Устоз отангдек улуғ дейдилар. Бу ибора гарчанд сийқа эшитилса-да, оҳори кетган бўлса-да, салмоқли, қамрови кенг ва чуқур мазмунга эга. Агар фарзанднинг моддий дунёга келишига ота-она сабабчи бўлса, устоз уни тарбиялаб бошқа бир дунёга – маънавий оламга олиб ўтади. Ёки ота-она болани бу ёруғ дунёга, заминга туширса, устоз уни ердан кўкка кўтаради. Тасаввур қилинг-а: мактабга энди келган, хат-саводдан хабари йўқ етти ёшли болакай ўн йил ичида муаллиму мударрислардан турли фанлар бўйича таълим олиб, нималарга эришмайди дейсиз. Биргина устоз сўзининг ўзида қанчалар маъно-мазмун мужассам. Устоз инсоннинг камолга етиши, комил инсон бўлишида аҳамиятга эга ягона асосдир. Чунки фақат шу зотгина кишиларга маърифат дарчаларини очиши, қалбига маънавият нурини индириши, инсон ақл-заковати нималарга қодирлигини ўргатишдан тортиб унинг обрў-иззат топиши, шон-шарафга бурканишига сабабчи бўлиши мумкин. Қисқача айтганда, инсоннинг инсон бўлиб улғайишида катта роль ўйнайдиган илк зот устоздир.

Ўзинг билган, таниган, сенга кўп хизмати сингган, қимматли маслаҳат ва ўгитларини аямаган, кези келганда ёрдамини беминнат қилган устоз ҳақида сўз айтиш осон ва қийин. Осонлиги шундаки, ўз устозингнинг феъл-атвори, табиати, қизиқиш­ларию муомала маданиятининг қандай даражада эканини беш қўлдай яхши билсанг, таърифлаб чарчамайсан. Аммо шу нарсаларни била туриб, керакли сўзни айта олмасликдан қийи­ни йўқ. Биласизми, бу ҳол қайси вазиятда юз беради? Ўзинг яхши кўрган, ўзингдан-да зиёд ҳурмат қиладиган устозингнинг эл ичида обрў-эътибори, шарафи жуда юксак бўлса, уни таърифлашга тил ожизлик қилади. Чунки эл суйган, эъзозлаган, халқ эътибори ва меҳри буюк устознинг мақоми жуда олий бўлади. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик ана шундай халқ ардоғи ва меҳр-муҳаббатига сазовор инсон эди. Шундай кишилар борки, уларга халқнинг аввал эътибори тушади, сўнг меҳр қўядилар, бора-бора эса эътиқод қўя бошлайдилар. Устоз Тоҳир Малик ана шундай шараф, мақомга, таъбир жоиз бўлса, бахтга эришган адиб­лардандир.

Ёзувчи даставвал ўзининг фантастик қисса ва ҳикоялари билан китобхонлар эътиборига тушди, сўнг детектив-саргузашт қисса ва романлари билан адабиёт муҳиблари қалбидан жой олди. Муболағасиз айтиш мумкинки, устоз кейинги йилларда ёзилган маърифий-дидактик йўналишдаги асарлари билан мамлакатимиздаги кўпчилик ёшларнинг тарбиясига ижобий таъсир ўтказди, уларнинг комил инсон бўлиб шаклланишига ҳисса қўшди. Айниқса, жиноят олами қаламга олинган асарларда ҳар қандай ёвузлик жазоланмасдан қолмаслигини таъкидларкан, инсон ўз мазмун-моҳияти билан фақат инсоний ишларни амалга оширсагина, доим эзгу саъй-ҳаракатлар қилсагина улуғликка эришиши, обрў ва эътибор қозонишини хитоб қилади. Адиб Тоҳир Маликнинг ижодий лабораториясини яхши биламан. Ёзувчи у ёки бу мавзуни қаламга олишдан аввал у билан боғлиқ барча деталларни синчиклаб ўрганади, ҳатто битта образ ёки характерни тўлақонли очиш учун шу типдаги ўнлаб инсонлар билан учрашишдан, улар билан суҳбат қуришдан эринмайди. Кўпчилик севиб ўқиган “Шайтанат”, “Мурдалар гапирмайдилар”, “Сўнгги ўқ”, “Жиноятнинг узун йўли” сингари жиноят олами вакилларининг аянч­ли қисматидан ҳикоя қилувчи мумтоз асарлар ана шундай машаққатлар эвазига туғилган. Бу асарларни ўқиган киши биладики, адиб жиноятчиларнинг ҳолатини, ишларини майда-чуйдаси билан қўшиб, ўта маромига келтириб ёзган. Беихтиёр “Тоҳир Маликнинг жиноятчилар билан тили битта эмасмикан”, деб ўйлаб қолардим. Бу ҳақда у кишига айтганимда, ёзувчи ҳар бир характерга кира олиши, уни ҳис қилиши керак, дегандилар. Мен устоз билан илк бор ўтган асрнинг охирларида “Шайтанат” қиссасини ўқигач, ғойибона танишганман. Сўнг оромимни ўғирлаган бу қисса муаллифи билан учрашиш истаги туғилганди. Ниятим холис экан, “Бекажон” таҳририятига ишга келган давримнинг илк палласида адиб билан учрашишга муяссар бўлдим. Ўзбекистон халқ ёзувчиси, устоз Тоҳир Маликнинг биз ёшлар ўрнак олсак арзийдиган жуда кўп фазилатлари борки, уларни санаб адо қилиш қийин. Меҳр-оқибатли, виждонли, инсофли, ҳақиқатгўй, меҳмондўст, адолатли... Шулардан яна бирини алоҳида келтириб ўтмоқчиман. Устоз бирор иқтидорли, қобилиятли ёш қаламкаш билан учрашиб қолгудай бўлса ва унинг машқларини ўқиб чиқса, албатта, унинг истеъдодини ўстириш учун ўз ёрдамини аямасди. Устоздаги яна бир фазилат бу унинг фаол ижод қилишида эди. Ҳозирда мамлакатимиздаги қайси бир китоб дўконига кирманг, адибнинг қайта чоп этилаётган асарларидан ташқари, пешма-пеш нашр этилаётган янги китобларига кўзингиз тушади: “Шайтанат” (5-китоб), “Одамийлик мулки”, “Ҳаёт қайиғи”, “Самум”... Инсонийлик ва инсоният учун қилинган машаққатли меҳнат бесамар кетмайди, албатта. Устоз Тоҳир Малик миллий адабиётимизга беминнат хизмат қилиб, ўнга яқин қисса, ҳикоя, халқимиз маънавий-маърифий дунёсини бойитишга ҳисса қўшган панд-насиҳат йўналишида кўплаб китоблар ёзди. Унинг ана шу хизматлари инобатга олиниб, ҳукуматимиз томонидан “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвони, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.

Бир гал устоз билан суҳбат уюштираётиб, “Ижодкорларни эзгулик яловбардори деб атагим келади. Сиз бу таърифга қандай муносабат билдирасиз?” дея савол берганимда, адиб ғоят камтарлик билан “Нафақат ижодкорлар, ҳамма эзгулик яловбардори бўлиши керак” дея жавоб қайтарганди. Мен ушбу таърифни яна бир марта такрорламоқчиман. Ижодкорлар, жумладан, сиз ҳам эзгулик яловбардорисиз. Мухлислар, адабиёт муҳиблари, китобхонлар сиз кўтариб кетаётган эзгулик ялови ортидан эргашмоқда. Ушбу ялов доим баланд ҳилпираб турсин.

Умид АЛИ,

шоир

Энг кўп ўқилган