(Машҳур қўшиқчи Шерали Жўраев билан ғойибона дардлашув)

 

Мен сени мақтамайман. Чунки сен ҳар қанақа мақтовдан, ҳар қанақа сунъий сўзлардан, бежашлардан устун турасан. Уларга, ҳатто, қайрилиб ҳам қарамайсан. Мен сени биламан, хонишларингдаги дардни тушунаман. Мени шундай яратгани учун она-табиатдан тоабад розиман. Оҳ, сени тушунмаганлар қанчалик шўрли, бечора...

Қиёмига етказиб айтган қўшиқларингга қойил қоламан, лекин бир жиҳатингга тан бераман:

Сен мағрурсан! Саркашсан!..

Жафокаш, содда халқинг учун мағрур эмассан. Сен бошқаларга, қорни учун яшаётганлар, халқингни қора пулга олмайдиганлар, софдиллар устидан мазахлаб куладиганларга мағрурсан. Исёнинг, саркашлигинг ўшалар учундир. Шунинг учун сени қувғин қилишди, устингдан миш-мишлар, туҳмат-бўхтон сўзлар тарқатишди. Одамларнинг устингдан бир умр кулиб, масхаралаб ўтишларини истадилар. Чунки сен уларнинг қолипига, андозасига тушмадинг. Сен рост, ҳаётий сўзларни қўшиқ қилиб айтавердинг. Улар сенинг мағрур овозингни тўса олмадилар.

Йўлимни тўсма, эй, кўнгли қора зот,

Наҳот, бўроннинг ҳам йўлин тўссарлар?

Сўнгра алам билан кўтарма фарёд,

Қурган капачангни бузиб кетсалар!..

Ўзинг айтгандай, шундай бўлди. Шундай бўлишини билардинг. Бунинг учун сен хурсанд бўлмадинг. Чунки сен бу дунёнинг сир-асрорини аввалдаёқ англаб етган эдинг. “Капача”лар ёнга сурилиб кетганда сен дунёнинг шунақа қурилганидан азоб чекдинг, афсусландинг. Мен шундай бўлганига ишонаман.

Бир қўлда Қуръону биттасида жом,

Гоҳида ҳалолмиз, гоҳида ҳаром.

Феруза гумбазли осмон остида,

На чин мусулмонмиз, на кофир тамом.

Бу қўшиғингни эшитганда, қалбим куйиги димоғимни тутди. Ҳиқилдоғимга аччиқ тош қадалиб, куйдириб туриб олди. Сен юракдаги ярани шилиб юборган эдинг.

Чунки бу рост сўз эди!..

Шу сўзинг учун сени исломпараст, тушкунликка берилган, дегувчилар ҳам бўлди. Ахир, Умар Ҳайём (Абу Али ибн Синога ҳам нисбат берилади) бундан бошқа қанақа ўхшатиш топа олади ёки ҳозирги атамаларни қўллаб ёзсинмиди? Иложи йўқ бунинг. Шоир дунё, ҳаёт, ишқ ҳақида ўз давридан ўзиб, буюк сўзни айтган. Сен бу сўзларни қўшиқ қилганда ҳам ҳаёт бугунгидай эркин эмас эди.

Фикр қилайлик, биз ким эдик? На у ёқли, на бу ёқли, аросатда қолгандик. Ғурур, орият, аждодлар руҳи покини шод этиш, бу йўлда курашиш каби туйғулар бизда йўқолаёзган эди. Тилимизни, урфимизни, ёзувимизни уну-таёздик. Шунда сен бонг уриб чиқдинг, сўқир кўзларга нури бино ато этдинг.

Оқар дарёга ҳам кимдир банд берган,

Ҳаёт кимга асал, кимга қанд берган.

Саркаш, деб, эй дўстим, койима мени,

Ғаним сенга эмас, менга панд берган.

Ҳаёт қизиқ. Раият ҳар кимга юзаки: қадди-қоматига, кийинишига, эгилиб-букилишига, айниқса, ҳозирда, бировни алдай олишига, “ўткир”лигига, дўстини ғийбат қилишига, фоҳишабозлигига, ваъдани бериб, бажармаслигига қараб баҳони ошириб боради. Шундай хислати бор одам зўр, ҳурмати жойида. Камгап-камсуқум, пойчўкирга кун йўқ. Шунинг учун ўшандай кимсалар оддий, содда халиқимизга мудом панд берадилар, ўзларининг нопок қилмишини ўрол қиладилар.

Менинг ҳам бир дўстим бўларди. Уни “лаҳад”га қўйдим. Йўқ-йўқ, аслида, у тирик. Менга ғараз билан панд берди, оғир туҳмат қилди. Шунда дўстлигимиз тугади. Тушкунликка тушган пайтларимда хонишларингни тинглаб, руҳим кўтарилади. Ахир, сен бундай хасаки, бачкана кимсаларга парво қилмайсан-ку, тўғрими?! Яъни: ”Оқилон пайрави нуқад накунад”.

Ўзни доно билган уч-тўртта нодон,

Эшак табиатин қилур намоён.

Улар қаторида сен ҳам эшак бўл,

Бўлмаса кофир, деб қилурлар эълон.

Сен бу сўзларинг маъносини теран англайсан. Шоирнинг кинояли истеҳзоси, аламли қайғуришини ранго-ранг хонишларда тингловчига етказа олдинг. Сўзларнинг ҳар бир бўғини, ҳар бир ҳарфига керакли урғуни бериб, шарқона қироатда куйладинг. Тушунган тингловчи ўшандай жирканч даврадан беза бошлади. Ўзинг эса шунақанги ясама, қоғоз гулни эслатувчи муҳитларни аввал-бошдаёқ тарк этгандинг. Эркин Воҳидов сўзи билан куйлаганингдай:

Яхшидир аччиқ ҳақиқат, лек ширин ёлғон ёмон,

Шу ширин ёлғонга мендек алданиб қолғон ёмон.

Ушшоқликни энг шаффоф туйғу, деб билдинг ва шундай куйладинг. Ошуқ юрак энг покиза инсонда бўлади. Сен куйлаганда, қанчадан-қанча покиза қалблар хонишингдан малҳам топадилар. Дағал, ҳиссиз юракларга эса бу - наштар бўлиб санчилади.

Ишқсиз бедардларни кўргали йўқ тоқатим,

Ёқмаса, маъзур тутинг, бу ҳолатим, ошиқ бўлинг...

Шерали, сен мағрур эдинг, мағрур бўлиб қолдинг. Халқингдан, иймонингдан ўзга ҳеч ким сенинг тик бошингни эголмади. “Қўшиқчилик – тақдир”, деб билдинг, бир умр мағрурона куйладинг.

Ўзинг мағрур қўшиққа айландинг!

Ҳамон шундай куйлаяпсан... Сен қўшиқ куйлаганда, қурғоқ ариқларга сув, қурушқоқ лабларга қизиллик, сўник кўзларга нур келади. Қўшиқ одамни яшашга, демак, курашга чорлайди.

Менинг озурда кўнглим яшил ҳисларга тўлади:

Кетма Баҳор, кетма-ей, менинг боғимдан...

Раҳимжон МИРЗАҚУЛОВ.

“Бешариқ тонги” газетаси. № 117. 1990 йил 2 октябрь.

***

МУАЛЛИФДАН: “Бешариқ тонги” газетамизнинг сарғайиб кетган тахламини варақлаётиб мазкурга кўзим тушди, ўқиб, ярам янгиланди...

Хотиралар бирин-сирин қад ростлайверди. Ушбу бадиа газетада чиққанида, бир дилкаш дўстим уч кунгача уйим эшигини тақиллатиб, бот-бот келаверганди, ўпкаси тўлиб: “Лаҳад”га қўйган дўстинг мен эмасми?!”, деб. “Йўқ, асло!”, деганимга ишонмайди, денг. Ахийри бир куни ширакайф бўлиб келди ва “Мендан сенга нима алам ўтди, дўстим?!”, деб йиғлади. Юрак-боврим эзилиб кетди. “Йўқ, асло!”ни энди мен ҳам беихтиёр йиғлаб айтдим. У мен учун, мен эса қоидалари бузуқ дунё учун кўзга ёш олдик. Шунда “Энди ишондим, хайрият, мен эмас эканман!”, деди у енгил тин олиб ва биз қучоқлашиб хайрлашдик. Дўстим Шералининг чин мухлиси эди, қалбан тушунарди... Ҳозир у Инсон орамизда йўқ. Исми Назиржон эди, худо раҳмат қилсин...

Мазкур бадиа 29 ёшга тўлди... Ўша даврда Муҳаммад Мустафонинг ҳадислари яккам-дуккам босила бошлаганди. “Дўстингни ҳаддан ортиқ яхши кўриб юбормагилки, куне келиб душманнинг ишини қилиши мумкин. Душманингни ҳаддан ортиқ ёмон кўрмагилки, куне келиб дўстинг қилмаган яхшиликни қилиши мумкин”, деган ҳадисни ўқиб, ўпкам тўлиб, шашқатор жолам юзимни ювганди...

Бу гапларни бирор таъма учун эсламадим. “Дўстлар” озор берганида, оқкўнгиллик боис нокаслар қитмирлиги қошида ожиз қолганда, бевафо дунёнинг турфа зарбаларига йўлиққанда, Шералининг ашулаларидан паноҳ топганмиз. Ҳамон шундаймиз...

Бу Булбулнинг навозиши юракнинг унча-мунча ҳофиз хониши етиб борол-майдиган энг-энг теран ва нозик торини топиб, черта олади – орзиқиб кетасиз!

Инчунун, дардсизлик, ҳиссизлик, нафс ва майнавозчилик уфуриб турган, вале халққа ялтироқ рўйжолар, ясама ҳижоларга ўраб кўрсатилаётган ёки руҳиятни сўндирадиган, гўзал туйғулардан қалбда ғурур уйғотолмайдиган “қўшиқ”ларни тингламайман, совуқлиғим ошиб кетади.

Шерали Жўраев – балогардон ҳофиз. Ҳаётда биргина менга келган қанчалаб “бало”ларни, алам, ҳасрат, изтиробларни ғойибона даъф қилди, кўнглимга таскин берди, инсон бўлиб яшашга ундади. Ҳофиз ёрни, Ватанни, эл-улусни, чин дўстни севишни, ифтихор ила ғурурланишни ўргатди. Булҳавасларга бегона бу туйғулар - фақат ўзимга аён... Мендақалар милёнлаб чиқар.

Ҳофиз Ватанга, миллатга, тилга, санъатга, иймону виждонга, ор-номусга келган “бало”ларга кўкрак кериб, собит туриб берганини биларсиз?.. Бу - халқимизга аён!

Мен камтарона ҳикоя ва бадиаларимда ҳофизнинг донишмандона, румиёна санъатига кўп мурожаат қилдим. Унга бағишланган каттароқ асарларга ҳам қўл урганман. Ҳали эълон қилинмаган, ҳозирча ўзиму Аллоҳ билади...

Ҳофизларни булбулга ўхшатишади. Бизда ичагига сал ош айланиб қолган қўшиқчиларни “фалон булбули”, “писмадон юлдуз” дейиш урфи бор. Қаранг, бошқа қушлардан фарқли ўлароқ, булбул қафасда, тутқунда асло сайрамаскан!.. Ҳа, булбул бўлиш учун булбулхониш ва булбулфеъл бўлиш керак-да. Умуман, ҳар соҳанинг булбули бўлади: булбул шоир – Чўлпон, булбул ёзувчи – Қодирий, булбул муҳаддис – Бухорий... Бундай булбул одамлар тутқунликка, қолипларга сиқмайди. Шералининг ҳаёти ва ижодига боқинг: қолипга тушмай, тутқунда сайрамай яшамоқда. Гапим нотўғри бўлса, ўша жойини олиб ташланг!.. Азизим, бу – аксиома.

Шерали ака – атои худо. Биз Аллоҳга шукрона келтиришимиз лозим.

Бешариқ. 2019 йил 8 декабрь

Раҳимжон Мирзо

Энг кўп ўқилган