Самарқанд вилоят ҳокимининг ўнинча марта ўтказтган сайёр қабулига ҳам бордим. Бу галгиси Жомбой туманида бўлди.

Очиғи, ҳангома излаб бордим. Одамларни қанақа муаммолар ташвишга солаётганини, уларнинг кайфиятлари қанақалигини кузатиш, янги ёзадиган мақола ва ҳикояларимга мавзу топиш учун бордим.

Энг қизиғи, вилоят ҳокими ўзининг 9-сайёр қабули ҳақида мен ёзган мулоҳазаларни ўқиган, шекилли, олдингига ўхшаш ноўрин ва ақлдан ташқари талабларга узил-кесил “Мен сизнинг мурожаатингизни қабул қилмайман, сизга ёрдам бермайман!” деб юборди.

Тоғни урса тоғни талқон қиладиган бир йигит “Ёмғир кўп бўлди, деворим ювилиб кетди, таъмирлаб берсангиз”, деганида ҳокимнинг аччиғи чиқиб кетди:

– Энди 15 метр деворингни ҳам мен таъмирлаб берайми? Балки лой тепиб, ўзим пахса уриб беришимни ҳам талаб қиларсан? Бор, ишингни қил!

Ҳоким ҳайдаб юборган йигитнинг “бошини силагим” келди. Бориб, секин дардини сўрадим.

– Ўзи ишсизлигимни айтгани келган эдим, гапни девордан бошлаганим чатоқ бўлди, ҳоким қолганини эшитмасдан ҳайдаб юборди, – деди йигит.

Мен шу йигит норози бўлиб кетмасин, деб уни Жомбой туман ҳокими Умид Назаровнинг олдига етаклаб бордим:

– Битта илтимосимни бажаринг, мана шу йигитни ишга жойлаштириб қўйинг, фалон корхонада ишлашни хоҳлар экан!

Ҳоким дарров ўша корхона раҳбарини чақириб, бу йигитни ишга олишини буюрди. Бирпасда муаммо ҳал бўлиб, йигит душанба куни ишга чиқадиган бўлди. Аммо яна кетмай турибди-да.

– Яна бирор гапингиз борми? – сўради ҳоким.

– Шу, деворимни ёмғир ювиб кетди-да, шуни таъмирлашга ёрдам берсангиз яхши бўларди, ишдан ҳам девор зарурроқ эди ўзи...

Энди менинг асабим дош бермади:

– Ҳов, бола, вилоят ҳокими шу гапинг учун ҳайдаб юборган эди, энди туман ҳокими каллангга солади. Бор энди, чарчаганга ўхшайсан, дамингни ол!

Яна бир киши кўприк масаласида мурожаат қилди. Ҳоким молия бошқармаси бошлиғини чақириб, вақтида шу кўприк таъмири учун маблағ ажратмаганлиги учун танбеҳ берди. Молия бошқармаси бошлиғи ҳалиги кишига "Менинг ўзимга кечагина учрашгандингиз, июль ойида ҳал қилиб берамиз, дегандим, яна нега қабулга келдингиз?" деб сўради.

– Ҳокимни бир кўргим, ўзидан бир эшитгим келди-да, – деди ҳалиги киши. – Уч-тўрттага ҳокимни кўрдим, мени қабул қилди, деб керилиб қўяман-да.

У киши керилиб юрар, аммо бошқарма бошлиғи бир танбеҳ эшитди...

Бугун ҳам анча-мунча видеолавҳалар тайёрладим, аммо, одатдагидек, битта лавҳани эътиборингизга ҳавола қилиш билан чекланаман. Баҳони ўзингиз берарсиз.

Бу ҳокимнинг ишлайдиган, тўрт мучаси соғ эри, болалари бўлиб, уй сўраб келган аёлга жавоби.

Каримберди Тўрамурод