(Абдували Қутбиддинга мактуб)

Бугун Сизни кузатиш учун йиғилдилар. Чораси йўқ ахир кузатмасликнинг. Қўлларида кўтариб олиб бордилар, қизғанибгина тупроққа бердилар ва қалбларига жойлаб, олиб қайтдилар...

ФБга шеърларингизни қўймоқдалар. Куймоқдалар.

Пайғомлар йўлладим, уйғон, ҳилолим,

Жунун оқшомлари очди жамолин,

Поялар урибман домингга сенинг,

Сен менинг,

Сен менинг,

Сен менинг.

Сен менинг! Ўзимники қилиб олганман бу шеърларни ва шоирни. Сизни деб қайғуга ботаётган одамлардан қандайдир мамнун бўламан, қандайдир қизғанаман. Шеърларингиз меники бўлгани каби Сиз билан боғлиқ айрилиқ ғами ҳам фақат меникидай гўё.

Дугонам Дилрабо Сизни бир пайтлар мендан шундай қизғанган эди. Мендан аввалроқ унинг кашфиёти эдингиз Сиз. У қаердандир топиб келган муқовасиз, титилиб кетган китобчани мен ўзлаштириб олдим ва Сизни «ўзимники» қилиб юрдим. Ахир, менинг ичимдаги қўшиқлар бор эди унда. Мен тўлғана-тўлғана кўтариб юрган, сўзга кўчиришга кучим етмаган қўшиқлар. Улар тонг ҳавоси янглиғми, гўдакнинг қиқиридайми, олов атрофида сакраб рақсга тушаётган дарвешнинг жазаваси кабими, юрагида йиғисидан бўлак ҳеч нимаси йўқ фақирнинг қаҳқаҳаси мисолими, ё шамолдай увиллаб ҳар эшикка бош суқиб ўзини излаб юрган менинг ўзим сингарими жаранглаб турарди китоб ичида, менинг ичимда...

Биз СамДУда ўқирдик ўшанда. Мен биринчи курс, дугонам тайёрлов курсида. Маъмуриятдан Сиз билан ижодий учрашув уюштиришларини талаб қилдик. Эшитдикки, фалон куни келар эмишсиз. Менинг шоирим келармиш! Намойишкорона мақтандим, намо­йишкорона кутдим. Оралиқдаги кунларни яшамадим, улардан ҳатлаб ўтиб кутилган кунга етдим! Сиз эса келмадингиз...

Эртасига иситмалаб ётиб қолдим. Дарсга бора олмадим. Кечқурун эшитдимки, келибсиз! Менсиз кунда Университетга келиб, тебрана-тебрана, тўлғона-тўлғона шеърлар ўқибсиз. Чидаб бўлмас қадар бебаҳралик эди бу мен учун. Йиғладим. Кўзёшларим ҳозиргидай санчилиб тўкилдилар.

Тийра гирёнларда отлиқ дард ҳоким,

Ки зулфи оташи аждарлар балким.

Боримни бахш этдим ромингга сенинг,

Сен менинг,

Сен менинг,

Сен менинг.

Кетдингиз, устозим. Кетдингиз, шоирим. Ўшанда ҳам кетган эдингиз. Фарқи шундаки, унда Сизни кузата олмаган бўлсам-да, излаб боришим мумкин эди. Бордим ҳам. Мен Сизни излаб ҳаётимда илк бор Тошкентга йўл олдим. Оёқларим ерга тегмади, учдим, йўллар қанот қоқди мен билан бирга. Шундан буён қачонки Самарқандга борсам ва қайтиб Тошкентга йўл олсам, йўллар Сизни эслаб қанот қоқади. Тошкент энди она шаҳримдай бўлиб кетган эса-да, бунда мен излаб боргувчи ва мени излаб келгувчи қадрдонларим кўп эса-да, йўллар ҳамон Сизни эслаб қанот қоқади.

Учаётган бир мен ва йўллар эмасди. Дилрабо бор эди ёнимда. Тиниб-тинчимас ўқитувчимиз Ойгул Маматова ҳам бор эди. Юрагимда бори ҳам биргина чексиз ҳаяжон ва сизга талпиниш ҳисси эмасди. Амакингиз, гўзал Инсон – ўша пайтлар СамДУнинг проректори бўлган Муслиҳиддин Муҳиддиновга миннатдорлик ҳисси ҳам бор эди. Нима қилган, нима қўйган билмайман, мендай йиғлоқи талабасини Сиз билан таништириш учун бизнинг Тошкентга сафаримиз харажатларини ўз ҳисобидан берганди.

ТВда ишлардингиз ўшанда. Ўқитувчим ички телефондан қўнғироқ қилиб чақирди Сизни. Тушиб келдингиз. Шеърга, Сўзга, Сизга ихлосманд ўн саккиз яшар икки қизнинг ёнига баланд­лардан пастлаб, тушиб келдингиз.

Мен Шоир Абдували Қутбиддинни кўрмоқчи эдим. Қай алфозда кўрмоқчи эдим? Билмайман, эҳтимол, сиз ёзган Шеърларни қоғоздан ташқарида, тирик одам қиёфасида кўрмоқчи бўлгандирман. Негадир тасаввур қилишга ҳам журъатим етмаган. Қаршимдаги Инсонни агар тасаввур қилганимда, танишгани юрагим дов бермасмиди. Рости, ўша илк суҳбатимизни эслашга, нимадир мисол келтиришга ҳарчанд уринмай, кучим етмаяпти ҳозир. Эсимда қолгани – фақат қўрқув ҳисси. Бошини бир томонга оғдириб, гўё суяш учун тутган каби бир елкасини пастлатиб, қандайдир содда, қандайдир мураккаб, жунунваш қиёфада кутилган ва кутилмаган бир ҳодиса тушиб келган эди ёнимизга. Бу ҳодиса, бу ифода нимаси билан юрагимга ваҳима солган эди, ифодалаб беролмайман.

Ўша учрашувдан кейин Сизни қайтиб кўргим келмай қолди. Нега? Чунки Сиз билан кўришгани, суҳбатлашгани маънан тайёр эмасдим ҳали. Ҳа, сабабни белгилашда адашмаяпман деб ўйлайман, шундай, тайёр эмасдим. Чунки кўп катта шоирларга тақлид қилардим. Ҳаваслана-ҳаваслана, тақлид қила-қила моҳиятига ета бошлагандим кўпчилигининг. Танганинг орқа ва ён томонларига назар сола бошлагандим. Ҳатто улардан ўтказиб ёзишга ҳам уриниб юрардим. Аммо... сизга тақлид қилишга-да нафасим етмади. Етмади!

Ижтимоий тармоқларга шеърларингизни қўймоқдалар. Куймоқдалар.

Там-там малаксиймо чачвонин ташлар,

Яғмо шамларига ибодат бошлар,

Ризвон олмасида имонинг сенинг,

Сен менинг,

Сен менинг,

Сен менинг.

«Сиз омманинг шоири эмассиз, хослар шоирисиз, – деб юрардим. –Бу қадар қуюқ ранглар, ўзига хос қуйма оҳанглар, дарвешона руҳ, жунунона ақл – ҳаммасини бир манзилда туташтира олган ҳеч кимга ўхшамас йўл оммага оғирлик қилади, юрагига юқтиролмайди», – деб ўйлардим. Қаранг, хослар кўп экан. Қаранг, Сизни севгувчилар кўп экан. Гарчи ватанга меҳрингиз борасида бироз гумон қилишган эса-да, «Озодлик» достонингизни мукофот илинжида ёзди, маддоҳлик қилмоқчи бўлди, дейишган эса-да, севишаркан! Сўралмасдан берилиши лозим бўлган ҳаққингизни Сизга бергилари келмаган бўлса-да, севишаркан! Қаранг, Румий ҳазратлари айтгани каби «Дарахт билмас экан ўз вужудида яшаганда япроқ қийматини, Тўкиларкан англармиш нақадар севганини».

Аммо барибир, сизни мендай севолмайдилар. Бироқ... мендан кўра кўпроқ қадрлаган бўлишлари мумкин...

Илк учрашувдан сўнг йиллар ўтиб биз тасодифга кўра бирга ишладик. Ҳатто бир хонада ўтирдик! Ҳатто иккинчи китобим «Номсиз»га масъул муҳаррир бўлдингиз! Ҳатто янги ёзган шеърларимнинг илк тингловчисига айландингиз! Шеърларингизнинг илк тингловчиси бўлдим! Танангизга сиғмаган руҳингизни кўрдим, даҳлизларда: «Оҳо-ҳой, мен шеър ёздим!» дея ҳайқириб юрганларингизни кўрдим! Ҳатто моддий масалаларда раҳбар билан мен учун тортишиб-талашдингиз!

Сизни кўриб бир қувонсам, қувонганингизни кўриб икки қувонардим. Эҳ, Сизга ва ўзимга бундай қувончларни жуда кўп туҳфа этишим мумкин эди. «Севганларингни ҳеч қачон кетмайдигандай севарсан, кетгандан сўнг келадиган каби илҳақ кутарсан» (Жалолиддин Румий).

Ризо чайласида оҳунинг рози,

Жамбил хоҳишига монанд овози.

Дўззахий бўлса ҳам каломинг сенинг,

Сен менинг,

Сен менинг,

Сен менинг.

Сизни кузатиш учун йиғилдилар. Чораси йўқ ахир кузатмасликнинг. Қўлларида кўтариб олиб бордилар, қизғанибгина тупроққа бердилар ва... қалбларига жойлаб, олиб қайтдилар...

Мен эса «Бор»ни қўлимга олдим. Етиб келдингиз. Исо (а.с.)нинг нафаси янглиғ тирилтирдингиз оғриб ўлаётган қалбимни. Ва англаб қолдимки, Сиз ўлмагансиз. Ўлганлар тирилтира биларми қалбни? Сиз шунчаки, асли ерлик эмасдингиз, мусофирликдан озод бўлдингиз, холос. Учиб кетдингиз ва қадр топдингиз ўз ватанингизда!

Йўқ, кўзёшларимга қулоқ солманг. Улар ҳайқираверадилар. Мен яна анг­лаб етдимки, Сиз тўғрингизда ўтган замонда гапириб бўлмайди! Ахир ҳаммаси фақат ўтмишда қолган эмас, ҳаммани титратган бугунингиз бор, севилиб яшашда давом этгувчи эртангиз ҳали олдинда. Ҳа, ўлган одамларнинг фақат ўтмиши бор, ТИРИК ШОИРларнинг эса эртаси ҳам олдинда...

Сен менинг,

Сен менинг,

Сен менинг!!!

Ойдиннисо Йўлдошева

Энг кўп ўқилган