Бугун Фарғона вилоятининг энг чекка ва сўлим гўшаси — Сўх туманида барча соҳаларда кўп янгиликлар, ўзгаришлар ва айтиш мумкинки, асрга татигулик ишлар амалга оширилмоқда. Инсон манфаати, Ватанимизда умргузаронлик қилаётган барча фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини кафолатли ҳимоя қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айлангани айни ҳақиқатдир. Зотан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев айтганидек: «Биз ўз фао­лиятимиз билан энг аввало, халқимизни рози қилишимиз керак. Агар бизнинг фаолиятимиздан халқимиз рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади».

Ушбу сўзлар маъносини теран англаган ҳар бир раҳбар ўз фаолиятини ана шу эзгу мақсадга йўналтириши лозим. Халқ орасида бўлиш, унинг дарду муаммолари билан яшаш ҳар бир раҳбарнинг кундалик вазифаси, асосий шиори бўлмоғи лозимлиги бугунги куннинг асосий талабидир. Бугун аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими ҳаётимизга тобора мустаҳкам сингиб бормоқда. Ҳудудларда фаолият олиб бораётган тўртта сектор раҳбарлари ҳам ушбу йўналишда қизғин иш олиб боришмоқда. Халқ дардини кимга айтади? Албатта, раҳбарга. Албатта, ҳудуднинг биринчи раҳбарига, яъни ҳокимга.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан давлат органларининг аҳоли билан бевосита ишлашини назарда тутувчи янги тизим жорий қилинди. Мазкур тизим талаблари асосида ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали муаммоларни аниқлаш ҳамда ҳал қилинишини таъминлаш белгиланган. Жорий йилнинг ўтган муддати давомида тумандаги секторлар томонидан юклатилган вазифалар асосида қўйидаги ишлар амалга оширилди:

Барча ҳудудий комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар штаби аъзоларидан иборат ишчи гуруҳлар томонидан 9673 мавжуд  хонадонлардан 9505 таси ўрганилиб чиқилди. Ўрганиш давомида 595 та уйма-уй юриш орқали муаммолар аниқланди. Муаммонинг  503 таси тегишли тизимлар орқали ҳал этилди. 91 та муаммо ечимини топиш мақсадида қисқа ва ўрта муддатли манзилли тадбирлар режаларини шакллантириш учун таклиф киритилган.

Жорий йилнинг ушбу муддати давомида секторлар ҳудудидан Халқ қабулхонасига 549 та мурожаат тушди. Мурожаатларнинг асосий қисмини болалар нафақаси ва моддий ёрдам бериш, йулларни таъмирлаш, ичимлик ва суғориладиган сув таъминоти, қўшни республика яйловларидан  фойдаланиш, турли хизматлардан фойдаланиш,  иш билан таъминлашдаги муаммолар ечими ташкил этади. Ушбу йуналишда секторларда аҳоли даромадларини ошириш, «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастуридан кенг фойдаланиш мақсадида тижорат банклари орқали имтиёзли кредитлар  ажратилди. Лекин амалга оширилган ушбу тадбирлар мавжуд муаммолар ечимини тўлиқ таъминлай олмайди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан секторлар кесими бўйича Халқ қабулхонасига тушган мурожаатлар 2 бараварга камайган. Президентимизнинг Халқ қабулхонаси ва Виртуал қабулхонасига мурожаатлар тушумининг кескин камайишига таъсир кўрсатилган асосий омил секторлар раҳбарлари томонидан бевосита мулоқот асосида амалга оширилган оммавий қабулларнинг тизимли ўтказилиши ҳисоб­ланади.

Айтиш лозим, Республикамизда тадбиркорликка жалб этиш механизмининг ҳуқуқий асос­лари яратилган бўлиб, ушбу асосда соҳани ривожлантириш ҳам давлат сиё­сати даражасига кўтарилган. Давлатимиз раҳбари томонидан амалга татбиқ этилган 2017-2021 йилларда Ўзбекис­тон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида қабул қилинган қатор қарор ва фармонлар, шунингдек, «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «Ёшлар келажагимиз» «Ҳар бир оила - тадбиркор» каби давлат дас­турлари, 5 та муҳим ташаббус каби амалий ислоҳотлар бугун барчамизнинг ҳаётимизда ўз амалий ифодасини кўрсатмоқда.

        Тадбиркорлар мурожаати ҳам бугун давлатимиз раҳбарининг эътиборида. Бош вазир қабулхонасининг ташкил этилиши ва ушбу қабулхона фақат тадбиркорлар мурожаатини қабул қилиб, уларнинг муаммоларини ечиши бўйича фаолият олиб борилиши ҳам ушбу масала нақадар долзраб эканлигининг далолатидир. Хўш, тадбиркорларимизни бугун қандай муаммо ва камчиликлар ўз гирдобига олган? Тизимли муаммолар ва уларни келтириб чиқарган асосий сабаблар нимадан иборат? Бош вазир қабулхоналарига келиб тушаётган барча мурожаатнинг таҳлили нимани кўрсатмоқда? Биз бугун ана шундай саволларга жавоб топишимиз керак.

Йил бошидан Бош вазирнинг Сўх туманидаги қабулхонасига жами 149 та (шундан 41 та кредит масаласи, ер ажратиш масаласи ҳамда бино ва иншоотлар бўйича 30 та, бошқалар 73 та) мурожаат келиб тушган бўлиб,  шундан 144 таси ижобий ҳал қилинди. Қолган 5 та мурожаатни ижобий ҳал қилиш чоралари кўрилди. 

Тадбиркорларни қийнаётган иккита муҳим масала бор:

ер ажратиш ва кредит бериш. Бундан буён ҳақиқий тадбиркор бўлиш истагида юрганларга ер ажратиш очиқ-ошкора равишда, барча учун тенг шароитлар яратган ҳолда, электрон аукцион орқали амалга оширилади. Кредит бериш тизими ҳам соддалаштирилиб (вилоят, республика банклари ваколатларини тумандаги банкларга бериш орқали), ортиқча қоғозбозлик ва сарсонгарчилик­ларга барҳам берилади.

Президентимизнинг  2019 йил 6-7 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида белгилаб берган топшириқларига асосан Сўх туманидан 34 та инвестицион лойиҳалар киритилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 127 млрд. 958 млн. сўм бўлиб, шундан ўз маблағи  71 млрд. 368 млн. сўм, банк кредити 10 млрд. 940 млн.сўм, хорижий кредит линия 300 минг АҚШ доллар ва хорижий инвестиция 5200 минг АҚШ доллар ҳисобига 369 нафар янги иш ўринлари яратилиши тасдиқланган.                            

Қарор иловасига киритилган 34 та инвестиция лойиҳаларидан  25 та  ло­йиҳа 2019 йилда амалга оширилиши белгиланган бўлиб, умумий қиймати 28 млрд. 820 млн. сўм хисобига 229 нафар иш ўринлари яратилиши режалаштирилган, 9 та лойиҳа 2020 йилда амалга оширилиши белгиланган бўлиб, умумий қиймати 99 млрд. 138 млн. сўм ҳисобига 140 нафар иш ўрин яратилади.

2019 йилнинг сентябрь ойи ҳолатига кўра 21 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилди. Ушбу инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун жами 20 млрд. 570 млн. сўм (шундан лойиҳа ташаббускорларининг ўз маб­лағи 18 млрд. 880 млн. сўм, банк кредит пул маблағлари 1 млрд 690 млн. сўм) сарфланди. Инвестиция лойиҳалари ишга туширилиши натижасида 198 нафар янги иш ўрини яратилди.

Сўх туманида кичик бизнес ҳамда ҳусусий тадбиркорликни ривожланиши янги иш ўринлари кўпайиши билан бирга ишлаб чиқариш маҳсулот турлари ҳам кенгайиб бормоқда. «Сўх-дон»МЧЖ аҳолини сифатли ун маҳсулотлари билан таъминлаб келаётган корхоналардан биридир. Корхонада 8 та цехда замонавий технологиялар ёрдамида 1-2-навли ун маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. «Сўх чашма» ҳусусий ишлаб чиқариш корхонасида ҳам бугунги кунда 15 нафарга яқин ёшлар меҳнат қилмоқда. Корхонада минерал сув ҳамда 8 турдаги рангли сувлар қадоқланади. «Меҳри  Азизбек» хусусий фирмасига 200 миллион сўмлик кредит ажратилиши натижасида тадбиркор томонидан савдо шохобчалари ҳамда фитнес клуби ташкил этилди.  

Биз доимо келажакни ўйлаб ва нурафшон эртамизни кўзлаб олға интилишимиз даркор. Чунки бугунги кунда яхши ниятлар билан қўйилган сармоя эртанги куннинг муносиб дастмоясидир. Дастмоя деганда Сўх халқи тили билан айтганда, қўлга киритилган даромад ва фойда демакдир. 2020 йилда ҳар бир ҳудудни жадал ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича устувор вазифалар ҳамда бу жараёнда хусусий тадбиркорликнинг тутган ўрни ва аҳамияти биз учун устувор вазифа саналади. Бунда туманда муваффақиятли фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар, шу жумладан фаол экспортёр корхоналар, уларнинг лойиҳалари ва эришган ютуқлари тўғрисида билишимиз фойдадан холи эмас.

2019 йил январь-ноябрь ойлари давомида туманда жами 4 200,9 минг АҚШ долларлик, шундан 1 278.8 минг АҚШ доллар миқдорида саноат маҳсулотлари, 2 922.1 минг АҚШ доллар миқдорида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорти амалга оширилди.

Бундай мисоллар, қалбларни қувонтираётган ўзгаришлар жуда кўп. Бинобарин, биргина мақолада уларнинг барчаси ҳақида тўхталишнинг иложи ҳам йўқ. Яхшиси, минг марта эшитгандан кўра, бир марта кўрган маъқул, деганларидек, туманимизга бир келинг ва янгиланишларга гувоҳ бўлинг.

Қисқача айтганда, бугун сўхликлар Президентимиз эътибори ва ғамхўрлигини чуқур ҳис этиб, умргузаронлик қилишмоқда. Туманимиз аҳли мурожаат ва таклифларини ижро этиш мақсадида бевосита давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаларига асосан иккита замонавий тикувчилик фабрикаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу қўшимча иш ўринлари ва албатта, даромад манбаи пайдо бўлди, деганидир. Зеро, озод ва обод Ватанда яшаш, шунингдек, фаровон ҳаётга эга бўлиш ҳар биримизнинг эзгу ниятимиздир.

Фаррух ЎСАРОВ,

Фарғона вилояти Сўх тумани ҳокими