Дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан огоҳ бўлиш,  юртимиздаги ўзгаришлар билан танишиб бориш доимий одатимга айланган.  Аслида меҳнат нафақасига чиқиб, кексалик гаштини суришни айнан шундай  одатсиз тасаввур қилишнинг ўзи қийин.  Бир пайтлар оиламиздан бир эмас, тўрт киши Чеченистон Республикасида ишлаб келарди. Сабаби, оиламиз катта бўлиб, рўзғор боқишнинг бошқа йўлини тополмаганмиз.

Фарзандларимнинг ўзга юртдаги меҳнати орқали  шу тариқа кун кечирдик. Ўз юртимизда эса улар  истаган иш топилиши қийин ёки уларнинг айрим ишларда ишлашга хоҳиши бўлмасди.

Ўша пайтларда бу мамлакатда турли жиноий тўдалар мавжудлигидан омавий ахборот воситалари орқали хабардор эдик. Мен фарзандларимнинг ана шундай хавфли оқимларга қўшилиб қолишидан жиддий ташвишланардим.  Оила аъзоларим, маҳалламиз фаоллари билан бу ҳақда кўп маслаҳатлашдим. Ўйлаб кўрсам, энг тинчи фарзандларимнинг ўз юртимда, ёнимда бўлиши экан.

Оилавий маслаҳатлашиб, фермер хўжалиги ташкил этамиз, деган қарорга келдик. Агар ер бўлса, ҳаммамиз бир жойда, ўз Ватанимизда ишлаймиз, деган хулосага келдик. Тендерда ғолиб бўлиб, фермер хўжалиги ташкил этганимизда бундай хавфлардан қутилганимизга, бундан буён тинч, бехавотир, фаровон яшашимизни ҳис этиб, қанчалар хурсанд бўлдик.

Бугунги кунда оилавий меҳнат қилаётганимиз - “Саида далалари” фермер хўжалигини  ташкил этганимизга тўрт йилдан ошди. Аммо шунча йиллардан буён бошимиз ташвишлардан, муаммо-ю можоралардан чиқмай қолди.

Дастлаб экин майдонимиз 60 гектар атрофида эди. Унинг  8 гектарида узумзор яратдик. Артезиан қудуғи ковладик, трансформатор ўрнатдик, дала шийпони қурдик Янги иш ўринлари барпо қилдик. Аммо ишимиз энди юриша бошлаган бир пайтда бизга халақит берувчилар, еримизга эга чиқувчилар пайдо бўлиб қолди.

Фермер хўжалигида аввал ўғлим Олимжон Бўриев раислик қилди. Кейинчалик бошқа ўғлим Анвар раҳбарликни бошқара бошлади. “Саида далалари” фермер хўжалигини ташкил этиш учун 22,5 гектар ер майдони ажратиш тўғрисида 2015 йил 15 июнда Иштихон тумани ҳокими қарори чиққан эди.  2016 йилнинг 28 мартида “Саида далалари” фермер хўжалиги билан  туман ҳокимининг ўртасида тузилган ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномасини қайтадан тузиш тўғрисида” ҳоким қарори қабул қилинди.

Шу тариқа ер майдонимиз ҳажми камайиб, 22,5 гектарга тушди. Катта маблағ ҳисобига қаздирган артезиан қудуғи, ўрнатилган трансформатор, қурилган дала шийпони бошқалар ерида қолиб кетди. “Майли, ана шу ерни обод қилиш ҳам осон эмас” деб ишга киришдик. Лекин қолган еримизга ҳам ҳужум бошланли.  Набижон Бўтаев ва Баҳриддин Норбоев деган кишилар фермер хўжалигимизга тегишли жойда ноқонуний равишда уй-жой қуриб олишди. Ачинарлиси, Ойбек Ҳайитов  деган яна бир фуқаро тегишли идоралар рухсатисиз хўжалигимизга олиб борадиган йўлни ҳам эгаллаб, шу ердан уй-жой қуришни бошлади. Ҳозир узоқ жойлардан, тахминан 25 километр ортиқча йўл босиб,  даламизга айланма йўллардан боришга мажбур бўляпмиз.

Энди ўйлаб кўрайлик. Илгари экин майдонимизга борадиган йўлимиз  бир километрга етиб-етмасди. Энди эса у 25-30 бараварга ошди. Шундай бўлгач, фермернинг харажатлари ҳам шунга монанд бўладими?  Ана шу 25-30 баравар қилинадиган ортиқча харажатни фермер қаердан қоплайди? Бу билан ерни ўзбошимчалик билан ноқонуний эгаллаб олаётганларнинг иши йўқ, албатта. Фақат уларнинг мақсади бизнинг ишимизнинг юришиб кетишига тўсқинлик қилишга ўхшайди. Воқеадан туман ҳокими, прокурори ва бошқа тегишли мутасадди раҳбарлар хабардор. Аммо негадир улар жим.

 Йиллар мобайнида ҳақиқат излаб жуда кўп идораларда, раҳбарлар қабулида бўлдик. Ҳокимлик, прокуратура ва бошқа нуфузли идораларга қилган мурожаатларимизнинг фойдаси бўлмаяпти.

Туман фермерлар кенгаши тасарруфимиздаги ноқонуний эгаллаб олинган ерни қайтариб олиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судига даъво аризаси киритди. 2017 йилнинг январь ойи 19-кунида мазкур  суднинг очиқ  мажлисида жавобгарлар – Бўтаев Набижон ва Норбоев Баҳриддиннинг ноқонуний қурилган биноларини буздириш ва ер майдонини фермер хўжалигига қайтариб бериш масаласи кўриб чиқилди. Суд бизнинг фойдамизга қарор чиқарди. Жумладан унда шундай дейилади:

  “Даъвогар Иштихон туман фермерлар кенгашининг “Саида далалари”  фермер хўжалиги манфаатларини кўзлаб, жавобгарлар Бўтаев Набижон Ортиқович ва Норбоев Баҳриддин Пўлатовичларга нисбатан ноқонуний қурилган қурилишни буздириш ва ер майдонини қайтариб олиб бериш тўғрисидаги даъво аризаси  қаноатлантирилсин.

 Жавобгар Бўтаев Набижон Ортиқович томонидан “Саида далалари” фермер хўжалигига тегишли бўлган 244-контурдан  ноқонуний равишда  ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган  1,0 гектар  ер майдонининг 170,0  кв.метрдан иборат қисмида ноқонуний қурилган қурилиш  жавобгар Бўтаев Набижон Ортиқовичнинг ҳисобидан мажбурий тартибда буздирилсин.

Жавобгар Норбоев Баҳриддин Пўлатович томонидан “Саида далалари” фермер хўжалигига тегишли бўлган 244-контурдан  ноқонуний равишда  ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган  1,0 гектар  ер майдонининг 200,0  кв.метрдан иборат қисмида ноқонуний қурилган қурилиш жавобгар Норбоев Баҳриддин Пўлатовичнинг ҳисобидан мажбурий тартибда буздирилсин.

 Жавобгарлар Бўтаев Набижон Ортиқович ва Норбоев Баҳриддин Пўлатовичлар томонидан “Саида далалари” фермер хўжалигига тегишли бўлган 244-контурдан  ноқонуний равишда  ўзбошимчалик билан 1,0 гектардан  эгаллаб олинган жами 2,0 гектар ер майдони жавобгарлар Бўтаев Набижон Ортиқович ва Норбоев Баҳриддин Пўлатовичлардан “Саида далалари” фермер хўжалигига олиб берилсин”.

Бу иш яна бир неча бор судлар томонидан апеляция ва кассация тартибида кўриб чиқилди.  Ҳар гал бизнинг фойдамизга қарор чиқарилди, ажрим қилинди. Жумладан, 2017 йилнинг 16 март куни фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди кассация инстанциясининг очиқ суд мажлиси шундай ажрим чиқарди:

“Даъвогар Иштихон туман фермерлар кенгашининг “Саида далалари” фермер хўжалиги манфаатини кўзлаб жавобгарлар Бўтаев Набижон Ортиқович ва Норбоев Баҳриддин Пўлатовичларга нисбатан ноқонуний қурилган қурилишни буздириш ва ва ер майдонини қайтариб олиб бериш ҳақидаги даъво аризаси бўйича юритилган фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судининг 2017 йил 19 январдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, келтирилган кассация шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилсин”

Аммо ижро ҳамон амалга оширилмаяпти. Негадир  Мажбурий ижро бюроси ишга киришмаяпти. Бу идорадагилар адолатли суд томонидан қилинган адолатли ҳукмни тан олишмаётганга ўхшайди.

Ана шу ўринда мана хатга эътибор қаратайлик:

Мажбурий ижро бюроси Иштихон туман бўлими давлат ижрочиси Б.ҲОЖИЕВГА

Фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро суди Сизни ФИБ Иштихон туманлараро судининг 2017 йил 19 январь кунги ҳал қилув  қарорини  ижро ҳужжати  ижросини  бир марталик умумдавлат акциясини амал қилиш муддати тугагунига қадар тўхтатиб туриш ҳақида ёзган хатингизни ўрганиб чиқди. Ушбу юзасидан  Сизга қуйидагиларни тушунтираман.

Ўз. Республикаси ФПКнинг 263-моддаси 1-2-қисмига кўра ҳал қилув қарори ноаниқ бўлса, ишни ҳал қилган суд ўз ташаббуси ёки  ишда иштирок этувчи  шахсларнинг аризасига , шунингдек ҳал қилув қарорини  ижро этиш зиммасигаюклатилган органлар  ва давлат ижрочисининг аризасига кўра  ҳал қилув қарорини унинг  мазмунини ўзгартирмаган ҳолда  тушунтиришга ҳақли.

Ўз.Республикаси суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларни ижро этиш  тўғрисидаги қонуннинг  31-моддаси 1-қисмига кўра ижрога топширилган ижро ҳужжатидаги талаблар ноаниқ бўлган тақдирда  суд ижрочиси ижро ҳужжатини бериш учун  асос бўлган суд ҳужжати  ёки бошқа орган  ҳужжатини, шунингдек қонунга кўра  ижро ҳужжати ҳисобланадиган  ҳужжатни тушунтириб беришни сўраб ижро ҳужжатини берган суд ёки бошқа органга  ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.

Мазкур қонун талаби асосида давлат ижроси ҳал қилув қарори  ноаниқ бўлса тушунтириш бериш ҳақида ариза билан мурожаат қилиши мумкинлиги боис давлат ижроси ҳал қилув қарорини тўхтатиб туриш юзасидан тушунтириш бериш ҳақида хат билан чиқишга ҳақли эмас, бу ҳақда  Ўз. Республикаси ФПКда ва Ўз.Р еспубликаси суд ҳужжатларида  бошқа органлар  ҳужжатларни ижро этиш тўғрисидаги қонунида назарда тутилмаган.

Шу боисдан юқоридаги қонун талабларидан келиб чиқиб, Мажбурий ижро бюроси Иштихон туман бўлими давлат ижрочиси Б.Ҳожиевни ижро ҳужжати ижросини муддати тугагунга қадар тўхтатиб туриш юзасидан тушунтириш бериш ҳақидаги хатини суд  мажлисида муҳокама қилмасдан оқибатсиз қолдирилди.

Фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судининг судьяси В.Қ. Асқаров.

Қарангки, мажбурий ижро бюроси томонидан ижрони кечиктириш ҳақидаги таклиф суд томонидан маъқулланмади, балки, унинг амалдаги қонунларга зид эканлиги кўрсатилиб берилди. Аммо шундай бўлса-да, мажбурий ижро бюроси томонидан суд қарорини бажариш ҳамон кечиктирилмоқда.

Қисқаси, “Саида далалари” фермер хўжалиги бугун ҳисобот учун қилинадиган барча ҳужжатларда мавжуд. Аммо ажратилган ерда ишлаш учун имконият йўқ. Очиқроғи, бундай имкониятни сунъий равишда йўқотиш кимларгадир керак бўлаяпти. Ноқонуний равишда ерларимизни эгаллаб олганлардан ерни қайтариб олиш ва ўзбошимчалик билан қурилиш қилинганлиги учун биноларни бузиш суд қарори бўлса-да, пайсалга солинмоқда. Суднинг бу қарорини бажариш борасидаги мажбурий ижро бюросидагиларнинг сусткашлигининг сабаби тушуниш қийин. Бу мажбурий ижро бюросининг суд қарорига нисбатан беписандлигими, ёки бориб турган масъулиятсизлиги.

 Биз эса  ҳар сўзимизни исботловчи ҳужжатларга, далилларга эгамиз. Ерга эгалик ҳақидаги туман ҳокимининг қарори, ерни қайтариб олиш ҳақидаги суд қарорлари ва бошқа ҳужжатлар қўлимизда. Уларни тан олмаётганлар мамлакатимизнинг амалдаги қонунларига, муҳтарам Президентимиз сиёсатларига  зид иш тутишмаяптимикан?

Отамурод БЎРИЕВ,

 Иштихон туманидаги “Саида  далалари”

 фермер хўжалиги иш юритувчиси