ёшлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи ва ҳарбий-ватанпарварлик

мавзусидаги янги фильм

Баъзан телеканалларимизда хориж сериаллари ва фильмлари ҳаддан зиёд кўпайиб кетгани ҳақида турли эътирозлар билдирилади. Бунда жон бор, албатта. Лекин шунча имконият, шунча шароит яратиб берилаётгани билан ҳали кутилган даражадаги миллий киноларимиз чиқмадиям-да. Айрим сериалларимиз ҳамда бадиий фильмларимизни нисбатан яхши дейиш мумкиндир, аммо аксариятининг сценарийси саёзлиги, воқеаларнинг чалкашлиги, боз устига режиссуранинг нопрофессионаллиги уларнинг рақобатда чет эл фильмларига ютқазиб қўйишига сабаб бўлмоқда. Қолаверса, санъатдан хабари йўқлар ҳам пул топиш илинжида бугун фильм суратга олаётгани ачинарли. Натижада телеканалларимиз талабга яраша таклиф қабилида иш тутиб, хориж маҳсулотларига мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда. Томошабин ҳам, табиийки, уларни маъқул кўряпти.

Чет эл фильмларини бутунлай таъқиқлаш керак, деган фикрга қўшилмаймиз. Бироқ бир жиҳатни унутмаслик лозимки, кино — кучли ғоявий таъсирга эга санъат тури ҳисоб­ланади. Шундай экан, хорижий фильмлар замирида ҳам ўзга халқлар тарихи, мафкураси, сиёсати, анъаналари ётади. Ҳаммаси ҳам бизнинг қадриятларга уйғун эмас. Демак, уни кўр-кўрона тарғиб қилиб қўймаяпмизми, деган мушоҳадага ҳам борасан киши. Мана, нима учун бизга кўпроқ миллий маҳсулотлар зарур ва маъқул...

 Ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашнинг муҳимлиги хусусида бот-бот гапирамиз. Ушбу йўналишдаги киноларимиз ҳам қанча кўпайса, шунча яхши. Боиси унинг таъсири битта аудиторияга ўнлаб, юзлаб йигит-қизни тўплаб, соатлаб ўқиладиган маърузадан кўра кучлироқ. Бундай йўналишдаги кино асарлари ҳарбий хизматчиларнинг шарафли касбини, юрт тинчлигини таъминлаш йўлидаги фидойилигини кўрсатиб бериш билан бирга нав­қирон авлодда ҳарбий хизматга бўлган қизиқишни ҳам кучайтиришга хизмат қилади.

Айни мана шулардан келиб чиқиб, «SINTEZ FILM» хусусий киностудияси томонидан «Бадал» номли бадиий фильм суратга олинди. Унда бош қаҳрамон тимсолида ёшлик даврининг жўшқин ва ўзгарувчан дамлари, тўғри йўлдан боришнинг муҳимлиги, жонажон Ўзбекистонимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги йўлида туну кун фидойи хизмат қилаётган ҳарбийларимизнинг мардлиги таъсирли саҳналар орқали бадиий жиҳатдан кўрсатиб берилган.

Фильм режиссёри ва бош роль ижрочиси «Қадамлар», «Бурч ва муҳаббат» бадиий фильмлари ҳамда «Шоҳсупа» миллий сериалидаги бош роли орқали халқимизга танилган маҳоратли актёр Шерали Ортиқовдир.

Асосий ролларни эса юртимиздаги энг кўзга кўринган актёрлар — Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шоҳида Исмоилова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Эгамберди Раҳимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, дубляж устаси Ҳошим Арслонов, Меҳриддин Раҳматов, Сей­дулла Молдахонов ва бош­қа кўплаб ёш таниқли актёрлар ижро этган.

Фильм қарийб 2 йил давомида Фарғона, Қўқон, Андижон, Оҳангарон, Чиноз ва Тошкент шаҳрида суратга олинди. Унинг монтаж ва овозлаштириш ишлари якунланди. «Ўзбеккино» рухсатномасига эга бўлиб, халқимиз эътиборига ҳавола этиш учун тайёр қилиб қўйилди.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, «Бадал»нинг кенгроқ варианти, яъни сериал шакли ҳам мавжуд. У бадиий фильм намойишидан кейин телеканалларимизда тақдим этилиши режалаштирилган.

Шерали Ортиқовнинг таъкидлашича, одатда хусусий киностудияларнинг ҳарбий мавзуда сериал олиши деярли кузатилмайди. Асосан давлат буюртмасига кўра яратилади. Аммо ижодкор ҳарбий соҳага қизиққани учун ҳам бу ишга қўл уришга журъат қилди ва ниҳоят асарини якунлади. Томошабин сериалда фильмда кўрмаган воқеаларига ҳам гувоҳ бўлади.

Албатта, биз «Бадал»ни олдиндан мақташ ёки кўкка кўтаришдан йироқмиз. Омад тилиймиз холос. Халқимизга тақдим этилса, ҳаммаси ойдинлашади. Холис баҳони барибир томошабин беради.

Дилбар МАҲМУДОВА,

журналист