Самарқанд вилоятининг энг чекка туманларидан бири — Ургут ҳақида гап кетса, тадбиркор, меҳнаткаш, танти ва мард одамлар кўз ўнгимизга келади. Қарийб беш юз минг аҳолиси билан Ургут респуб­ликамиздаги энг гавжум ҳудудлардан бири саналади. Кўп йиллар тамакичиликка ихтисослашган мазкур туманда кейинги пайтда деҳқончилик билан шуғулланиш кенгайиб бормоқда. Боғдорчилик эса азал-азалдан маълуму машҳур. Ургутнинг узуми, майизи жуда харидоргир.

Ҳар бир қишлоқ эса ўзига хос анъаналари билан ажралиб туради. Масалан, ғўсликлар ҳунармандлиги, камангарон, вағашти, испанзаликлар тадбиркорлиги туфайли ном қозонган. Баҳрин, Манғитобод, Жозмон, Оқмачит, Бешкапа, Найманда яшовчилар кўпроқ деҳқончилик билан шуғулланса, Бешкал, Терсак, қоратепаликлар чорвачилик ортидан тирикчилик қилишади.    

Одамлари соддадил, беғубор. Юрт равнақи, эл манфаати учун астойдил хизмат қилишни яхши кўришади. Бекорчиликни ёмон кўришади. Шу боис ҳам, айниқса, бозорга йўлингиз тушса, уларнинг йўқдан йўндираётгани, борни эса дўндираётганига гувоҳ бўласиз. Ургут бозорининг довруғи, машҳурлиги ҳам бежиз эмас. Бу ерда фаолият юритадиган тадбикорлар Хитой, БАА, Туркия, Тожикистонлик ҳамкорлари билан келишган ҳолда расталарни сифатли ва арзон кийим-кечаклар, минг бир хил маҳсулотлар билан тўлдиришади. Умуман, Ургут бозорларидан ҳеч нарса харид қилмасангиз ҳам бир олам завқ олиш, юртимиздаги файзу баракотнинг нечоғлик улуғлигини англаш мумкин.

Яқинда ҳузуримга бир отахон келди. Қорақалпоғистон Респуб­ликасининг Тўрткул туманидан экан. У киши гап орасида бозоримизнинг файзи ҳақида шавқ билан сўзлаб, бир воқеани айтиб берди. Отахон шу йилнинг ёзида каттагина маблағ билан бозорга келиб, у-бу нарса харид қилибди. Дўконлардан биридан чиқишда эса ҳамёнини унутиб қолдирибди. Манзилига кетиш учун автобусга ўтирибди ва пули йўқлигини билиб қолибди. Минг хавотир билан шоша-пиша ўзи кирган дўконга қайтиб келса, сотувчи йигит, рўмолчага ўралган пулни нуронийга тутқазибди. «Беш миллион сўм, эди — дейди отахон. — Пулимдан ажралдим, деб ўйловдим, йўқ ҳаммаси жойида экан. Шундай ҳалол, бировнинг ҳақига хиёнат қилмайдиган одамлар борлиги учун ҳам бу туман, бу бозор баракали экан!»

Дарҳақиқат, мана шу кичик бир мисол ҳам одамийликни устун билган ургутликларга берилган муносиб баҳодир.

Президентимиз ташаббуси билан ҳар бир раҳбар жойларга чиқиб, одамлар орасида бўлмоқда. Уларнинг дарду ташвишларини ўз кўзлари билан кўриб, мавжуд муаммоларга ечим топишга бош-қош бўлмоқда. Муҳими, бу орқали халқ билан мулоқот энг самарали усул эканлигини англаб етяпмиз. Одамлар билан бирга бўласиз, уларнинг юз-кўзига боқиб, мурожаатини эшитасиз. Сектор раҳбарларининг қишлоқма-қишлоқ юришлари эса ўз натижасини кўрсатмай қолмайди, албатта.  

Масалан, Ургут тумани «Ипакли» маҳалласи «Халқабод» қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан қишлоқ ички хўжалик йўлини таъмирлаш масаласида мурожаат қилинди. Бориб ўргандик. Шағал-тош ётқизилган йўлнинг айрим қисмларини таъмирлаш мақсадида аҳоли томонидан тупроқ ётқизилган, ёғингарчилик натижасида тупроқ лой кўчага айланиб кетган. Шу ва туман ҳудудидаги бошқа автомобиль йўллари босқичма-босқич давлат дастури ҳамда ҳашар йўли билан таъмирланмоқда.

Туманда тадбиркорлар кўп. Уларнинг қилаётган ишларидан эса кўнгил яйрайди. Ана шундайлардан бири Манғитобод қишлоғида яшовчи Бахтиёр Эршаевдир. У ўз қишлоғида мини стадион қуриб, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун қулай шароит яратиб берди. Куни кеча ушбу стадионнинг очилиш маросимини ўтказдик. Болажонлар роса хурсанд бўлишди. Худди шу қишлоқда яшовчи яна бир тадбиркор Ғиёс Низомов эса ўз маблағлари ҳисобидан тўй маросимларни ўтказишга мўлжалланган бино қурди. Ҳадемай ушбу кошонани ҳам фойдаланишга топширамиз. Ўзгалар манфаатини ўйлаган мана шундай тадбиркорлар сафи кенгаяверсин.

Кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга кўмаклашиш ҳам доимий эътиборимизда. Мисол учун Аълохотин маҳалласида ўтказилган сайёр учрашувда биринчи гуруҳ ногирони А. Жуманов оиласига газ плитаси совға қилинди. Юқори Қайроқли маҳалласида бўлиб ўтган мулоқотимиз давомида фуқаролар томонидан кўмир, ички йўлларни таъмирлаш ва электр энергияси, тиббий газ етказиш бўйича қилинган мурожаатларни ўрганиб чиқдик. Ушбу масалалар ижросини таъминлаш бўйича туман ташкилотларига топшириқ берилди. Сайёр қабулдан сўнг маҳалладаги ногиронлиги бор ва кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари улашилди. Шунингдек мазкур маҳаллада яшовчи Турон бобо Бердиевга қўлтиқ таёқ олиб берилди. Санчиқул маҳалласида яшовчи фуқаро Баҳодир Зоҳидовнинг яшаб турган уй-жойи жорий йилнинг 13 декабрь куни бахтсиз тасодиф туфайли ёниб кетган эди. Ушбу хонадонга туман ҳокимлиги томонидан барча керакли ёғоч материаллари олиб берилди.

Бундай мисолларни келтиришдан мақсад шуки, одамларга озгина эътибор ва меҳр кўрсатсангиз, улар сизни бошига кўтаришади, чин дилдан дуолар қилишади. Энг муҳими, улар билан қанча кўп ҳамнафас бўлсак, шунчалик ишимиз бароридан келади. Яқинда оилам билан қиш фаслида тоғли ҳудудда яшаётган аҳолининг турмуш тарзини ўрганиш, қишлоқ аҳли ҳаёти, оддий кун кечинмаларини ўз кўзим билан кўриш, ҳис этиш учун бир тун қишлоқда меҳмон бўлдим.

Икки нафар фарзандим ва турмуш ўртоғим билан туманнинг энг чекка тоғли қишлоғи Сойғўсда бўлдик.

Сойғўс маҳалласи туманнинг энг чекка тоғли ҳудуди охирги қишлоғи ҳисобланади, бу ерда 5 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқ аҳли одамларига таъзим қиламан. Мени ва оиламни самимий, юракдан қабул қилганлари учун. Қишлоқларда муаммолар ҳам етарли, ҳокимликнинг бу ерларда амалга оширадиган ишлари талайгина. Қишлоқ аҳли билан кенгашиб, ўзим бажаришим керак бўлган ишлар чора-тадбирларини белгилаб олдим. Режалар туздим.

Умид қиламанки, бу режаларимиз амалга ошиб, эл-юрт олдида юзимиз янада ёруғ бўлади.

Маматжон ТУРДИЕВ,

Самарқанд вилояти Ургут тумани ҳокими