Бугун сектор вакиллари халқ билан бевосита учрашувларни ўз фаолиятининг энг муҳим йўналиши деб билмоқда. Улар халқ ичига янада чуқурроқ кириб боришга, одамлар билан ҳамдард, ҳамнафас бўлишга астойдил интиляпти. Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида бўлганимизда секторлар томонидан амалга оширилаётган ишлар баробарида ажиб «манзара»ларнинг ҳам гувоҳига айландик.

Тумандаги Янгиқўрғон массиви Ички ишлар бўлими бошлиғи раҳбарлигидаги 3-сектор ҳудудига тегишли. Сектор штабидан олинган маълумотларга кўра, ҳудудда 10 та маҳалла фуқаролар йиғинида  45 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Сектор вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ хонадонма-хонадон юриб, аҳоли муаммоларини ўрганмоқда. Шу кунга қадар аниқланган 261 та муаммодан 200 таси ижобий ҳал қилинган. Қолган 61 тасига ечим топиш мақсадида мутасадди ташкилотларга юборилган. Сектор штаби котиби Жамшид Азимов бошчилигидаги Ишчи гуруҳи аъзолари нафақат аҳоли орасига, балки уларнинг қалбига ҳам кириб боришга, дилдан суҳбатлашишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ ҳудуддаги айрим мутасадди ва масъулларнинг лоқайдлиги, ўзбошимчалиги сабаб «эскича услуб»да иш олиб борилаётганидан аҳоли азият чекмоқда.

Сектор вакиллари ҳамроҳлигида «Сўғончи» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган туман мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 14-сон мактабгача таълим муассасасида бўлганимизда у ерда тарбияланаётган болажонлар ноқулай шароитларда парваришланаётганига амин бўлдик. 80 нафар болани қамраб олган таълим муассасаси абгор ҳолда. Бирор бахтсиз ҳодиса рўй бергудек бўлса, болажонларнинг омон қолиши даргумон. Санитар аҳвол ачинарли даражада. Тарбияланувчилар жойлаштирилган хоналар девори таъмирталаб, шифти йиқилгудек. Унга дабдурустдан қараган киши қўрқади. Ошхонани кўриб эса ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Талабга асло жавоб бермайди. Наҳотки, ота-оналар бу ердаги шароитни кўра-била туриб, азиз фарзандларини шу даргоҳга топширишса! Энг ачинарли томони, муассасада ҳожатхона йўқ. Болажонлар муассаса билан ёнма-ён жойлашган поликлиника филиалининг ҳожатхонасига олиб борилар экан. Бу ердаги санитария аҳволини яқин орада бирорта масъул бориб кўрмаган кўринади. Муассаса раҳбари иш жойида бўлмагани сабаб ҳамшира Моҳида Ҳусанова билан суҳбатлашиб, бу ердаги ходимларнинг ҳам шундай шароитда ишлаётганига ачиндик.

Сектор ҳудудидаги 3-сон мактабгача таълим муассасасидаги аҳвол ҳам бунисидан сира қолишмайди. Яқин орада боғча ошхонасига жиҳоз олинмаган шекилли, идишлар йиллар давомида ишлатганидан сири учиб, тешилиб қолган. Ушбу таълим даргоҳидаги болалар ҳожатхонаси умуман талабга жавоб бермайди. Бадбўй ҳиддан димиққан болалар ҳожатхонага киришдан безиллаб қолган. Гуруҳлардаги кўрпа ёпинчиқлар ҳам жуда эскириб кетган. Ҳолатга изоҳ олиш мақсадида муассаса мудирасини йўқладик. Афсуски, «у киши қаергадир кетган» деган жавобни олдик.

Фарзандларимизнинг эртаси ёруғ, келажаги порлоқ бўлиши учун бугуннинг пойдевори мустаҳкам бўлиши шарт. Бунинг учун эса биринчи галда боғчаларда таълим-тарбия жараёни тўғри йўлга қўйилган, замонавий, барча шароитлари етарли бўлиши керак. Аммо ота-она, ҳатто, ҳожатхонаси бўлмаган таълим муассасасига фарзандини ташлаб, кун давомида «боламнинг ҳоли не кечди экан?» дея изтиробли саволлар, ниҳоясиз хавотирлар исканжасида юришини ўйлаган ҳар бир кишининг юраги оғрийди. Кўзи чақнаб турган болажонларга раҳми келади. Аҳвол нега бу даражада аянчли тус олганини билиш ва масалага ойдинлик киритиш мақсадида туман мактабгача таълим бўлими мудираси Бахтигул Асророва билан суҳбатда бўлдик.

— Ҳар иккала муассасадаги аҳволдан хабарим бор, — дейди у. — Раҳбар сифатида бориб аҳволни кўрганман. Бу муаммолар маблағ билан боғлиқ бўлгани учун ўз ечимини кутяпти. Насиб бўлса, келгусида Давлат дастурига киритиш орқали муаммоларни бартараф этамиз. Бу борада туман ҳокимлигига ҳам мурожаат қилганмиз. Ҳаракат қиляпмиз.

Сифатли таълим тизимига катта эътибор қаратилаётган бир даврда мактабгача таълим муассасаларидаги бу каби ҳолатлар дилни хира қилади. Таълим даргоҳида фаолият юритаётганлар ҳам нима қилсин? Фарзандларимизга сифатли таълим берсинми ёки маиший муаммолар, текшир-текширлар, қоғозбозликлар гирдобида юраверсинми?

Бугун катта ўзгаришлар ва ислоҳотлар даврида яшаяпмиз. Юртимиз келажаги бўлган болажонлар учун ҳар доимгидан кўпроқ қайғуриш, ғамхўрлик қилиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз ҳисобланади. Шундай экан, бундай долзарб муаммоларни кечиктирмай, ҳар бир раҳбар шахсан ўзи назоратга олса, мутасадди ташкилотлар ортга сурмай, тезроқ масалани ижобий ҳал этса, нур устига аъло нур бўлар эди. Зеро, болалар тақдирига бефарқ бўлган киши жамиятга ҳам бефарқ саналади.

Шуҳрат ҚАРШИЕВ,

«Жамият» мухбири