17 декабрь  —  Огаҳий таваллуд топган кун

 

Яқинда ўзбек мумтоз адабиётининг таниқли намояндаси – истеъдодли шоир, етук тарихнавис, моҳир таржимон ва давлат арбоби Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудига 210 йил тўлади.

Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Хивадаги шоир номи билан аталадиган боғ ҳудудида истеъдодли ўқувчилар учун шоир ижод мактаби барпо этилди ва унинг олдида Огаҳий ҳайкали қад ростлади.

Ўзбек адабиётида Огаҳийнинг маънавий мероси катта ўрин тутади. Унга бахш этилган иноятларнинг биринчиси истеъдод бўлса, иккинчиси адабиёт ва санъатга ошно оилада таваллуд топганидир. Отаси Эрниёзбек гарчи деҳқончилик билан машғул бўлса-да, унинг ака-укалари Мунис, Рожий (Муҳаммад Қиличбек), Нозим (Муҳаммад Ёққуббек) ҳам ўз даврининг таниқли шоирлари эди.

Валилик даражасига етган азизлардан бири омонатини топшириш олдидан фарзандларию шогирдларига: «Қачонки дунёдан ўтсам, мени ёдламоқни ва қабрим тепасига бормоқни ихтиёр этсангиз, аввало, устозим қабрини зиёрат қилиб, сўнгра менинг зиёратимга азм этинг», дея васият қилган экан.

Бу сўзларда катта маъно, катта ҳикмат бор. Зеро, Огаҳийнинг хотирасини ёд айлаб, у зотга эҳтиром кўрсатар эканмиз, даставвал, унинг устози Шермуҳаммад Авазбий мироб ўғлини, яъни Мунис Хоразмийни тилга олишимиз шарт.

Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда адабиётни ўзига касб эмас, ҳунар деб билганларнинг асарлари яшаб қолган бўлса ажаб эмас. Мана шундай саодат Огаҳийга ҳам насиб этди. У ўз қитъаларидан бирида шундай ёзади:

Киши неча иморат қилса бунёд,

Ва ёхуд ҳаддин афзун қўйса авлод,

Тутуб бўлмас бирисидин бақо кўз,

Қолур боқий жаҳон ичра магар сўз.

Огаҳий таърифлаганидек, сонсиз фарзанд дўратган (дунёга келтирган), хешу ақраболарни кўпайтирган, қатор-қатор иморатлар бунёд этган билан қачонки, элга нафи тегмаса, улар орқали мангуликдан хомтама бўлиш ўринсиз. Зеро, иморатлар даврлар ўтиб, кунпая-кун бўлади, авлодларинг ҳам бир куни номингни унутиши шубҳасиз. Лекин яхши сўз билан жаҳонда боқий яшаб қолиш муқаррар.

Дарҳақиқат, сўзлаш деярли барчага насиб этган, аммо сўз айтиш истеъдоди ҳаммага ҳам берилмайди. Огаҳий асарларининг неча даврлар ўтиб, давронлар айланиб, ўз сўзи билан айтганда: «замон ҳаводисининг офати зарари»га дош бериб, даврон инқилоби ғуборларидан эсон-омон қолиб, яшаб келаётганлигининг боиси сўз мартабасини баланд тутиб, унинг елкасига эзгуликка хизмат этувчи маъни ортганидир.

Ана шу сабабдан ҳам Огаҳий насри ва назми «адам кисватидин муарро ва бақоси фано туҳматидин мубарро»  яъни «йўқлик либосидан холи ва ўткинчи дунё туҳматларидан озод»дир.

Бундан ўттиз йил аввал шоирдан ёдгорлик – кўп йиллик тут дарахти муҳофазага олингани ва унинг ёнида Огаҳий уй-музейи барпо этилганини эсалатган ҳолда, шоирнинг қўли теккан ниҳол ҳам асрларни кечиб ўтаётганида бир ҳикмат борлигини таъкидлашни лозим топдик.

Отабек ИСМОИЛОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси 

Энг кўп ўқилган