб, замонавий Ўзбекистон учун ҳам атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва уни соғломлаштириш масалаларини янада долзарб қилиб қўйди.

Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган тарихий мурожаатномасидаги ғоялар ҳамда мамлакатда давлат ва жамият қурилиши соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар йўлидаги кейинги қадам сифатида мамлакат сиёсий майдонида янги – Ўзбекистон Экологик партияси ташкил этилди. Экологик партиянинг тузилиши Ўзбекистон тарихида алоҳида саҳифа бўлиб, мамлакатда амалга оширилаётган стратегиянинг яққол ҳосиласидир. Аҳоли билан мулоқотлар жараёнида партиянинг вужудга келиши нафақат экологларнинг, балки кенг жамоатчиликнинг ушалган орзуси экани барча томондан қувонч билан эътироф этилмоқда. Экологик партиянинг ташкил этилиши Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти олдидаги нуфузи, имижи ошиши учун муҳим омил бўлди.

 «Биз келажак учун жавобгармиз!» ғояси остида ҳозирги ва келгуси авлоднинг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқларини таъминлаш, экологик барқарорликка эришиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида жамиятни ижтимоий гуруҳларга ажратмаган ҳолда унинг барча куч-салоҳиятини бирлаштириш Ўзбекистон Экологик партиясининг асосий мафкурасидир.

Бизнинг асосий мақсадимиз:

давлат сиёсатида экологик сиёсатнинг устуворлигига эришиш.

 мавжуд муаммоларнинг нафақат экологик, балки барча соҳалардаги муаммоларнинг оқибатлари билан эмас, уларнинг келиб чиқиш сабаб­ларини аниқлаб, ечимини топиш.

 атроф-муҳитни муҳофаза қилишда барчани бирлаштириш, экологик масъулиятни ошириб, экологик барқарор жамият қуришдан иборат.

Партия фаолиятини ташкил этишда замон талабига, партия электорати мақсадларига ва манфаатларига мос келадиган инновацион янги ғоялар билан чиқиш, партия атрофида юқори малакали, сиёсий етук ва фидойи маслакдошларни бирлаштириш, партия илгари сураётган ғояларни амалда татбиқ этиб, руёбга чиқарилишига эришиш, яъни сўз билан иш бирлигини таъминлаш каби мезонларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Экологик партиясининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий партия ташкилотлари ҳамда 201 та туман-шаҳарларда партия бўлимлари ташкил этилди, фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунга келиб бошланғич партия ташкилотлари сони 1000 дан ошди. Амалга оширилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида  партия аъзолари сони 250 минг нафарга яқинни ташкил этмоқда. Шундан 39 фоиздан зиёди хотин-қизлар.

 Ўзбекистон Экологик партияси томонидан республикамиздаги барча туман ва шаҳарлардаги мавжуд экологик, ижтимоий ва иқтисодий муаммолар инвентаризация қилиниб, уларнинг тўлиқ рўйхати шакллантирилди. Оролбўйида ўрмонзорлар барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишларга кўмаклашиш мақсадида партия фаоллари томонидан «Оролга мадад» шиори остида саксовул уруғларини йиғиш бўйича хайрия ҳашарлари ташкил этилди. Фаолият давомида амалий тадбирларга, жумладан, дарахтлар экиш акциялари, экологик ҳашарлар ўтказишга жиддий эътибор қаратилди.  Хоразм вилояти Боғот, Шовот, Янгиариқ туманларидаги таълим муассасаларига соатига 500 литр сувни тозалайдиган сув тозалаш ускуналари ўрнатилди, ушбу ҳудудларда «Дўстлик боғлари»га асос солинди.

Ўзбекистон Экологик партияси қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш билан боғлиқ вазиятни ўрганиб чиқиб ҳукуматга амалдаги полиэтилен пакетлар ўрнига биологик парчаланадиган пакетлардан фойдаланиш бўйича таклиф билан чиқди. Ушбу пакетларга Буюк Британия таниқли лабораториясининг ижобий сертификати тақдим этилди. Бу оддий шароитда пакетнинг биологик парчаланиш даври тахминан 8 ойга тенгдир. Бундан ташқари, парчаланиш жараёни ҳаво, қуёш нури ва табиий муҳит таъсирида бошланади. Парчаланишнинг якуний натижаси – бу ўсимлик учун ўғитга айланадиган биомассадир.

Бугунги кунда мамлакатимизда маиший ва қурилиш чиқиндилари муаммосидан ташқари саноат чиқиндилари билан боғлиқ муаммо мавжуд. Республикамизда ҳозирда кимё саноатида ҳосил бўлган фосфогипс чиқиндиси қарийб 80 млн. тонна, шу жумладан, Тошкент вилоятида 67 млн. тонна ва Самарқанд вилоятида 14 млн. тоннани ташкил этади.

Фосфогипс чиқиндисини қайта ишлаб фосфор бирикмасига ва гипсга ажратиш бўйича технология партия томонидан ишлаб чиқилган ва халқаро ихтиро патенти олинган. Мазкур технологияларни жорий этсак нафақат экологик, балки иқтисодий самара беради.

Шунингдек, Ўзбекистон Экологик партияси бугунги кунда кенг жамоатчиликни қийнаб келаётган, ижтимоий тармоқларда кескин муҳокамаларга сабаб бўлаётган дарахтларнинг кесилиши билан боғлиқ муаммоларга ечим сифатида ҳукуматга дарахтларнинг кесилишига қарши мораторий эълон қилиш таклифи билан чиқди. Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон Рес­публикасида 2030 йилга қадар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясида Экопартиянинг таклифи ўз аксини топди.

Ўзбекистон Экологик партиясининг ташаббуси билан жорий йилнинг 17-22 октябрь кунлари Ўзбекистонда биринчи марта «Биз келажак учун жавобгармиз!» шиори остида «Aral Marathon» халқаро экологик марафони ўтказилди.

Экопартия қошида ташкил этилган «Ишонч телефони»га келиб тушаётган мурожаатлар асосида саноат корхоналарида жамоатчилик эшитувларини ўтказиш тизимли йўлга қўйил­ди. Бугунги кунга қадар 7 та йирик саноат корхоналарида жамоатчилик эшитувлари ташкил этилди. Жамоатчилик эшитувларини юқори савияда ташкил этиш ва уларнинг самарадорлигига эришиш, қолаверса, вазиятни холис баҳолаш учун корхоналарга туташ ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли ўртасида ижтимоий сўровномалар ўтказиш амалиёти жорий қилинди.

Жорий йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларга пухта тайёргарлик кўриш Партия томонидан халқимиз орасида обрў-эътиборга сазовор бўлган, экология  ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида муайян тажриба орттирган, сиёсий жараёнларни англаб етадиган, давлат ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатаётган, билимли партия фаолларидан Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар захирасини шакллантириш ишлари амалга оширилди.  Бу борада  хотин-қизлар ва ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Партияларнинг ҳар бири ўз йўналиши, жамиятдаги муайян ижтимоий интилишлари, қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда, яъни уларнинг манфаатларини ифодалаган ва ҳимоя қилган ҳолда ўз дастурини ишлаб чиқиши зарур.

Шундан келиб чиқиб, партия фаоллари, экологлар, олимлар, мутахассислардан иборат экспертлар гуруҳи томонидан «Биз келажак учун жавобгармиз!» ғоясига асос­ланган, ҳудудларнинг ўзига хос экологик муаммоларнинг нафақат оқибатларини бартараф этиш, балки уларнинг келиб чиқиш сабаблари ечимига қаратилган Ўзбекистон Экологик партиясининг сайловолди дастури ишлаб чиқилди.

Унда белгиланган мақсад ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон экологик партияси 2025 йилга қадар қуйидагиларни амалга оширишни режалаштирган:

  1. 1. Мамлакатимизнинг йирик ва саноати ривожланган шаҳарларида атмосфера ҳавосига чиқарилаётган углерод, азот бирикмалари, метан ва бошқа газлар чиқарилишини ҳамда чанг миқдорини 1,5 баробар камайтириш орқали атмосфера ҳавосининг сифат кўрсаткичларини белгиланган меъёрлар даражасига келтириш ва уларнинг аҳолига салбий таъсирини камайтириш.

Республикамизда йилига атмосфера ҳавосига қарийб 2,5 млн. тонна ифлослантирувчи турли моддалар тарқалади. Шундан 63%и транспорт воситалари улушига тўғри келади. Йирик шаҳарлардан бўлмиш Тошкентда эса бу кўрсаткич 80% дан юқорини ташкил этади.

Таклиф сифатида келгуси йилдан бошлаб мамлакатимизда экологик мақбул ҳисобланган электромобиллардан кенг фойдаланишни жорий этиш, ёқилғининг юқори талабларга жавоб берадиган турларидан фойдаланишни йўлга қўйишга  эришиш.

  1. 2. Иқтисодиётнинг барча тармоқларида сувни тежайдиган, шу жумладан томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланишга қаратилган лойиҳаларнинг амалиётга татбиқ этилиши ҳисобига сув сарфини камайтиришга эришиш ҳамда суғориладиган ерларнинг 25 фоизигача майдонида сувни тежовчи самарали технологияларни жорий этилишини таъминлаш.
  2. 3. Шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларида сизот сувларининг сатҳи кўтарилишининг олдини олиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш ва таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилиши устидан самарали парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш.
  3. 4. Оролбўйи ҳудудига Амударёнинг юқори қисмидан йилига камида 5-6 куб. км. ҳажмда сув юборилишини таъминлаш ҳамда Орол денгизининг қуриган тубида ўрмон-мелиоратив ишларини амалга ошириш йўли билан Оролбўйини экологик жиҳатдан соғломлаштириш ҳамда 1,5 млн. гектар ер майдонини ўрмон билан қоплаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш.
  4. 5. Ер ости суви заҳираларидан самарали фойдаланиш бўйича технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳамда ер ости сувларидан фойдаланиш бўйича мониторинг тизимини ривожлантириш, ичимлик, техник, суғориш мақсадларида қазилган яроқсиз ҳолдаги ер ости сув қудуқларини яроқли ҳолатга келтириш чоралари кўрилишини таъминлаш.
  5. 6. Аҳолининг, айниқса қиш­лоқ жойлардаги аҳолининг тоза ичимлик суви таъминотини 85 фоизгача етказишга эришиш.

Аҳолининг саломатлиги атроф муҳит, ичимлик суви сифатига ҳам бевосита боғлиқ. Аҳолининг аксарияти очиқ сув ҳавзаларидан ичимлик суви сифатида истеъмол қилади. Юқумли касалликларнинг кўпчилиги (масалан Гепатит-А, ошқозон-ичак касалликлари ва бош­қалар) айнан ифлосланган сув сабабли бўлади.

Шу туфайли соғлиқни сақлаш тизимига, даволаш жараёнига, дори-дармонларга, касалланиш туфайли меҳнатга лаёқатини йўқотганлар учун ижтимоий соҳаларга кўплаб миқдорда маблағлар сарфланмоқда.

  1. 7. Оқава сувларни тозалаш иншоотларининг самарадорлиги паст бўлган ҳудудларда, жумладан Ангрен, Гулистон, Самарқанд, Жиззах, Урганч, Нукус, Андижон, Чирчиқ ва Тошкент шаҳарларидаги ҳамда туман марказларидаги оқава сувларни тозалаш иншоотларининг самарадорлигини санитария нормалари даражасига етказиш ҳамда оқава сув тармоқларини ривожлантириш.
  2. 8. Ерларни тупроқ ва шамол эрозиясидан муҳофаза қилиш, деградацияга, чўлланишга ва қурғоқчиликка учраган ерларни тиклаш мақсадида биомелиоратив тадбирлар кўламини кенгайтириш, ихотазорлар барпо этиш ва қайта тиклаш ишларини амалга ошириш.
  3. 9. Ерости бойликларидан, фойдали қазилмалар жойлашган майдонлардан асоссиз равишда ва ўзбошимчалик билан фойдаланишнинг олдини олиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан самарали назорат ўрнатиш.
  4. 10. Барча турдаги чиқиндилардан оқилона фойдаланишга эришиш, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ва такрорий фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни қабул қилиш орқали уларни қайта ишлаш ҳажмини 40 фоизга етказиш, ҳосил бўлаётган саноат чиқиндиларини қайта ишлаш миқдорини 20 фоизгача етказиш.
  5. 11. Шаҳарларни ва аҳоли яшаш пунктларини комплекс режалаштириш ва ривожлантириш, Тошкент, Нукус, Бухоро ва Термиз шаҳарлари атрофида «яшил қалқонлар»ни барпо этиш ҳамда дарахтларнинг кесилишига эълон қилинган мораторий талабларини бажарилишини қатъий назорат қилиш. кенгайтириш, велосипед йўлакчаларни барпо этиш.
  6. 12. Биологик хилма-хилликни ва экотизимларни сақлаш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш мақсадида молиялаштиришнинг барча манбалари маблағларининг тўлиқ мақсадли сарфланишига эришиш ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонларини мамлакат ҳудудининг 12 фоизига етказиш, шу жумладан Ўзбекистоннинг Қозоғистон ва Қирғизистонга ҳамда Ўзбекистоннинг Туркманистонга туташ ҳудудларида трансчегаравий муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этиш чораларини кўриш.
  7. 13. Ўрмонларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш усулларини жорий этишга кўмаклашиш, ўрмонларнинг йўқолиб кетишини тўхтатиш ва уларни тиклаш кўламини ошириш орқали республика ҳудудининг ўрмон билан қопланганлик даражасини 7,6 фоиздан (3,4 млн. гектар) 15 фоизга (7 млн. гектар) етказиш.
  8. 14. Қорақалпоғистон Респуб­ликасидаги Судочье кўлини, Навоий вилоятидаги Қуйимазор ва Тўдакўл сув омборларини халқаро аҳамиятга эга бўлган сувли-ботқоқ ҳудудлар (Рамсар конвенцияси) рўйхатига киритилишини таъминлаш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ёввойи ҳайвон ва ўсимлик турларини кўпайтиришга ихтисослаштирилган питомниклар ва кўчатхоналарни барпо этиш.
  9. 15. Браконьерликни ҳамда ҳайвонот дунёси контрабанда савдосини, ўсимлик дунёси турларининг ноқонуний кесилишини чеклаш чораларини кўриш, жонли табиатдан қонунга зид равишда олинган маҳсулотларга бўлган талаб ва таклифга оид муаммоларни ҳал қилиш.
  10. 16. Мамлакат энергия балансида қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 10 фоизгача етказишда бевосита иштирок этиш.
  11. 17. Ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида услуксиз экологик таълим тизимини жорий этиш.
  12. 18. Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида илмий-тадқиқот институтини таъсис этиш масаласини ҳал этиш.
  13. 19. Иқтисодиёт тармоқлари ва секторларини ривожлантиришнинг миллий стратегиялари ҳамда дастурларини ишлаб чиқишда экотизимларни сақлаб қолиниши ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирларни белгиланиши, табиий ресурс­ларнинг қийматини ҳисобга олинишини таъминлаш.
  14. 20. Бошқарувнинг барча босқичларида экологик масалалар юзасидан қарорларни тайёрлаш ҳамда қабул қилиш жараёнида фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштирокини кенгайтириш ҳамда фуқароларнинг тоза атроф муҳитга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини таъминлаш.
  15. 21. Экология соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, Ўзбекистон томонидан қабул қилинган соҳага оид халқаро норма ва қоидаларга оғишмай риоя этилишини таъминлаш ҳамда маж­муавий ва тўғридан-тўғри амал қиладиган Ўзбекистон Республикасининг Экологик кодексини қабул қилиш.
  16. 22. Олий таълим муассасаларида экология фани бўйича педагогик кадрларни тайёрлаш тизимини жорий қилиш.
  17. 23. Экологик тоза транспорт воситалари ишлаб чиқарилиши, аҳолини велосипедлардан фойдаланиш кўрсаткичларини ошириш, ёқилғи сифатини халқаро стандартларга мослаштириш.
  18. 24. Атроф муҳитга ва инсон саломатлигига шовқиннинг таъсирини олдини олиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш.
  19. 25. Бунёд этилаётган уйларнинг энергияни, ресурсларни тежайдиган «яшил қурилиш» талаблари бўйича қурилишига эришишдан иборат.
  20. 26. Мамлакатимизда гени модифицияланган организмлардан фойдаланишни тартибга солиш бўйича ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш.

Ўзбекистон Экологик партияси мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларни асраб-авайлаш ва фуқароларимизнинг соғлиғини сақлашдек юксак вазифаларни бажаришда фаол иштирок этишга чақиради.

Она табиатни асраб авайлаш барчамизнинг мақаддас бурчимиздир!

Ўзбекистон Экологик

партияси матбуот хизмати.