Янги йил арафасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси  масъул ходими, шоир Шоди Отамурод билан Андижон ва Наманган вилоятларида  ижодий сафарда бўлдик.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурдек улуғ аждодимиз таваллуд топган ва яна қанча аломалар яшаб ўтган табаррук заминдаги дастлабки манзилимиз Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби бўлди.

Мактаб директори – Шоҳистахон Нурматова бизни шоир ҳаёти ва ижоди акс этган, турли экспонатларга бой музейга чорлади. Бу ерда халқимизнинг севимли шоири Муҳаммад Юсуфнинг шахсий буюмлари, ёзган шеърларининг ўз қўли билан ёзилган қораламалари, оила аъзолари ва мамлакатимизнинг атоқли адабиётшунос, шоиру ёзувчилари билан тушган фотосуратларини кўриб гўё руҳан шоирнинг ўзи билан учрашгандек ҳаяжонландик. Муҳаммад Юсуфнинг девордаги жилмайиб турган таниш фотосуратларига боқиб қулоқларимиз остида севимли шоиримизнинг:

« О,  ота маконим,

жонажон ўлкам,

Ўзбекистон, жоним

тўшай соянгга.

Сендек меҳрибон йўқ,

сендайин кўркам,

Римни алишмасман

бедапоянгга!»

        

 – деган меҳрли овози жаранглагандек бўлди.  Эҳ-ҳе, ўйлаб қарасак, Ҳамид Олимжон ва Абдулла Ориповдан кейин Ватан ва халқ  ҳақида  энг кўп ёзган шоир ҳам Муҳаммад Юсуф экан. Музейда нафақат шоирнинг болалик чоғларидан то етуклик  пайтларигача бўлган даври, балки унинг вафотидан кейин давлатимиз ва халқимиз томонидан унинг хотирасига қаратилган юксак эътибор, Муҳаммад Юсуф  номини абадийлаштириш бўйича қабул қилинган муҳим тарихий ҳужжатлар ҳам жой олган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан очилган, ўзбек тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мазкур ижод мактаби  гўё Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф қалбида ушалмай қолган эзгу орзу-истакларини рўёбга чиқарувчи бир ажойиб маъводир, десак адашмаган бўламиз.

Замонавий жиҳозланган мактаб-интернатда фаоллар зали, спорт зали, педагог-ўқитувчилар ва ўқувчилар учун мўлжалланган шинам ошхона, 120 ўринли барча шроитларга эга кенг ва ёруғ ётоқхона, ҳар бир фанларга хос жиҳозланган  ўқув хоналари, кимё ва физика лаборатория хоналари ҳамда компьютер хонаси мавжуд.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлими томонидан Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабининг 46 нафар   ўқувчиларининг ижоди жамланган «Умид ғунчлари» номли баёз чоп этилибди.

–      Халқимизнинг севимли шоири, ватанпарвар юрт фарзанди  Муҳаммад Юсуф номи билан боғлиқ ушбу маърифий-маданий масканлар кўплаб истеъдодлар кашф этилишига  хизмат қилиши шубҳасиз, - деб ёзади Андижон вилояти ҳокими  Шуҳратбек Абдураҳмонов мазкур тўпламга ёзган «Муҳаммад Юсуф издошлари» номли  сўзбошисида.

Мухтасар айтганда, бу ижод мактабига шоир Муҳаммад Юсуфнинг қутлуғ номига муносиб ўғил-қизлар таҳсин олаётганига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.

Мактабга ёндош Муҳаммад Юсуф номидаги хиёбондаги  моҳир ҳайкалтарош Шоҳруҳ Ўрозов томонидан яратилган, шоирнинг маҳобатли бюсти олис-олисларга теран нигоҳ ташлаб, ўз юртида амалга ошираётган улкан бунёдкорлик ишларини кўриб, қувониб тургандек гўё. Ландшафт дизайнидаги  сўлим сайилгоҳ, мўъжазгина майдоннинг икки томонидаги мармар фавворалар, бюстнинг орқа томонидаги нақшинкор миллий архитектура намунаси билан муштаракликда ажиб мутаносибликни касб этган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими мутахассиси  Восит Аҳмаднинг  айтишича,  Андижон шаҳрида вилоят ижодкорларининг «Нафосат» клуби фаолият кўрсатар экан. Ижодкорлар бир ойда икки-уч маротаба йиғилиб, ўз ижод намуналарини бир-бирларига ўқиб бериб, ўзаро фикр алмашар эканлар. Ҳатто ижод клубининг анжуман баённомалари, иштирокчиларнинг шеър, ҳикоя ва бошқа ижод намуналари ҳамда анжумандан фотолавҳалар ёритилган «Нафосат гулшани» номли бюллтень чоп этилар экан.     

Андижон олимпия заҳиралари  мактаб-интернатида «Беш муҳим ташаббус» ижроси доирасида  «Ёш ижодкорлар» кўрик-танлови ҳам ўтказилаётгаан экан. Тадбир ташкилотчилари Республика маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими ходимлари биздан мазкур танловга ҳакамлик қилиб, ғолибларни аниқлаб беришимизни илтимос қилишди.  Танловда вилоятнинг барча туманлари ҳамда Андижон шаҳридан ташриф буюрган 50 дан ортиқ  10 ёшдан 17 ёшгача бўлган ёш ижодкорлар иштирок этишди.

Андижондаги икки кунлик ижодий сафаримиз ниҳоясига етгач, Наманган сари йўл олдик. Бизни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Наманган вилояти бўлими раҳбари, истеъдодли ижодкор Жамолиддин Муслим, бўлимнинг етакчи мутахассиси, шоир ва публицист Абдумуталлиб Қосимовлар кутиб олишди.

  Наманган шаҳрида сўнгги йилларда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари самарасини ўз кўзимиз билан кўриб, меҳнаткаш ва оқкўнгил халқи билан суҳбатлашар эканмиз, Президентимиз «Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз» номли асарида «Наманган вилояти деганда, аввало, гўзал ва бетакрор бир ўлкани, мана шу табаррук заминга улкан меҳр  ва содқат билан яшаётган, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш ва Ватанимизни янада равнақ топтириш йўлида тиним билмасдан меҳнат қилаётган, фидойи ва бағри кенг инсонларни кўз олдимизга келтирамиз» деб ёзганлари бежиз эмаслигини ҳис этдик.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси масъул ходими, шоир Шоди Отамурод, мен ҳамда наманганлик серқирра ижодкор – Абдумуталлиб Қосмовлар билан биргаликда Наманган шаҳридаги 52-умумтаълим мактабида ижодий учрашув­ни бошлаб юбордик. Абдумуталлиб ака Наманган азалдан Махдуми Аъзам Косоний, Бобораҳим  Машраб, Фазлий,  Нодим Намангоний, Исҳоқхон  Ибрат каби шоир ва маърифатпарварларнинг юрти экани ҳақида гапириб,  ўз шеърларидан намуналар ўқиб берди.

Мактабда адабиётга ва санъатга меҳри баланд ўқувчилар талайгина экан. Хусусан, мактабнинг 7-синф ўқувчилари Моҳларойим Садриддинова ва Зиёдахон Ахмеджоновалар Ватан ва она ҳақида ўзлари ёзган, шеърларини ўқишганида, залга сукунат чўкди. Сўнг сукунат ўрнини давомли қарсаклар эгаллади. Дилшодахон Туҳфатуллаева номли қизимиз эса ўзи ёзган «Беш муҳим ташаббус« номли шеърини ифодали ўқиб берди. Мактабнинг рус тили ўқитувчси Ҳакима Абдуллаева ҳам анча-мунча ижод қилиб турар эканлар,  у кишининг аёллар, она ва она юртимизга бағишлаб ёзилган шеърлари гулдурос қарсаклар билан олқишланди.

Шу куни Абдумуталлиб ака бизни Наманган шаҳрида қурилаётган, Осиёда ягона бўлган «Афсона» боғи сари бошлади.

— Эҳҳе, бу ерда оламшумул ишлар бўляпти-ку, – деб юборди шоир Шоди Отамурод атрофга кўз ташлаб.

Дарҳақиқат, қурилаётган ажабтовур  бинолар, замонавий аттракционлар ва болажонлар мириқиб ўйнаши учун ўрнатилаётган поездча, темир тулпорлар ва жажжи автомобиллар уларнинг завқига завқ қўшишига ишончимиз комил бўлди.

«Афсона» боғи ҳали битмаган бўлса-да,  кираверишда ўрнатилган харитага кўз ташлар эканмиз, бу ерда эркаклар ва болалар кийим-кечак дўконлари, ресторан, кафе ва офислар, бизнес офислар, аёллар кийими дўконлари, болалар ўйинчоқлари дўконлари, «Гўзаллик салони» ва фотосалони фаолияти кўрсатишини билиб олдик.  

Сафимизга яна бир истеъдодли ижодкор – Абдуваҳоб Алимов ҳам қўшилди. Биз тўртовлон  Тўрақўрғон туманидаги «Исҳоқҳон тўра Ибрат маж­муаси» томон йўл олдик.

Исҳоқхон Ибрат номли хорижий тилларга ихтисослашган мактаб-интернатидаги 143 нафар ўқувчига таълим-тарбия бераётган 25 нафар ўқитувчининг барчаси олий маълумотли экан.

Вазирлар Маҳкамаси қарорида кўрсатилганидек, мактаб интернатида 7 та тил: инглиз, немис, француз, рус, араб, корейс, хитой тиллари ўқитилар экан.

Мактаб-интернат ўқув биноси 120 ўринли бўлиб, тил ўргатиш маркази – 140 ўринли,  10 ўринли спорт зали ва шунча ўринли ошхона фаолият кўрсатмоқда.

Мактабга Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти етакчи профессор-ўқитувчилари методик жиҳатдан ёрдам бериб келишмоқда. Мазкур олий ўқув юртларининг Ибрат мактабида махсус методик марказлари ташкил этилган бўлиб, улар мунтазам тренинглар (кўпинча онлайн усулда) олиб борадилар. Ёзувчилар уюшмаси аъзолари билан режа асосида Маҳорат дарслари йўлга қўйил­ган.

Мактаб ўқувчилари билан учрашиб, уларнинг турли хорижий тилларни мукаммал ўрганаётганликларининг гувоҳи бўлдик. Бу ерда ҳам иқтидорли ёшлар кўп экан. Мактаб ўқувчиси  Дилобар Маҳмудова бу йил «Ёш китобхон» танловида иштирок этиб, Республика босқичигача чиқиб, совриндор бўлибди.

Наманган тиббиёт коллежидаги учрашувда Истиқлолга бағишланган шеърларимиздан ўқиб бердик. Бир неча талабалар ҳам сўзга чиқиб,  Эркин Воҳидов, Абулла Орипов ва Муҳаммад Юсуф шеърларидан ифодали ўқишди.

Андижон ва Наманган вилоятларида бўлиб, маънавий маърифий тадбирлар ва ижодий учрашувлар ўтказар эканмиз, водий аҳлининг адабиёт ва санъатга меҳри ғоят баланд эканлигини ҳис этдик. Нима сабабдан бу диёрдан улкан шоир ва маърифатпарвар  етишиб чиққанини англагандек бўлдик.   Энг муҳими, одамлар қалбига оз бўлса-да, эзгулик ва нафосат нурини улашиб, янги ижодкор дўстлар орттирдик, келгуси ижодимиз учун ўз қалбимизга ҳам туғёнлар ва катта руҳий мадад олиб қайтдик.  

 

Зикрилла НЕЪМАТОВ,

Республика

 «Маърифат» тарғиботчилар

жамияти аъзоси,

шоир