Ер майдонларида қурғоқчилик ва чўлланиш муаммоси бугунги кунда барча халқаро жамоатчилик, ер эгаларининг, илмий даргоҳларнинг ва сиёсатшуносларнинг доимий диққат-эътиборида. Қурғоқчилик ва чўлланиш бутун инсониятга ижтимоий, иқтисодий зарар келтириб, дунё миқёсида экологик хавф солмоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг 70 фоизи ёки ери қурғоқчил майдонлардан иборат бўлиб, улар асосан табиий шўрланган, кўчма бархан қумликлар ва қумликлардан иборат чўл ҳамда иссиқ гармсел шамоллари таъсиридаги ҳудудлардан иборатдир. Орол денгизи сув сатҳининг қуриши туфайли Ўзбекистонда яна қўшимча 3 млн. гектардан ортиқ майдонда “Оролқум” саҳроси пайдо бўлди. Натижада ушбу ҳудудда экологик муҳит ёмонлашиб, чўлланиш жараёнлари янада кучайди ва кўплаб ижтимоий муаммоларни юзага келтирди.

Халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра, атроф-муҳит муҳофазаси, хусусан, ер ресурслари муҳофазаси ва улардан оқилона фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш давлатнинг биринчи даражали вазифаси сифатида эътироф этилган. Мамлакатимизда соҳада қонунчилик базаси яратилиб, уни такомиллаштириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекис­тон Республикаси Президенти­нинг 2019 йил 22 февралдаги “Ўзбекис­тон Республикасида чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори қабул қилинди.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан 2019 — 2023 йилларга мўлжалланган “йўл ҳаритаси” ишлаб чиқилди ва Ҳукумат томонидан тасдиқланди. Бугунги кунда соҳада ушбу “йўл харитаси”га асосан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Орол денгизининг қуриган ҳудудида 2019 йилда 501 минг гектарда, 2020 йил баҳорида 703 минг гектар майдонда кўчма қумларни мустаҳкамлаш мақсадида ўрмон барпо этиш тадбирлари амалга оширилди. 

Бухоро вилоятидаги Қизилқум чўлларига туташ ҳудудларидаги суғориладиган ерларни ҳамда инфратузилмасини қум босишидан сақлаш мақсадида 200 минг гектардан ортиқ майдонда, Бухоро шаҳри атрофида “яшил қалқон” яратиш мақсадида саксовузорлар барпо этиш бўйича ишлар жадал олиб борилмоқда. “Йўл харитаси” бўйича Навоий вилоятининг Нурота тоғолди ерларидаги очиқ бўш майдонларда 10 минг гектар майдонда писта плантациялари ташкил этиш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Шунингдек, ўрмон фонди ерларидан ташқари қишлоқ хўжалигининг суғориладиган ерлари мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув хўжалиги объектларини қум босишдан ҳимоя қилиш мақсадида тизимли равишда иҳота дарахтзорлари барпо қилиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу дастурга асосан 2019 йилда 2495 гектар ва 2020 йилда 2000 гектарга яқин майдонларда иҳота дарахтзорлари барпо этилган. Президенти­мизнинг 2019 йил 23 август­даги қарори билан 2020 — 2024 йилларда қишлоқ хўжалигига қарашли суғориладиган ерларда шартнома асосида 12 минг гектар майдонда иҳота дарахтзорлари барпо этиш давлат дастурига киритилган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, соҳада қўлга киритилган ижобий ютуқлар билан бир қаторда, айрим муаммолар ҳамда йўл қўйилган. Хусусан, соҳада давлат-хусусий шериклик, иқтисодий рағбатлантириш механизмлари жорий этилмаган. Инновацион лойиҳалар ишлаб чиқаришга кенг татбиқ этиш, маҳаллий аҳолини чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш ишларига жалб этиш ва улар хабардорлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

Боз устига, глобал иқлим ўзгариши шароитида чўлланиш ва қурғоқчилик жараёнлари табиий равишда тезлашар экан, жамиятнинг келгусидаги барқарор ривожланиши ҳамда экологик хавфсизлиги инсоният ушбу жараёнга қарши курашишнинг инновацион, креатив ёндошувларига узвий боғлиқ бўлиб қолади. Шундай экан,  Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида глобал иқлим ўзгариши шароитида чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича барча зарур чораларни кўриши лозим.

Ислом ХУШВАҚТОВ,

Турганбой ХОЖАНАЗАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари

Энг кўп ўқилган