Маълумки, бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида секторлар тизимлари фаолият кўрсатмоқда. Уларга муносиб раҳбарлар етакчилик қилишмоқда. Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган бу тизимнинг самараси барча жабҳаларда намоён бўлаётганини кўриб, сезиб турибмиз.  Масалан, биргина халқ таълими тизимини олайлик. Секторлар саъй-ҳаракати билан жойларда янги мактаблар қурилаётгани, мавжудларининг реконструкция қилинаётгани, таъмирланаётгани соҳа ходимларига ҳам, ўқувчиларга ҳам қулайлик яратмоқда.

Каттақўрғон шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфида 18 та умумтаълим мактаблари ҳамда 1 та «Баркамол авлод» болалар маркази фаолият кўрсатиб келмоқда. Уларни секторлар кесимида куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Шаҳар ҳокими Музаффар Ҳошимов раҳбарлигидаги 1-сектор ҳудудида 6 та  умумтаълим мактаби мавжуд. Ана шу таълим муассасаларини таъмирлаш ва куз-қишки мавсумга тайёрлаш мақсадида 2246 миллиард сўм маблағ ажратилди. Жумладан, 3-сонли умумтаълим мактабини таъмирлашга «Обод маҳалла» давлат дастури асосида маблағ жалб этилиб, «Бест строй сити» МЧЖ томонидан муассасанинг 900 ўринли ўқув биноси ҳамда спорт зали тўлиқ капитал таъмирланди. Сектор ҳудудидаги қолган барча умумтаълим мактаблари  куз-қишки мавсумга тайёр ҳолатга келтирилди..

Шаҳар прокурори раҳбарлигида 2-сектордаги 5-сонли умумтаълим мактаби учун ушбу сектор бошлиғи ташаббуси билан маҳаллий бюджет ҳисобидан 300 миллион сўм маблағ ажратилди. Ана шу маб­лағ ҳисобига «Умид Мебел Инвест» МЧЖ томонидан муассасанинг 500 ўринли ўқув биноси жорий таъмирланди. Ҳудуддаги мавжуд 3 та мактаб янги ўқув йилига пухта ҳозирланган эди.  Сектор ишчи гуруҳининг ўрганишлари натижасида мавжуд 3 та — 2,5,16-сонли умумтаълим мактабларидаги муаммолар бартараф этилди ва улар куз-қишки мавсумга тайёр ҳолатга келтирилди.

 7 та мактабимиз шаҳар давлат солиқ инспекцияси бош­лиғи раҳбарлигидаги 4-сектор ҳудудида жойлашган. Бу билим даргоҳлари таъмири ва бошқа бажарилиши лозим бўлган ишлар учун  2 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Жумладан, 14-сонли умумтаълим мактаби учун  инвестиция давлат дастури асосида 2 миллиард сўмга яқин маблағдан фойдаланилди.  Ана шу маблағ ҳисобига «Мадад қўрғон қурилиш» МЧЖ томонидан муассасанинг 910 ўринли ўқув биноси капитал таъмирланди.

Ҳудуддаги 6,7,8,9,13,14,17-сонли умумтаълим мактаблари янги 2019-2020 ўқув йилини қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш борасида тўлиқ тайёргарлик билан бошлаган эди. Бугунги кунда эса улар куз-қишки мавсумга тайёр ҳолга келтириб қўйилди.

3-сектор томонидан ҳам мактабларимизга ҳар томонлама кўмак  бериб келинмоқда. Сектор аъзолари тегишли таълим муассасалардаги муаммоларни аниқлаш ва уларни тезда бартараф этиш борасида қатъиятлик кўрсатишаяпти. 12-умумтаълим мактабида  «Обод маҳалла» Давлат дастури асосида 1,5 миллиард сўмдан зиёд маб­лағ ҳисобига  қўшимча 300 ўринли ўқув биноси янгидан қурилиши режалаштирилди.

Айтишимиз мумкин, шаҳардаги ҳар бир билим даргоҳида таълим-тарбия жараёнида эришилаётган ютуқларда секторларимиз, хусусан, улар раҳбарларининг ҳиссалари катта. Шаҳарда мавжуд таълим муассасаларида 119 дона замонавий иситиш қозонлари, 45 дона голланд печлари мавжуд.  Уларнинг барчаси мавсум олдидан қайта кўздан кечирилиб, иситиш тизимида муаммолари бор таълим муассасаларидаги камчиликлар бартараф этилди. 2019-2020 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун  эса 37 дона иситиш қозонлари янгидан ўрнатилди Бундан ташқари, шаҳардаги 17-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг спорт зали биносининг иссиқлик тизимини таъмирлашга ҳомийлар ҳисобидан 14 000 000 сўм маблағ  ажратилди. Шунингдек, 2-сонли умумтаълим мактаби спорт зали биносининг эшик ромларини янгилашда ҳам муассаса собиқ битирувчисининг 27 000 000 сўм миқдоридаги беғараз  маблағи асқотди.

Хуллас, шаҳримиздаги барча таълим муассасалари бугун куз-қиш мавсумга тайёр ҳолда. Бунда шаҳар ҳудудида фао­лият кўрсатаётган секторлар тизимлари томонидан кўрсатилган кўмакдан мамнунмиз.

 

Шуҳрат  ТОҒАЕВ,

Каттақўрғон шаҳар

халқ таълими

 бўлими мудири