Япониянинг пойтахти – Токио шаҳрида “Ўзбекистон ва Япония – Буюк ипак йўлида” деб номланган халқаро илмий конференция бўлиб ўтмоқда.

Тадбир Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, тадқиқ этиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти, Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий   ассоциацияси, Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси ташаббуси билан  бир қатор давлат, жамоат ва халқаро ташқилотлар кўмагида ташкил этилди.

photo_2019-12-16_08-06-10.jpg

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 17-20 декабрь кунлари  Японияга расмий ташрифи арафасида ўтказилаётган ушбу анжуман ҳам Кунчиқар юртда Ўзбекистоннинг тарихий меросини янада кенгроқ тарғиб этишни кўзда тутади.

Маълумки, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги маданий алоқалар узоқ асрларга бориб тақалади. Бугунги кунда Япониядаги император хазинасида, бир қатор илмий ва маданий муассасаларида, музей ва кутубхоналарда Ўзбекистон билан боғлиқ юзлаб осори атиқалар  сақланмоқда.

“Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” мультимедиа лойиҳаси  доирасида ўзбек ва япон олимлари ҳамкорлигида “Марказий Осиё санъати Япония тўпламларида” китоб-альбоми юзага келди. Ўзбек, япон, инглиз ва рус тилларида чоп этилган ушбу китобда икки халқ маданий алоқалари тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи қизиқарли мақолалар, Японияда сақланаётган Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон билан боғлиқ дурдоналарни ўзида акс эттирган фотосуратлар ва маълумотлар ўрин олган. Китоб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг табрик сўзи билан бошланади.

Анжуманда ушбу китоб-альбом ҳамда ундаги маълумотлар асосида суратга олинган ҳужжатли фильм тақдимоти бўлиб ўтди. Таъкидлаш жоизки, япон ва ўзбек олимлари иштирокидаги бундай йирик анжуман илк бор ўтказилмоқда.

photo_2019-12-16_08-11-47.jpg

– Биз “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳаси доирасида дунёнинг ўндан ортиқ мамлакатида ижодий сафарда бўлдик, - дейди Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, тадқиқ этиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов. – Биз бугун Кунчиқар юрт заминидаги учрашувлар чоғида жаҳон миқёсида халқимизнинг буюк меросига, шунингдек, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга қизиқиш қанча юқори эканига амин бўлдик.

Мазкур анжуманда ўзбекистонлик ва япониялик олимлар ҳам фаол иштирок этишмоқда. Улар бу каби тадбирлар илмий доиралар, оммавий ахборот воситалари, жамоат арбоблари, сармоядорлар, умуман, Буюк ипак йўли мероси билан қизиқувчи барча инсонлар ўртасидаги мулоқотни жонлантиришга хизмат қилишини таъкидлашмоқда.

– Бугун тақдим этилаётган китоб-альбомлар чиндан ҳам таҳсинга лойиқ,  - дейди Касихара Археология институти директорининг собиқ ўринбосари Киносита Ватару.  – Бу китоб-альбомнинг яралишида менинг ҳам ҳиссам борлигидан мамнунман. Бу нашрлар орқали бизнинг музейларимизда сақланаётган Ўзбекистон маданий меросининг ажойиб намуналари ҳақида маълумот олиш мумкин. Биз бу йўналишдаги ишларимизни бундан кейин ҳам давом эттирамиз.

Мазкур анжуман доирасида Япониянинг Токио, Киото сингари шаҳарларида ҳам қатор маданий тадбирлар, давра суҳбатлари, фильмлар ва китоблар тақдимоти, кўргазмалар ўтказилиши кўзда тутилган.

 

Рустам Жабборов

Энг кўп ўқилган