User Rating: 0 / 5

Star InactiveStar InactiveStar InactiveStar InactiveStar Inactive

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан сўнг  ўғил-қизларимизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқариш, иш ва уй-жой билан таъминлашга устувор аҳамият қаратиладиган бўлди. Худди шу нуқтаи назардан олиб қаралганда 2021 йилнинг мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилингани ҳам ўзига хос рамзий маъно касб этади.

Бугун ёшларни мустаҳкам билим билан қуроллантириш, улар учун муносиб иш жойларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳар қачонгидек долзарб вазифага айланиб бормоқда. Бу борада шаҳримизда ҳам муайян ишлар амалга ошириляпти. Йил бошидан буён 136 нафар фуқарони иш билан таъминлаш масаласи ижобий ҳал этилди. Шулардан 91 нафари доимий ишга жойлаштирилган аёллардир. Шунинг баробарида 63 нафар ишсиз юрган ёшлар иш билан таъминланди. Ишсиз фуқароларнинг 4 нафари жамоат ишига жалб этилган бўлса, 92 нафари бульдозер ҳайдовчиси, пайванд­чилик, электр устаси ҳамда умумқурилиш соҳаларида ўқитилди ва айни дамда улар амалиёт ўташмоқда.

Шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази бевосита корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб боришга эътиборни қаратган. Чунончи, Олмалиқ кон-металлургия комбинати АЖ билан ҳамкорликда иш олиб борилиб, ҳозирда комбинат ўқув марказида 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган 330 нафар навқирон авлодларимиз ўқитилмоқда. Йил охиригача ушбу ўқув марказида 1200 нафар ёшни касб-ҳунарга ўқитиш режалаштирилган.

Ҳозирги куннинг муҳим талабларидан бири ёшларнинг ташаббускорлигини ошириш, янги инвестицион лойиҳаларни ҳаётга кенгроқ татбиқ этишдан иборат. Шаҳар ҳокимининг инвестиция бўйича ўринбосари Шермуҳаммад Бегиев билан бамаслаҳат, ҳамкорликда иш олиб боришга ҳаракат қиляпмиз. Асосий эътиборни эса инвестицион лойи­ҳалар асосида янги иш ўринларини яратишга қаратганмиз.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ёшларимиз орасидан хорижга бориб ишлаш истагида бўлганлар ҳам бор. Бундай ёшларга ҳам имконият ва шароит яратиб берилаётир. Жумладан, яқинда Тошкент шаҳридаги касб-ҳунарга ўргатиш мономарказига Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги “Строй крафт” компанияси вакиллари ташриф буюришди ва ёшларимизга ўз ишларини таклиф қилди. Учрашув давомида 18 ёшдан  45 ёшгача бўлган фуқаролар қабул қилинди. Шаҳримиздан борган ўндан зиёд фуқаролар билан ҳам шартномалар тузилди.

Куни кеча эса Бекобод шаҳрида ўтказилган қишлоқ хўжалиги соҳасида ташкил этилаётган иссиқхоналарда ишлашга доир тадбирда қатнаш­ган бир гуруҳ ёш тадбиркорлар билан ҳам шартномалар тузилди. Бу каби тадбирларга бевосита вилоят бандликка кўмаклашиш бош бошқармаси бошлиғи  Шерзод Абдураҳмонов бош-қош  бўлди.

Биз имкон қадар секторлар кесимида маҳаллабай ишлашга ҳаракат қиляпмиз. Маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, ишсиз аёллар, ёшлар ўрганил­япти. Кўпгина муаммолар маҳалланинг ўзида ҳал этил­япти. Учрашув ва суҳбат жараёнида аёллар ва ёшларнинг айримлари иш билан таъминланиб, темир дафтардан чиқариляпти. Булардан ташқари, секторлар билан ҳамкорликда меҳнат ярмаркаларини ҳам ташкил этяпмиз.

Албатта, олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ўзининг амалий натижасини беряпти. Кунлик бажарилган ишлар, ўтказилган тадбирлар, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинмоқда. Асосий мақсад эса ёшларимизни доимий иш билан таъминлаш, уларнинг ташаббусларини ҳамиша қўллаб-қувватлашдан иборат бўлиб қолаверади.

Фотимахон АҲМАДХОНОВА,

Олмалиқ шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори

User Rating: 0 / 5

Star InactiveStar InactiveStar InactiveStar InactiveStar Inactive

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида юртимизнинг барқарор тараққий этишини таъминлашда соҳа ва йўналишлар олдида турган муҳим вазифаларни кўрсатиб берди, десак, муболаға бўлмайди.

Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг фаолиятини жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратиш борасидаги фикрлар ҳам Мурожаатноманинг асосий мавзуларидан бўлди.

2021 йилда ижтимоий буюртма асосида нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қуватлаш жойлардаги мавжуд муаммоларни аниқлаш, ҳал этиш, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга қаратилган муҳим ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади. Бу эса ижтимоий шериклик асосида таълим, маданият, экология, қурилиш, кадастр, тарнспорт, коммунал жўжалиги, бандлик, ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги долзарб муаммоларни бартараф этишга имкон яратади.

Бундан ташқари, вазирлик ва давлат органлари томонидан ижтимоий буюртмалар ажратилиши ҳудудларнинг ўзига хос долзарб вазифаларини аниқлаш ва уни баратараф этишга, ижтимоий шерикликни мустаҳкамлашга ҳамда ҳудудлар кесимида махсус режалар ишлаб чиқишга асос яратади.

2020 йилда ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун 38 миллиард 33 миллион 900 минг сўм маблағ ажратилди. 2008 йилга нисбатан Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳажми 18 баробарга, 2010 йилга нисбатан 8,5 баробарга ошди. Жорий йил учун эса давлат бюджетидан 60 миллиард сўм маблағ ажратилгани соҳада олиб борилаётган ишлар ўзининг ижобий самарасини бераётганини кўрсатиб турибди.

2020 йилда молиялаштирилган давлат ижтимоий буюртмаси доирасида 1 680 нафарга яқин ишсиз сифатида рўйхатга олинган хотин-қиз қисқа муддатда ўқитилиб, 685 нафари иш билан таъминланди. Ўзбекистондаги 800 дан ортиқ гидлар ва экскурсоводларнинг салоҳияти оширилиб, 4 та ҳудудда  малакали гидларни тайёрлаш борасида ўқув марказлари ташкил этилди. Ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотларни сотиш учун мўлжалланган енгил констркуцияли 6 та савдо шохобчалари қурилди ва таёрланган маҳсулотларни сотиш учун шароит яратилди.

Заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган 13 та мактаб ва мактаб-интернатларига 1-синф­га қабул қилинган ўқувчиларига 2020-2021 ўқув йили учун 256 та тўп­лам тарқатилди.

ННТ ва фуқаролик жамияти инс­титутларини давлат ижтимоий буюртмаси доирасида қўллаб-қувватлаш тизимини янада ривожлантириш аҳоли ва турли ижтимоий қатламларнинг долзарб масалаларини ҳал этишга қаратилган ҳудудий, тармоқ ва соҳавий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда давлат органлари билан ижтимоий шерикликни янада мустаҳкамлайди. Бундай ишларни амалга оширишда жамоатчилик назоратини таъминлаши кўзлаган натижаларга етишишда муҳим омил бўлади.

Мурожаатномада белгиланган вазифалар амалга оширилиши демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг я­нги босқичида фуқаролик жамияти институтларининг бутун тизимини ривожлантиришга, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини, ижтимоий шериклик самарасини юксалтиришга, жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривож­лантиришга хизмат қилади.

       

Отабек ҲУСАНОВ,

Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик

жамиятининг бошқа

институтларини

қўллаб- қувватлаш жамоат фонди директори

User Rating: 0 / 5

Star InactiveStar InactiveStar InactiveStar InactiveStar Inactive

Бугун Янги Ўзбекистон шиори остида мамлакатимизда буюк аждодларимиздан асрлар оша етиб келаётган бой тарихий ва илмий меросларни асраб-авайлаш ва улардан самарали фойдаланишни таъминлаш, келгуси авлодга ушбу меросларни софлигича етказиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, юртимизнинг барча худудларида бунёдкорлик соҳасида ҳам мисли кўрилмаган лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бунинг ёрқин мисоли сифатида Тошкент шаҳрида қурилаётган Ислом цивилизацияси марказини айтишимиз мумкин.

Юртбошимиз ташаббуси билан миллий анъанавий усулда қурилаётган ушбу меъморий ва бинокорлик нуқтаи назаридан ниҳоятда улуғвор, муҳташам мажмуа бутун дунё аҳлининг юксак эътирофига, айниқса, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро эътирофига сазовор бўлмоқда.   

Ислом цивилизация маркази биносида қадимда юртимиздан етишиб чиққан буюк ислом уламолари, жаҳон илму маърифати ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ алломаларнинг ҳаёти ва ижодига оид илмий мерослар мужассам бўлиши, ноёб кўргазмаларга эга Ислом санъати музейи, кутубхона ва қўлёзмалар фонди яратилиши, буюк аждодларимиз томонидан асос солинган илмий, диний мактабларга доир юртимизда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма, тош­босма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осори-атиқалар, шу йўналишдаги замонавий илмий-тадқиқот ишлари, видео-фото ҳужжатлар билан бойитилиши бугунги ёш авлоднинг буюк аждодларимизнинг илмий меросларидан баҳраманд бўлишига хизмат қилади.

Бундан ташқари, Марказ лойиҳасида болалар фонди ташкил этилиши, унда ёшлар учун турли тўгараклар фаолияти йўлга қўйилиши, махсус делегацияларни қабул қиладиган, илмий тадқиқотлар олиб бориладиган ва диссертациялар ҳимоя қилинадиган хоналарнинг барпо этилиши ҳам яхлит бир мукаммал мажмуа бўлишига хизмат қилади.

Марказга ташриф буюрувчилар учун бир вақтнинг ўзида ислом оламининг ўнлаб энг ёрқин намояндалари ҳаёти ва фаолияти билан танишиш имконияти яратилишининг ўзи ҳам юксак эътирофга лойиқ.

Мажмуанинг яна бир муҳим жиҳати, жаҳон аҳлини бир мақсад – жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўлида бирлашишга чорлайдиган турли анжуманлар, маърифий тадбирлар ўтказилишга мўлжалланган конференциялар зали барпо этилишидир.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Марказ олдида турган вазифаларнинг аҳамияти ва кўламидан келиб чиқиб, фаолиятининг ҳар жабҳаси халқаро миқёсда бўлиши, дун­ёнинг йирик турдош ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиши, диний таълим, хусусан, халқаро даражадаги олим ва мутахассислар тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш масаласи долзарб этиб белгиланганининг ўзи ҳам юксак ва улуғ мақсадларнинг ижобатидир.

Президентимиз таъбири билан айтганда, илм ва маърифат ўчоғи бўлмиш мазкур Марказ қурилиши, ташқи ва ички кўриниши, мазмуни, илмий тадқиқотлари ва манбалари билан дунёдаги энг салоҳиятли ва аҳамиятли мажмуа бўлиши муҳимдир.  

Наврўзбек ЮСУПОВ,

Олий Мажлис

Қонунчилик палатаси

депутати

User Rating: 0 / 5

Star InactiveStar InactiveStar InactiveStar InactiveStar Inactive

Жамиятимизда ёшларга бўлган эътибор туфайли уларнинг муаммолари юзага қалқиб чиқмоқда. Ёш авлоднинг овози тобора баланд эшитилмоқда. Бу маммоларнинг энг оғриқлиси бандлик масаласидир.

Агар ҳаётга энди кириб келаётган йигит-қизларимиз билан суҳбатлашсангиз улар, энг аввало, ишли бўлишни, ҳалол йўллар билан пул  топишни, меҳнати билан орзу-ҳавасларининг камолини кўришни, оиласига, ота-­онасига, жамиятга наф келтиришни истайди. "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" Давлат дас­турини тайёрлашда ҳам бу истаклар асосий ўрин эгаллади.

Ёшларнинг бу оғриқли масаласига давлатимиз катта эътибор қаратмоқда. Президенти­мизнинг қабул қилаётган ҳар бир қарори, фармонларда, ўтказилаётган йиғилишларда бу борада чора-тадбирлар белгилаб берилади.

Афсуски, жойларга чиққанимизда, сайловчилар билан учрашганимизда туманлар миқёсида ишсиз ёшлар борлиги ачинарли ҳолат. Бу борада ҳудудлардаги секторларда айнан “ёшлар дафтари” ташкил қилишдан мақсад ҳам аслида ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган муҳим қадамдир.

 Юраги орзу-ҳавасга тўла, лекин қилай деса, иши йўқлигидан шунчаки кўчада гап сотиб юрган бекорчи ёшларни кўрмайди, дейсизми?

Ахир, шу маҳалла, шу туман, шу эл-юрт бизга мансаб, обрў-эътибор, имтиёзу ваколат бериб, тўрга ўтказиб қўйибди. Бугун зиммамизга юкланган масъулиятни оқлаб, ёшлар муаммосини ҳал қилолмас эканмиз, унда қайси муаммо ҳал бўлади? Ёш авлоднинг дардига бефарқ қараб, ўзимизни эл-юрт дардига шерикмиз деб айтаоламизми?

Биргина мисол. 2021 йил 27 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда  Президент асосий эътиборни қишлоқ хўжалиги учун ер ажратиш орқали ёшларни иш билан таъминлаш топшириғини берди. 10 гектар экиладиган ернинг 1 гектарини ёшларга ажратишни таъкидлади.

“Ҳар бир фермер 2 гектардан ерини ярим гектардан қилиб, 4 нафар ёшларга бўлиб берсин. Улар бу ерга истаган экинини эксин, ҳеч ким аралашмайди”, деди давлат раҳбари.

Йиғилишда қайд этилганидек, ўтган йили фермерлик учун ер олиш бўйича мурожаат қилган 14 минг ёшдан атиги 3000 нафарига ер участкаси берилган. Масалан, менинг округим Узун тумани бўлса, ёшлар учун ажратиладиган ер майдони 751 гектарни ташкил этади. Бу 3 минг 693 нафар иш ўрни дегани. Бу катта имконият. Қанча-қанча ёшларимиз ерга ишлаб, даромадли экинлар экиб, топадиган пулига ўзининг келажагини қуришни режалаштириб юрибди. Афсуски, уларнинг тақдирига, сўровларига лоқайдлик мавжудлиги, Президентимиз топшириғини ҳаётга татбиқ этишда қийинчилик туғдирмоқда. 

Биз ёш авлодга бугун шароит қилиб, мустақил ҳаётга йўл олиши учун замин яратсак, келажакни шу йигит ва қизлар бошқаради. Маҳаллий депутатлар, маҳалла раислари ва фаоллари керак бўлса, уйма-уй юриб, ҳар бир йигит-қиз билан юзма-юз суҳбатлашиб, давлат сиёсатини, яратаётган имкониятларни уларга етказиб, "ўғлим, қизим, хоҳласанг ишлашинг учун ер берилади, хоҳласанг кредит олиб берамиз" деб ташвиқот қилиб, ота-оналарча ғамхўрлик кўрсатиш зарур.

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис

Қонунчилик палатаси

 депутати

User Rating: 0 / 5

Star InactiveStar InactiveStar InactiveStar InactiveStar Inactive

Кейинги пайтда моддий зиённи қоплаш даъвоси билан судга мурожаат қилувчилар кўпайди. Демак, юртдошларимиз ўз ҳақ-ҳуқуқларини англаяпти,  судларга ишончи ортяпти. Шу билан бирга даъво аризаларини кўриш жараёнида баъзи фуқароларнинг ҳуқуқий билими жуда заифлиги, яъни, уларнинг аниқ далиллар тақдим қила олмаслиги, ҳолатни бирёқлама  баҳолаши ва бошқа хато-камчиликларига гувоҳ бўляпмиз. Бундай фуқаролар судда ютқазибгина қолмай, вақти, саъй-ҳаракатлари зое кетади, устига-устак, бож пулига ҳам куяди. Бинобарин, бу борада мухтасар йўл-йўриқ беришни лозим топдик.  

Иқтисодий судларда кўп учрайдиган ва мураккаб, чигал низолардан бири моддий зарар ва уни қоплашга оид ишлар ҳисобланади. Шу маънодаки, айтайлик, шартнома мажбуриятлари бажарилмагани оқибатида вужудга келган низоларни ҳал қилишдан кўра, ўзаро расмий келишув бўлмаган ҳолатларда моддий манфаатига путур етган шахсларни ҳимоя қилиш ва ҳақ-ҳуқуқини тиклаш қийинроқ. Шу боис судга мурожаат қилишга қарор қилган киши олдида даъво аризасини ҳуқуқий жиҳатдан пухта тайёрлаш, аввало, зарар етказиш факти, унинг миқдори ва ундириладиган суммани рад қилиб бўлмайдиган далиллар асосида исботлаш вазифаси туради. Бу қонунчиликда ҳам ўз ифодасини топган: иқтисодий-процессуал кодекснинг 68-моддасига кўра, “Ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак”.

Зарарни ундиришни талаб қилаётган шахс бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан судга мурожаат қилишда қуйидаги ҳолатлар мавжудлигини исботлаши лозим: мажбурият бузилганлиги; жавобгар хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида зарар етказилган шахс эканлиги; зарар етказиш факти ва зарарнинг мавжудлиги; жавобгарнинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) ва етказилган зарар ўртасида сабабий боғлиқлик мавжудлиги.

Даъвогар ўзининг ҳақлигини исботлашга муваффақ бўлса, зиён Фуқаролик кодексининг 985-моддасига мувофиқ ундирилади. Мазкур моддада шундай дейилган: “Ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек, юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан, бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим”.

Шу ўринда амалиётдан бир мисол келтирамиз: “Bilol service” МЧЖ (кейинги ўринларда “лизинг олувчи” деб юритилади) ва “Trans leasing”  МЧЖ (кейинги ўринларда “лизинг берувчи”) ўртасида автотранспорт воситасини лизингга бериш тўғрисида лизинг шартномаси тузилган.

Лизинг олувчи томонидан шартнома шартлари тўлиқ бажарилиб, 67 миллион 194 минг сўм пул лизинг тўлови сифатида ўтказиб берилган. Бироқ лизинг олувчи лизинг объектидан фойдаланиш жараёнида мажбурий ижро бюроси томонидан лизинг объекти, яъни автотранспорт воситаси фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суднинг ҳал қилув қарори ва бу асосда чиқарилган ижро ҳужжатига асосан олиб қўйилган. Нега? Гап шундаки, ушбу ҳал қилув қарори билан даъвогар – тижорат банкининг лизинг берувчига нисбатан кредит қарздорлигини ундириш ва ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкларга қаратиш тўғрисидаги даъво аризаси қисман қаноатлантирилган.

Бунинг оқибатида лизинг тўловларини ўз вақтида тўлаган ҳамда лизинг объектидан мақсадли фойдаланиб келаётган лизинг олувчига 67 миллион 194 минг сўм моддий зарар етказилган. Ўз навбатида, даъвогар жавобгардан  етказилган зарарни ундиришни сўраб, иқтисодий судга даъво ариза билан мурожаат қилган.

Лизинг олувчига етказилган моддий зарар амалда лизинг берувчининг айби билан етказилгани, тарафлар ўртасида тузилган шартнома лизинг объекти кредит қарздорлигининг таъминоти сифатида гаровга қўйилиши тўғрисидаги гаров шартномасидан олдинроқ тузилганлигини ҳамда лизинг шартномаси бўйича мажбуриятлар лизинг олувчи томонидан тўлиқ бажарилгани ҳолатларини инобатга олиб, суд даъвогарнинг мазкур талабини тўлиқ қаноатлантирди, зарар ундириб берилди.

Хулоса шуки, етказилган зарарни ундириш юзасидан судларга тақдим қилинган аризаларда даъво талаблари белгиланган тартибда асослантирилгани ва далиллар билан исботлангани даъвонинг тез ва тўғри кўриб чиқилишини,  даъвогарнинг бузилган ҳуқуқлари тўла тикланишини таъминлайди.

Дармона ЭШИМБЕТОВА,

Дилбар ХАЙРУЛЛАЕВА,

Тошкент туманлараро

иқтисодий суди судьялари

logo.png

Материаллардан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Разработано artlab

Муассис: «Жамият» ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти.

Таҳририят манзили: Тошкент шаҳри, Миробод тумани Матбуотчилар кўчаси 32-уй.

Электрон манзил: bonguz@mail.ru

Телефон: 71-236-10-87

Телеграм:  (90) 995-24-40

 

srdyt.jpg