Тошкент шаҳрида Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг IХ Қурултойи бўлиб ўтди.

Қурултойда Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаровнинг партия фаолияти ҳисоботи ва янги босқичдаги вазифалари тўғрисидаги маърузаси тингланди.

Қайд этилишича, ташкилий-партиявий ишлар даражасини мунтазам ошириб бориш билан бир қаторда партиянинг «Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони» ғояси билан белгиланган Сайловолди дастурини амалиётга қўллаш ҳамда ижросини таъминлаш мақсадида ўтган давр оралиғида 27 та турли соҳалар бўйича халқчил ва ўта муҳим партия лойиҳалари ишлаб чиқилди ва амалга татбиқ этилди.

— Партиямиз томонидан илгари сурилган лойиҳалар жамия­тимизнинг ҳар бир жабҳасидаги камчилик ва муаммоларни қамраб олади, — дейди Ўзбекис­тон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров. — Ҳисобот даврида партия саъй-­ҳаракати эвазига қуруқ гаплар билан эмас, аксинча, таъсирчан тадбирларнинг кенг омма кайфиятига, фуқаролар манфаатларидан чиққан ҳолда мақсад ва вазифаларига қаратилганлиги намоён бўлмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватловчи ва соғлиқни сақлаш, фан, таълим, суд-ҳуқуқ тизимларини мустаҳкамловчи қатор қонун лойиҳаларининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилинишида фаоллик кўрсатди.

Ҳисобот даврида фракция аъзолари «Парламент назорати тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Рес­публикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги каби 43 та қонун лойиҳасига ташаббускорлик қилди ва яхлит қонунлар қабул қилинишга эришилди.

Партиянинг «Адолат – ҳар бир инсон учун» номли Сайлов­олди дастури лойиҳасини ҳар томонлама пишиқ ва пухта бўлишига катта эътибор қаратилди. Энг асосийси, дастур партия аъзолари, бошланғич партия ташкилотлари, депутатлик корпуси, фаоллар, экспертлар ва оддий фуқаролар фикри асосида такомилига етказилди. Янги дастурда асосий эътибор суд-ҳуқуқ, соғлиқни сақлаш, таълим ва илм-фан соҳалари ҳамда ташқи ва ички сиёсатга қаратилди.

Соғлиқни сақлаш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, «Ақлли тиббиёт» тизимини шакллантириш, жойларда аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, дори-дармонларнинг ноқонуний айланиши устидан партиянинг қатъий позицияни билдириш, таъсирчан қонунчилик механизмларини ишлаб чиқиш белгиланди.

Шунингдек, суд-ҳуқуқ соҳасида тергов органларининг ягона тизимини яратиш, турли йўналишларга бўлинган судларни умумлаштириш, адвокатура институти мус­тақиллигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва билимларни ошириш, коррупцияга қарши курашишга фуқароларни кенг жалб қилиш вазифалари режалаштирилган.

Партия аъзоларининг 25 фои­зи меҳнат қилаётган таълим тизимида — умумий таълим соҳасида сифатни кескин ошириш, олий таълимда қабул квоталаридан воз кечиш, илм-фаннинг иқтисодиётда ролини кучайтириш белгиланган.

Бундан ташқари, партия «пропискадан ўтиш» тизимига янгича ёндашиш, фуқароларимизнинг ўз хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, доимий яшаш жойини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминловчи қонуний базани такомиллаштириш чораларини кўрмоқда.

Дастурда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатори б­­логерлик фаолиятининг тегиш­ли қонунларда ҳуқуқий асосларини шакллантириш кўзда тутилган.

Қурултойда сўз олганларнинг маъруза ва чиқишларида асосий эътибор партиянинг қонунчилик ва вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлиги, барча даражадаги сайлов штаблари фаолияти самарадорлиги, электорат билан самарали ишлаш масалаларига қаратилди.

Унда Ўзбекистон Респуб­ликаси Сайлов кодексининг 70-моддасига мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган 150 нафар номзодлар маъқулланди.

Анжуманда, шунингдек, партиянинг олий органи ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Сиёсий Кенгаш ва Марказий Тафтиш комиссиясининг янги аъзолари сайланди. Партия Устави қабул қилинди. Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Қурултой «Адолат» социал-демократик партияси фаолияти учун янги даврни бошлаб берди ва унинг ислоҳотлардаги иштирокини янада кенгайтириш, Олий Мажлис, маҳаллий давлат вакиллик органларига сайловларни самарали ташкил қилишда муҳим қадам бўлди.

Тадбир якунлари бўйича маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари учун Наримон Умаров иштирокида брифинг ўтказилди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Матбуот хизмати