Боғот туманидаги Найман қишлоғининг «Нурли ҳаёт» маҳалласи аҳолисидан мурожаат бўлди.  Унда мактабгача таълим муассасаси абгор аҳволдагилиги қатор суратлари билан кўрсатилган эди. Болалар боғчасини кўриб, афсус чекишингиз, «ҳали ҳам шундай хароб аҳволдаги бинолар бор экан-а», дейишингиз аниқ.

Ўша болалар боғчасини топиб бордик. Тутдай тўкилиб, «саломатлигини» йўқотиб, худди «Болам, қаригач, аҳволинг шуда энди, ҳеч кимга керагинг бўлмай қолар экан», деб тургандек гўё.

Шу ерлик аҳолининг таъкидлашича, боғча биноси ўтган асрнинг 56-57 йилларида қурилган. Бир пайтлар мактаб бўлган. Кейинчалик болалар боғчасига айлантирилган. Шундан сўнг «Ғунча» деб номланувчи мазкур 7-сонли боғча маҳалланинг 90-100 нафар боласини ўз бағрида тарбиялаган ва 2011 йилга келиб, фаолиятини батамом тугатган.

Орадан саккиз қовун пишиғи ўтди. Бу пайтда тизим ўзгарди, секторлар ташкил этилди. Аммо боғчани «ана қурамиз, мана қурамиз»дан нарига ўтилмади. Агар ҳафсала ва эътибор қаратилганда, шу пайтгача шундоқ турармиди? Аҳоли ҳам тинч ўтирмади. Ёза-ёз қилишди. Телевидениедан бутун республикага намойиш этилдиямки, фойдаси бўлмади.

Ўзини боғча қоровули деб таништирган Шавкат Сўпиевнинг гапларига бир қулоқ тутайлик:

— Яқинда ҳокимликдан келиб кетишди. Боғчани 2020 йилда қуриб, фойдаланишга топширамиз дейишяпти.

— Боғчанинг қўриқлайдиган ҳеч нимаси қолмабду-ку, — деймиз қоровулга.

— Агар қараб турмаганимда шу тўрт деворини ҳам кўришингиз амримаҳол эди, ака.

Боғчанинг деворлари нурай бош­лаган. Атрофида шу маҳаллалик болажонлар копток ўйнаб юрибди. Ота- боболаримиз «эски кесакдан худо сақласин» деб бежиз айтмаган. Зўрға турган бинонинг бирон бир пахсаси йиқилгудек бўлса борми?..

Болалар боғчасини суратга олиб юрганимизни кўрганлар дарҳол «Нурли ҳаёт» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тоҳир Матёқубов ва боғчанинг мудираси Фароғат Эгамоваларга сим қоқди. Бир зум ўтиб, улар етиб келди.

— Боғчамизни келиб кўрмаган қолмади ҳисоб, — деди Тоҳир Матёқубов. — Сектор раҳбарлари ҳам, туман ҳокими ҳам... Улар боғчани шу йилнинг сентябрь ойи­га янгидан ишга туширамиз дейишмоқда.

Нега саккиз йилдан бери янгидан қуришмади, деган саволимиз эса жавобсиз қолди. Бунга, албатта, мутасаддилар ойдинлик киритади.

— Болалар боғчаси қурилиб, ишга тушгунча уй боғчаси очдим, — дейди Фароғат Эгамова. — Ҳарна, одамларга ёрдам. Агар ушбу муассаса ишга тушса, яна 100 нафарга яқин болани ўз бағрига олади ва йигирмага яқин иш ўрни очилади.

Ҳозирда маҳаллада 300 нафар боғча ёшидаги бола бор. Шунинг 100 нафарга яқини қўшни маҳаллалардаги боғчаларга ва хусусий мактабгача таълим муассасаларига қатнайди. 200 нафар бола учун боғча зарур. Маҳалладаги ота-оналар ҳам болалар боғчаси қурилишини интизорлик билан кутиб турибди. Одамлар «Бизнинг ҳам невараларимиз болалар боғчасига борса, боғча кўрган бола эртага мактабда қийналмасди», деган орзуда.

— Сиз мақолангизни ёзмай туринг, — деди маҳалла раиси Тоҳиржон Матёқубов. — Бир ҳафта кутинг! Агар шу ҳафтада ҳам мутасаддилар сўзининг устидан чиқмаса, кейин бемалол мақолангизни чиқараверасиз...

Хўп, дедик. Мана, айтилган муддат ҳам тугади. Тоҳир ака билан телефон орқали боғландик. Афсуски, ҳеч ким келмабди. Хабар ҳам олган йўқ. Яна ўша-ўша гап... Боши оғримаганнинг боши оғриган билан нима иши бор. Саккиз йил кутган халқ яна бир йил кутса, нима бўпти, дейишаётгандир-да...

Маҳалладаги бошқа муаммолар...

Ҳудудда «зангори олов» муаммоси ҳам бор. Боғча масаласида борган бўлсак-да, аҳолининг бу муаммосидан ҳам кўз юмолмадик.

— Атрофимиздаги барча маҳаллада бор газ бизда йўқ. 2013 йилда қирқилгандан сўнг газдан умуман мосуво бўлдик, — дейди Шавкат Сўпиев. —Суюлтирилган газни бўлса, ўз вақтида беришмаяпти.

Ҳайтовур, маҳаллада тоза ичимлик суви бор экан. Ҳатто, мана шу хароба боғчага ҳам водопровод тортилган.

«Нурли ҳаёт» номига яраша бўлиб, ҳамма муаммолар ўз ечимини топса, янги боғчаларда болажонларнинг шодон қийқириғи эшитилиб турса, газ дегани ҳамма қатори буларга ҳам берилса, нур устига нур бўларди. Мутасаддилардан бу масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратишини кутиб қоламиз.

Болтабой МАТҚУРБОНОВ,

журналист