Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда  Самарқанд шаҳрининг энг сўлим гўшаларидан бири ҳисобланган бульвар – университет хиёбони бузилмоқда, деган шов-шувли хабарлар тарқалди. Аслида вазият қандай?

    Вилоятда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишларининг кўлами, дунё халқлари нигоҳида бўлган қадимий Самарқанд шаҳрини янада муъжизакор масканга айлантириш борасида амалга оширилаётган ишлардан кўпчиликнинг хабари бор.

    Ижтимоий тармоқлардаги Самарқанд шаҳри марказидаги “Бульвар“ “бузилармиш“, “дарахтлар кесилармиш“ каби гап-сўзлар тарқалди. Бу ҳолат ўз ўрнида кенг жамоатчилик ўртасида турли шов-шувларни келтириб чиқарди.

    Шу боис, бугун 18 июнь куни Самарқанд вилоят ҳокимлиги кичик мажлислар залида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида матбуот анжумани ўтказди. Вилоят ҳокими журналистлар билан юзма-юз учрашувда Самарқанд заминидаги ҳар бир тарихий қадамжо халқимиз ва давлатимиз томонидан  кўз қорачиғидай асралишини эътироф этди.

    Жумладан  бульварга оид муносабатларга ойдинлик киритиб, у ерда ҳеч қанақа бузиш ёки қуриш ишлари олиб борилмаётгани, аксинча халқимиз ва юртимизга ташриф буюраётган сайёҳларга янада қулайликлар яратиш мақсадида хиёбонда ободонлаштириш ишлари олиб борилиши кўзда тутилаётганини айтиб ўтди.

Шуҳрат Қаршиев,

“bong.uz” мухбири.