Ҳар қайси замонда, ҳар қайси мамлакатда бўлганидек, Ўзбекистонда ҳам кам таъминланган, эҳтиёжманд аҳоли қатлами бор. Шундай экан, камбағаллик бугун ёки кеча пайдо бўлгани йўқ.

Эсингизда бўлса, давлатимиз раҳбари парламентга йўллаган Мурожаатномасида мамлакатимиздаги камбағаллик даражаси 12-15 фоиз атрофида эканини маълум қилган эди. Бу 4-5 миллион аҳоли етарли даромад манбаига эга эмаслигини, ижтимоий ҳимояга муҳтожлигини билдиради. Таҳлилларга кўра, ана шу юртдошларимизнинг бир кунлик даромади 10-15 минг сўмдан ошмас экан...

Камбағаллик, уни камайтириш ҳақида кўп гапиряпмиз. Бу борадаги рақам ва кўрсаткичларни ҳар томонлама таҳлил этяпмиз, таклифлар беряпмиз. Хўш, камбағал аслида ким? Уни қайси мезонлар асосида белгилаймиз?

Бунинг учун биринчи навбатда камбағаллик тушунчаси, уни аниқлаш мезонларини белгилаш, яъни “истеъмол саватчаси” ва “яшаш минимуми” ҳақида алоҳида қонун қабул қилиниши зарурлиги кўп айтилди. Керакли қонун қабул қилинмасдан, кучга кирмасдан туриб, камбағалликни қисқартириш дастурларини самарали амалга ошириб бўлмайди. Катта маблағ, ҳаракат, вақт зоя кетиши мумкин. Қайси оила нима учун қийин вазиятда? Кимга қандай ёрдам кўрсатиш керак? Бу саволларга асосланган жавобни билмасдан камбағалликни қисқартириш осон бўлмайди.

Тўғри, камбағалликни камайтириш чоралари ишлаб чиқилди, “Темир дафтар” юритиш тизими жорий этилди. Лекин, биз бир нарсани унутмайликки, яшаш минимуми миқдорини белгиламасдан туриб, камбағалликни қисқартиришда тўсиқларга дуч келаверамиз. Барча сайъ-ҳаракатлар вақт ўтиши билан мақсадсиз ва самарасиз бўлиб қолиш мумкин.

Парламент қуйи палатасидаги фракциямиз “Яшаш минимуми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ва концепциясини ишлаб чиқилиб, ҳукуматга киритилди. Депутатлар, партия фаоллари ва экспертлардан иборат ишчи гуруҳи “истеъмол саватчаси” ва “яшаш минимуми”ни белгилаш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш ва таҳлил қилиш ишларини амалга оширмоқда.

Албатта, ҳозирги пандемия шароитида бу борадаги муносабатларни тартибга солишга бир қатор қийинчиликлар пайдо бўлиши аниқ. Иқтисодий томондан мураккаб бўлган бугунги вазиятда ушбу меъёрни рўёбга чиқариш осон жараён эмас. Аммо бошқа муқобил йўл йўқ. Яъни, “Яшаш минимуми тўғрисида” қонун қабул қилиш масаласини ҳар хил баҳоналар билан орқага суришдан ҳеч қандай наф чиқмайди, деб ўйлайман.

Шербек БЎРОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

Энг кўп ўқилган