Қишнинг совуқ кунлари бошланиши билан ҳар биримиз янги йил байрамига тайёргарликни бошлаймиз. Албатта, бу байрамни арчасиз тасаввур қилиш қийин. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда «Hyatt Regency» меҳмонхонасининг олди майдонида жойлашган Тошкентнинг асосий Янги йил арчаси айнан орзуимиздагидек кўркам.

Байрам арчаси атрофида болалар учун турли аттракционлар келтирилиб, ўрнатилди. Маданий дастурлар учун саҳналар ҳозирланди. Ташриф буюрувчилар яқинларига совғалар харид қилиши учун дўконлар фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Кўчаларга ранг-баранг чироқлар ўрнатилгани шаҳарга ўзгача байрам кайфиятини улашмоқда.

Янги йил байрамига бағишланган тантанали тадбирлар ва шоу-томошалар пойтахтимиздаги 14 та масканда ўтказилади. Улар 22 декабрь куни бош­ланган ва 8 январгача давом этади, дея хабар берди пойтахт маъмурияти матбуот хизмати.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда «Hyatt Regency» меҳмонхонасининг олди майдонида, Шайхонтоҳур туманидаги «Анҳор Локомотив» боғида, Шайхонтоҳур туманидаги «Наврўз» боғида, Чилонзор тумани Алгоритм даҳасидаги «Roison Electronics» корхонаси олд майдонида, Яккасарой туманидаги Пушкин майдонида, Бектемир туманидаги Маданият ва аҳоли дам олиш марказининг олд томонида, Мирзо Улуғбек туманидаги Бобур номидаги «Эко-боғ» ҳудудида, Мирзо Улуғбек туманидаги «Central park» ҳудудида, Сергели туманидаги «Green park» ҳудудида, Учтепа туманидаги «Фарҳод» деҳқон бозорининг Кичик халқа йўлидаги тураргоҳи ҳудудида, Юнусобод туманидаги Тошкент ҳайвонот боғи олд майдонида, Яшнобод туманидаги «Ашхобод» маданият ва истироҳат боғи ҳудудида, Яшнобод туманидаги Мудофаа вазирлигининг Маънавият ва маърифат марказида, Чилонзор туманидаги «Humo arena» муз саройининг олд майдонида безатилган байрам арчаларини томоша қилишингиз мумкин.

— Фарзандларимни пойтахт арча байрамига олиб келишни анча йиллардан бери орзу қилардим, — дейди Сурхондарёдан келган оила боши Зафар Мамадалиев. — Ўғилларим 5-8 ёш. Айни Қорбобо кутадиган пайти. Шаҳардаги Қорбоболарнинг кўплигини кўрган болаларимнинг ҳайратини сўз билан таърифлай олмайман. Уларни бундан-да қувонтириш учун билдирмасдан, дўкондан совға-салом олдим. Болаларни онасига қолдириб, арчанинг нариги томонидаги бир Қорбобо билан келишдим. Келишувга кўра, бироздан сўнг болаларимни етаклаб келганимда Қорбобо уларга шеър айттириб, кейин совға бериши керак эди. Режа муваффақиятли амалга ошди. Энди қишлоққа борганимизда болаларим ҳаммага мақтаниб юриши тайин. Нима бўлганда ҳам болани қувонтириш савоб. Барча ота-оналарга ана шундай савобдан баҳраманд бўлишини тилайман. Янги йил муборак бўлсин!

Нуриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,

«Жамият» мухбири

Энг кўп ўқилган