Сўнгги йилларда ҳаётимизда жуда кўплаб ўзгаришлар, янгиликлар кузатилмоқда, шу жумладан, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида ҳам. Сохани такомиллаштириш, унга янги, инновацион технологияларни жорий этиш, қонунчиликни замон талаблари даражасига кўтариш йўналишидаги ишлар шулар жумласидандир.

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизими самарадорлигини ошириш мақсадида  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси йўл хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ва ушбу қарор билан тасдиқланган "2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси" ва "2018-2019 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясини амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси" қабул қилинди.

Ушбу Концепциянинг асосий йўналишлари бу, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, шу жумладан Йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузганлик учун жавобгарлик чораларини янада кучайтириш, йўл инфратузилмасини комплекс такомиллаштириш, йўллар сифатини яхшилаш, транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланиши учун ишончли шароитлар яратиш ҳамда йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳуқуқий маданияти, зарур билимлари ва малакасини ошириш, интизомини мустаҳкамлашдир.

“Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йилнинг 9 апрель куни имзоланган “Йўл ҳаракати қоидалари”га ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 292-сонли қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан амалдаги “йўл ҳаракати қоидалари”нинг “Ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш” деб номланган бобининг 138-банди қуйидаги таҳрирда баён этилди.

“Куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шарт”.

Бу нарса хавфсизликни таъминлаш самарадорлигини ошириш мақсадида жорий этилди. Сабаби чироқлари ёқилган ҳолда ҳаракатланаётган транспорт воситаси тез эътиборга тушади. Ҳайдовчи ҳам, пиёда ҳам уни ўз вақтида илғаб олишига имкон кенгаяди.

Аммо, сўнгги вақтларда турли ижтимоий тармоқларда бу масала кенг муҳокама қилиниб, турли фикрлар билдирилаётган эди. Шуларни эътиборга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси шу йил 4 июнь куни ўзининг 460-сонли қарори билан кундузи чироқ ёқиб юриш талабларига ўзгартириш киритди. Унга кўра 2021 йил 1 январга қадар куннинг ёруғ вақтида яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шартлиги бўйича талаб автоматик ёниб турувчи кундузги сигнал чироқлари билан жиҳозланмаган автомототранспорт воситаларига нисбатан татбиқ этилмайди. 2021 йилнинг 1-январига қадар фақатгина транспорт воситалари ташкилий жамланма сафида ҳаракатланаётганда, йўловчиларни ташиётган автобус ва йўналишли транспорт воситаларида, болалар гуруҳини ташкилий ташишда, хавфли, катта ўлчамли ва оғир вазнли юкларни ташишда, механик транспорт воситаларини шатакка олишда (шатакка олиб кетаётган транспорт воситасида), мотоцикл ва мопедларда яқинни кўрсатувчи чироқлар ёқилган бўлиши керак.

Қарорда 2020 йил 1-январдан бошлаб мамлакатда ишлаб чиқариладиган барча автомототранспорт воситалари ички бозорга ишлаб чиқарувчи томонидан автоматик ёниб турувчи кундузги сигнал чироқлари билан жиҳозланган ҳолда чиқарилиши лозимлиги белгилаб берилди. Шунингдек, республикага чет элдан импорт қилинадиган автомототранспорт воситаларида кундузги сигнал чироқларининг мавжудлиги сертификациядан ўтказиш учун мажбурий техник талаб сифатида белгиланди.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда икки ойлик муддатда муомалага чиқарилаётган ғилдиракли транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент мазкур қарор талаблари асосида такомиллаштирилади.

Қарорда шунингдек, ИИВ ва Адлия вазирликлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари билан ҳамкорликда бир ой муддатда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ёруғ вақтда автомототранспорт воситаларининг яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб  ҳаракатланмаганлиги учун жавобгарликни енгиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш вазифаси юклатилди.

Яна бир мулоҳаза. Вазирлар Маҳкамасининг 460-сонли қарори эълон қилиниши билан кўпчилик кундузи чироқ ёқиб юриш амалиёти бекор қилинибди, деган фикрга бормоқда. Йўқ, бу тартиб бекор қилингани йўқ, қарор билан унинг  амал қилиш муддати узайтирилди. Яъниким, ҳаракат иштирокчиларига имконият яратилди. Эндиликда ана шу имкониятдан тўғри фойдаланиш керак.

Ҳа, кундуз куни чироқ ёқиб юришдан қўрқиш керак эмас. Бу ишларнинг ҳам ўз қонун ва қоидалари бор. Қонун ва қоидаларни эса ҳамма бирдек бажариши шарт. Чунки, ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш барчанинг иши. Ундан ҳеч ким четда тура олмайди. Чунки, бу ерда асосий гап инсон деб аталмуш буюк зотнинг ҳаёти ва хавфсизлиги тўғрисида бормоқда. Энг муҳими ана шунда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ

Матбуот хизмати мухим топшириқлар бўйича

инспектори майор А.Муродов