Фарғоналикларнинг ҳалол меҳнат қилиб, тинч-тотув, фаровон ҳаёт кечираётгани, одамларнинг бугунги кунидан розилиги маҳаллаларда ишлар тўғри йўлга қўйилганидан далолат. Бу гўшаларда йилнинг ҳар бир фаслида деҳқончилик авжида бўлади. Шунинг учун ҳам водийнинг узум, помидор, айниқса, машҳур бодрингларини дунё тан олади-да...

Вилоятнинг Бешариқ туманидаги “Тошариқ” МФЙда истиқомат қилувчи 65 ёшли Муроджон ака Юсупов ўз хонадонида гулчиликни йўлга қўйган. Қиш фаслида ноёб ва манзарали гул кўчатларини етиштириб, ундан мўмайгина даромад олади.

— Ўн етти йилдан буён гул кўчатини етиштириш билан шуғулланаман, — дейди Муроджон Юсупов. — 25 турдан ортиқ кўчат уруғларини Голландия, Исроил ҳамда Америка давлатларидан келтириб парваришлайман. Эрта баҳорда юртимизнинг турли ҳудудларига етказиб бераман. Меҳнатим сингган чиройли ва ноёб гулларни шаҳримиз кўчаларида кўриб, баҳри-дилим яйрайди, ғурурланаман.

“Тошариқ” МФЙда 3 минг 124 нафар аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқ аҳолисининг кўпчилиги томорқадан унумли фойдаланиб, деҳқончилик орқасидан рўзғор теб­ратади. Бундан ташқари, маҳаллада 20 дан ортиқ оилавий тадбиркорлик фаолияти йўлга қў­йилган. Кўплаб ёшлар иш билан таъминланган.

Давлатимиз раҳбари илгари сурган 5 та муҳим ташаббус бўйича маҳаллаларда маърифат марказлари ташкил этилиб, кутубхона, музей, компьютерхоналар аҳоли учун хизмат кўрсатмоқда. 

3 минг 270 нафар аҳоли истиқомат қиладиган Учкўприк туманидаги  “Тошкентлик гузар” МФЙда 2019 йилда кўплаб бунёдкорлик, қурилиш ишлари амалга оширилди. Кўчалар саранжом-саришта, кенг ва ёруғ ҳолатга келтирилди. Бу маҳалла аҳли деҳқончилик баробарида миллий ҳунарманд­чилик ортидан ҳам даромад кўради. “Mеҳригиё” хусусий корхонаси йилдан-йилга ўз фаолиятини кенгайтириб бораётган тадбиркорлик субъектларидан бири. Бу ерда 150 нафарга яқин қиш­лоқ аҳолиси иш билан банд.

— Корхонамиз замонавий ва илғор технологиялар ёрдамида шифобахш ўсимликларни етиштиради, — дейди корхона иш юритувчиси Шоҳрухбек Холматов. — Шунингдек, фойдали озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳам фаолиятимизнинг асосийларидан. Ишчиларимиз учун барча шароит муҳайё. Ишчи кучимиз асосан маҳалла ёшларидан. Ҳозирги кунда бизга қўшимча 20 гектар ер ажратилди. Бу билан маҳсулот ҳажмини ошириб, яна кўплаб иш ўринларини яратамиз.

Эндиликда “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Ҳунармандчилик” дастурлари доирасида маҳаллаларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун арзон кредит маблағлари ажратилади. Бу маблағлар ҳисобига сартарошхона, новвойхона, шунингдек, ҳунармандчилик, тикув, қандолатчилик цехлари, оталар чойхонаси, гузарлар ташкил этилади.

Бувайда туманининг “Юқори манғит”, “Оқ қўрғон”, “Найман”, “Чўмбоғиш” маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам ана шундай ишлар юзасидан саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Буларнинг самараси ўлароқ, томорқадан унумли фойдаланиш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ва мароқли ташкил этиш орқали содир этилиши мумкин бўлган турли жиноятларнинг олди олинмоқда. Аҳоли ўртасида боқимандалик кайфияти йўқолиб, пешона тери билан даромад топишга эришилмоқда. 

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида маҳалла тизимини ўзгартириш, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини жорий қилиш зарурлиги таъкидланди. Бу тизим жамиятимизнинг энг муҳим ва таянч бўғини ҳисобланар экан, янги ташкил этилган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги айнан маҳаллаларда тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларга самарали ечим топиш, тинчлик-осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, аҳолининг дарду ташвишларини тинглаш ва ечим топишига хизмат қилиши зарур.

Гавҳарой КОМИЛОВА,

ўқитувчи,

Рустам МАМАЖОНОВ,

“Жамият”нинг жамоатчи мухбири

Энг кўп ўқилган