Қарори ёки ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан бош вазир қабулхонасига шикоят қилинаётган ташкилотларнинг мансабдор шахсларига мурожаатларни кўриб чиқиш учун асоссиз топшириш тақиқланади. «Газета.uz»нинг хабар беришича, бу Президентнинг 14 майдаги «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида қайд этилган.

Фармон билан Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Ўзбекистон бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти ташкил этилди.

Ҳужжатда мурожаатлар билан ишлаш тартиблари тавсифлаб берилган. Хусусан, тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарида тадбиркорларни, шу жумладан, чет эллик инвесторларни қабул қилиш ҳокимликлар, Савдо-саноат палатасининг тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари, инвестициялар ва савдо, адлия, солиқ инспекцияси, қурилиш, давлат кадастри органлари, банк ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудий органлари вакиллари иштирокида тасдиқланган жадвал бўйича ҳар куни амалга оширилади.

Республика даражасида ҳал этилиши керак бўлган тадбиркорларнинг, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг мурожаатлари кейинчалик Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатасининг раҳбарлари ва бошқа ваколатли органлар иштирокида кўриб чиқиш учун котибиятга юборилади.

Ўзбекистон бош вазири мурожаатлари ваколатли органлар томонидан ҳал этилмаган тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан, чет эллик инвесторларни доимий асосда шахсан қабул қилади.