Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан ёш авлодимизда қатъий ҳаётий позиция ва Ватанимиз тақдири учун юксак масъулият туйғусини шакллантиришда мамлакатимизда мактабгача таълимдан бошлаб олий ўқув юртларигача қамраб оладиган узлуксиз ҳарбий таълим ва ватанпарварлик тарбияси бўйича ўзига хос ноёб ва яхлит тизим яратилмоқда.

Ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада камол топтириш, миллий руҳни янада юксалтириш, юрт тақдири учун юксак масъулият ва жавобгарлик каби муҳим хусусиятларни шакллантириш мақсадида Ҳаво Ҳужумидан мудофаа ва Ҳарбий Ҳаво кучларига қарашли 61917-сонли ҳарбий қисм хизматчилари Чирчиқ шаҳрида жойлашган 26-сонли “Қорпарчалар” мактабгача таълим муассасасига ташриф буюриб, тарбияланувчиларга Ватан озодлиги учун ёвга қарши чиққан буюк — Тўмарис, Спитамен, Муқанна, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур каби довюрак, жасур, ватанпарвар саркардаларнинг жасоратлари ҳақида сўзлаб беришди.

14 январь — “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан ўтказилган бу тадбир болажонларда келгусида ўз оиласи, ота онаси, опа сингилларининг тинчлигини таъминловчи жасур ва мард ўғлон бўлиб етишишларини шакл­лантириш мақсадида ташкил этилди. “Мен, албатта, учувчи бўламан!” мавзусида Қуролли Кучлар ҳақида расм чизиш танлови ўтказилди. Танловда барча тарбияланувилар иштирок этди. 5 ёшли Ҳамроз Шуҳратов ўзи чизган  расмига изоҳ берар экан, Давлат байроғини дунёда доимо юқори чўққиларга кўтаришини, чизган вертолётида ўз ота онасини дунё бўйлаб саёҳатга олиб чиқишини, аскар акаларидек туну кун ота онасини ҳимоя қилишини таърифлаб берди.      

Шовқин-сурон, тўполон қилаётган кичкинтойлар ҳарбий кийимларда келганларни, уларнинг эртакларини киприк қоқмасдан тинглади. “Катта бўлсанг, ким бўласан?”, деб сўраганимизда улар бири қўйиб, бири “танкчи бўламан”, “учувчи бўламан”, “чегарачи бўламан”, дея чувиллашарди. Бундан, албатта, биз ғурурга тўламиз, касбимиздан фахрланамиз. Энг муҳими, келажагимиз эгалари юртини ҳимоя қилиш орзусида улғаяётганидан бошимиз кўкка етади.   

Нозимжон БУЛТУРОВ,

подполковник