Ёшларимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб эканини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ёшларга эътиборни кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида айтилган фикр ва таклифлар юртимизнинг барча гўшаларида амалга оширилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, Тошкент шаҳар Яккасарой туманидаги 172-сонли умумий ўрта таълим мактабида ҳам "5 ташаббус — 5 имконият" шиори остида кўргазмали тадбир ўтказилди. Тадбирда мактаб қошида ташкил этилган ҳаваскорлик бадиий жамоалари иштирокида галаконцерт, гимнастика, "Пазанда қизлар", заргарлик тўгараклари, иқтидорли ўқувчи ва ўқитувчилар томонидан турли кўргазмалар ташкил этилди. Айниқса, Музаффар Саидаҳмедов ташкил этган "Оҳанг" доира тўгараги аъзоларининг чиқишлари йиғилганларнинг кайфиятига жўшқинлик бахш этди.

Жисмоний тарбия машғулотлари, гимнастикадан секциялар тақдимотлари ўтказилгани ота-оналарга жуда маъқул бўлди. Бир қанчаси шу кундан бошлаб, фарзандини мазкур тўгаракка бермоқчилигини билдирди. Шу билан бирга мактабнинг энг фаол китобхон ўқувчиларидан бири Алишер Файзуллаевнинг шеърий тўпламлари тақдимоти бўлиб ўтди. Қизларни ижтимоий фаол ҳаётга жалб этиш мақсадида ўқувчилар “Қизларжон” клубларининг фаолияти, пазандачилик, қандолатчилик, тикувчилик тўгараклари тақдимотлари, ҳунарманд йигит-қизларнинг қўл меҳнати намуналари тадбирнинг байрамона тус олишини таъминлади.

Тадбирга келган туман халқ таълими бўлим мудири ва методист ходимлари ҳар бир йўналишга алоҳида урғу бериб, ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Зоҳида САИДОЛИМОВА,

Тошкент шаҳар

Яккасарой туманидаги 127-мактабнинг

маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари

Энг кўп ўқилган