Инсон учун саломатлик бўлмаса, ҳеч нарса татимайди, бошқа неъматлар ҳам кўзга кўринмай қолади. Бежизга эмасда, қўллар дуога очилганда, аввало, сиҳат-саломатлик сўралади.

Бугунги кунга келиб тиббий хизмат самарадорлиги ва сифатига баҳо беришдаги мезонлар бутунлай ўзгарди. Эндиликда соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг натижасига халқимиз баҳо беради. Авваллари, иш фаолиятимизнинг асосий қисми ҳисобот билан қандайдир ортиқча юкламалар билан ўтарди. Ҳозир ортиқча ҳисоботлар ва статистикалар олиб ташланди. Табиийки, бу тиббиётнинг бирламчи бўғинидан тортиб, юқори тузилмаларгача бўлган барча жараёнларда самарадорликни тубдан оширди. Эндиликда тизимнинг иш фаолиятини ташкил этишда асосий эътибор инсон саломатлигига қаратилди.

Коронавирус пандемияси тиббиёт тизимини янада ривожлантириш масаласини кун тартибига олиб чиқди. Президентимизнинг ушбу соҳани ривожлантириш, уни тубдан ислоҳ қилишга қаратилган қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. Бу борада бирламчи тиббиёт хизмати, шошилинч ва тез тиббий ёрдам, ихтисослаштирилган тиббий хизматни янада ривожлантириш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, даволашнинг замонавий технология ва усулларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Энг муҳими, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатининг яхшиланиши халқимиз ҳаёт даражасининг янада кўтарилишига олиб келди.

Мен Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Тошкент вилоятидан сайланганман. Ўзим ҳам бир неча йиллар айнан тиббиёт соҳасида ишладим. Фаолиятим давомида вилоятда аҳоли саломатлигини асраш, фуқароларга сифатли тиббий хизмат бўйича катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилаётганининг гувоҳи бўлдим. Ҳозир ҳам парламент назорати орқали ҳудудда тиббиёт тизимининг бугунги ҳолатини доимий равишда ўрганиб боряпмиз.

Тез тиббий ёрдам учун

130 та автомашина

Охирги йилларда Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги даволаш профилактика муассасалари моддий техник базаси мустаҳкамланмоқда. Бундан бир неча йил аввал тизимда ишлаётган вақтларимда оддийгина автотранспорт воситасидан қийналардик. Бугунга келиб, бундай муаммолар ўз вақтида ҳал қилинмоқда.

Вилоятда тез тиббий ёрдам сифатини ошириш мақсадида пандемия даврида жами 130 та автомашина билан таъминган. Уларнинг 100 таси 103 хизматига, 20 таси вилоят санитария осойишталик марказига, 10 таси эса вилоят Суд тиббий экспертизаси илмий марказига берилган. Ушбу тез тиббий ёрдам автомашиналари уч миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган вилоят аҳолисига хизмат қилади.

Бундан ташқари, шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан тиббиёт бирлашмаси учун короновирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш тадбирларига жами 2440,0 млн сўм маблағ ажратилган.

Вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаси тизимидаги муасасаларига шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан жами 2828,0 млн сўм маблағ ажратилган. Вилоят ҳокимлиги томонидан жами 20493,7 млн сўм маблағ вилоят даволаш профилатика муасасаларига йўналтирилди.

Бирламчи бўғиндаги

энг муҳим ўзгариш

Қишлоқ врачлик пункти, қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳамда шаҳар оилавий поликлиникасига аҳоли тез-тез мурожаат қилади. Бунда одамларнинг талаб ва эҳтиёжига мос тиббий хизмат кўрсатилса, табиийки, халқимизда тиббий хизматга нисбатан ишонч ва қониқиш ҳисси юқори бўлади. Ана шу жиҳатлар эътиборга олиниб, илгари самарасиз ишлаган бир қатор қишлоқ врачлик пунктлари ўрнида қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил этилди.

Қишлоқ врачлик пунктларидан фарқли равишда қишлоқ оилавий поликлиникаларида умумий амалиёт шифокори билан бир қаторда, бешта тор мутатассис – гинеколог, педиатр, хирург, стоматолог, ультратовуш таҳлил аппаратида ишлайдиган шифокор фаолияти таъминланди. Шаҳар оилавий поликлиникаларида эса ўнта йўналишда тор мутахассислар аҳолига хизмат кўрсатаяпти.

Тиббиётни молиялаштиришга ажратилаётган

маблағлар йилдан-йилга кўпаймоқда

Эътиборли жиҳати, давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришга ажратилаётган маблағлар ҳам йилдан-йилга кўпаймоқда. Жорий йилда соҳага 1 триллион 31 млрд сўм йўналтирилди, бу ўтган йилдагига қараганда 1,3 баробар кўпдир. Давлат тиббиёт ташкилотларини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш яхшиланмоқда.

Ҳозирда мамлакатимизда хирургия, кардиология, кўз микрохирургияси, урология, эндокринология, онкология, неврология, аллергология каби ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари сони 16 тага етди. Шунингдек, туманларда 306 та ихтисослашган бўлимлар, вилоят марказларида республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг 10 та филиали ташкил қилинди.

Дарҳақиқат, замонавий тиббиётни юқори технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шунга кўра, трансплантология ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда ва бу келгусида ҳам давом этади. Келгусида мамлакатдамизда молекуляр ва нуклеар тиббиёт, робот ёрдамидаги операциялар учун ускуналар ва даволашнинг бошқа юқори технологияли жарроҳлик усулларини жорий қилиш ҳам кўзланмоқда.

Албатта, тиббиёт тизимидаги ислоҳотларни асло кечиктириб бўлмайди. Аслида соғлиғимизнинг ўзи энг катта бахт. Уни асраш, саломатликни тиклаш учун тиббиёт ҳам замон билан ҳамнафас ишлаши керак. Бунинг учун имкониятимиз ҳам, шароитимиз ҳам етарли. Зотан, сифатли тиббий хизматсиз одамларни рози қилиб бўлмайди.

Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги

Энг кўп ўқилган