Юртимизда бойликлар кўп, лекин энг катта бойлигимиз, энг юксак қадриятимиз бу — жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, шу билан бирга дўстлик ва ҳамжиҳатликдир. 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари истиқомат қилаётган ҳамда 16 диний конфессияга мансуб ташкилотлар фаолият кўрсатаётган Ўзбекистон асрлар мобайнида турли маданиятлар, анъана ва диний эътиқодлар учрашган табаррук замин бўлиб келган. Эндиликда бу миллий ва диний бағрикенглик ўзбек менталитетининг ажралмас қисмига айланди, десак муболаға бўлмайди.

Мамлакатимизда яшаётган турли миллат вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда Маданият марказларининг ташкил этилгани ҳам эътирофга лойиқ. Турли миллат вакиллари истиқомат қилаётган шаҳар ва туманларда «Ўзбекистон — умумий уймиз», «Шу азиз Ватан барчамизники» шиори остида дўстлик фестиваллари, учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар — деярли барча ҳудудларда ташкил этилмоқда. Зеро, этник қадриятларни сақлаб қолиш, ривожлантириш, тарғиб қилиш, миллатлараро тотувликни мус­таҳкамлаш сиёсатимиз ўзагини ташкил қилади.

Дунёдаги кўпгина халқлар қатори қозоқ миллати ҳам ўзининг тарихи, улкан маданий меросига эга. Мамлакатимизда яшаб келаётган қардошларимизнинг миллий урф-одатлари ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантириш борасида мунтазам амалий ва услубий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Жорий йилда Ўзбекистон ҳамда Қозоғис­тон Республикалари раҳбарлари ҳамкорлигида имзоланган давлатлараро муҳим ҳужжатлар мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий, техникавий, маданий-маърифий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.

2018 йилда Қозоғис­тон Республикасида Ўзбекистон йили катта шодиёна билан нишонланди. Унинг доирасидаги ижодий лойиҳалар, мулоқот ва учрашувлар, бадиий кўргазмалар, адабиёт аҳлининг ўзаро учрашувлари қардош халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари азалий эканини яна бир карра намойиш этди. Жорий йилда эса мамлакатимизда Қозоғистон йили кўтаринки руҳ билан ўтказилмокда. Олис ўтмиш, археология, театр, кино санъатига оид тадбирлар, премьералар, қизиқарли экспозициялар ўзбекистонлик мухлисларга завқ ва катта таассурот бағишламокда.

Бу жиҳатлар Абай Қўнонбоев таваллуди муносабати билан ўтказилаётган тадбирларда ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 март куни қабул қилинган «Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўгрисида«ги қарорини халқимизнинг қардош Қозоғистон элига, унинг бетакрор адабиёти ва маданиятига, ёруғ келажагига бўлган ҳурмати ва ишончининг ёрқин ифодаси сифатида эътироф этиш мумкин.

ЮНЕСКО томонидан дунёда тинчлик, динлар ва конфессиялараро мулоқотни ўрнатиш, миллатлар ва элатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилиб, ҳозирда бағрикенгликка оид 70 дан зиёд халқаро ҳужжатлар қабул қилинган. Уларнинг ёрқин намунаси 1995 йил 16 ноябрда Парижда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 28-сессиясида эълон қилинган «Бағрикенглик тамойиллари декларацияси»дир. Ҳозирда ушбу кун бутун дунёда «Халқаро бағрикенглик куни» сифатида кенг нишонланади.  Шу муносабат билан айни кунларда юртимизда турли тадбирлар, бадиий кечалар, «Ўзбекистон — умумий уйимиз» шиори остида гала-концертлар, «Марказий Осиё — умумий уйимиз» мавзусида халқаро конференциялар ўтказилмоқда.  

Ўйлайманки, Президентимизнинг Республика байналмилал маданий маркази 25 йиллиги муносабати билан йўллаган табриги, ундаги бағрикенг­лик, халқлар дўстлиги, Ўзбекистонда ҳукмрон бўлган тинч ва тотув ҳаёт тўғрисидаги сўзлари шу юртда истиқомат қилувчи ҳар бир кишининг ҳали-ҳали эсида турибди.

Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев илк бор давлат раҳбари сифатида Ўзбекистонга ташриф буюрганда бирга Тўлабий бува мақбарасини зиёрат қилган эдик. У кишига қозоқларнинг ўзбеклар ва бошқа халқлар вакиллари билан тинч-тотув, осойишта ҳаёт кечираётгани хусусида батафсил сўзлаб берган эдик. Меҳмон ўз кўзи билан ҳудудларимиздаги бошқа халқларга кўрсатилаётган ғамхўрликни кўриб, бундан миннатдорлиги, ўрганилган тажрибалардан ўз юртида ҳам фойдаланмоқчи эканини билдирган эди. Айни пайтда пойтахтимиздаги Ҳазрат Тўлабий бува мақбарасини барча мусулмонлар қатори қозоқлар, ўзбеклар ҳам бирдек зиёрат қилишади.

Шуни қайд этиш керакки, халқлар ўртасидаги дўстлик, алоҳида одамлар ўртасидаги дўстликни вужудга келтиради ва аксинча, алоҳида одамлар ўртасидаги дўстлик халқлар ва давлатлар ўртасидаги дўстликни, алоқаларни мус­таҳкамлайди. Шуларни ўйлар эканман, мамлакатимизда ҳукмронлик қилаётган бағрикенглик, Ўзбекистонни ўз Ватани деб яшаётган турли миллат вакиллари — дўстларим ҳақида ўз ўйларим билан ўртоқлашгим келди.

Ўзбек халқи бағрикенг, меҳмондўст, сахий халқ. Шунинг учун корейслар Узоқ Шарққа кўчиб кетишга рухсат бўлганда, кўчиб кетишмади. 1941-1945 йиллардаги иккинчи жаҳон уруши пайтида Ўзбекистон 200 минг болани қабул қилди, тарбиялади, бошини силади. Бунга бутун дунё тан бергани ҳеч кимга сир эмас.

Яқинда Тошкентда Халқаро китоб ярмаркаси ўтказилди. Унда Қозоғистон нашриётлари чоп этган китоблар йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди. Шу билан бирга Қозоқ миллий маданият маркази 30 йиллиги катта тантана билан ўтди. Унда Марказ раҳбари бўлган, Қозоғистон ва Ўзбекис­тон давлатлари дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшган марҳум Ортиқали Укубоев номи катта ҳурмат билан тилга олинди.

Бир дўстлик, бир қардошлик бўлса, шунча бўлади. Бу юртда нафақат қозоқлар, балки ҳар бир миллат вакили ана шундай эъзоз ва эҳтиромда. Муҳими, мана шундай оқибатга кўз тегмасин!

Турсумаг ХОЛБОЕВ,

Қозоқ миллий

маданият маркази

Тошкент шаҳар

бўлимининг раиси