Жасур бугун ўзгача кайфиятда мактабга шайланди. У ҳар куни  велосипедида бориб келар, пиёда юришни хушламас эди. Унинг бир одати бор — велосепедининг икки томонига байроқ илиб юрарди. Бундан ташқари унинг дарс хонасида ҳам байроғимизнинг турли кўринишдаги расмлар кўп эди. Буни эшитган, кўрган борки, устидан кулишар, ҳар хил лақаб билан чақирадиган  бўлишган. Лекин Жасур уларга парво қилмай, ўз билганидан қолмасди. Фанлардан аъло баҳоларга ўқиб, устоз­ларининг назарига тушган эди. Ойнаи жаҳонда спортчиларимиз эришган ютуқлари ва улар сабабли ватанимиз байроғи кўкларга кўтарилишини кўриб, ҳавас қилар ва шунинг учун ҳам икки ёнида доим байроқ бўларди.

Жасур эртанги кунга тайёргарлик кўрди. Расм чизди. Чунки у кутган кун 18-ноябрь  давлатимиз байроғи тасдиқланган кун эди-да...

Ҳамон эслайди: ўтган йили Жасур роса хафа бўлган эди. Негаки, синфга кирса, ҳамма тўполон қиляпти. Ҳеч ким байрам тараддудини кўрмаяпти. Шунча ғовур-ғувур бўлишига қарамай, устози дафтарига бир нималарни ёзиш билан овора. Жасур устозига разм солди. «Бугун байрамлиги хаёлидан кўтарилдимикан ёки мен адашдимми» дея календарга қаради. Йўқ, у адашмапти. Орадан анча вақт ўтса ҳамки, устоз ўз ишидан ортмади. Жасур жим қараб туролмади. Доскага чиқди-да, ҳеч кимнинг гап-сўзига эътибор бермай, расм чиза бошлади. Ҳа, бу Ўзбекистонимизнинг гўзал байроғи эди. Ҳалигача ҳужжатдан бош кўтармаган устоз расмни кўриб, лом-мим деёлмади. Нима ҳам дер эди? Ахир, бу санани устоз ҳам унутган эди-да, ўша вақтда...

Бугун ҳам шундай бўлмасин, деган умидда мактабга йўл олди. Синфга кирса, ҳеч ким йўқ. Тадбирлар залига шош­ганча югурди. Саҳнада ҳар хил расмлар... эътиборлиси, у ерда Жасурнинг расми ҳам бор эди. У аввалига хайрон бўлди. Ким менинг расмимни чизди? Синфдошлари Жасурдан сўрамай велосипеддаги ҳолати ва унга ҳамроҳ 2 байроқни ҳам тасвирлабди. Расм жуда чиройли. Бу Жасурга ҳам ёқди... Тадбир сўнггида энг яхши расм чизган синф ўқувчилари тақдирланди. Устозлари «танловда 1-ўринни 6 «б» синф ўқувчилари эгаллади», деганида шодлигини яширолмаган  дўстлари Жасурни ўраб олиб ҳайқиришарди.

Сабаби ўша — ўтган йили шу куни Жасур қилган иш устозини қаттиқ таъсирлантирган ва шунинг учун ҳам унга билдирмасдан, бошқа ўқувчиларга мана шундай расм чизиш топшириғини берган эди. Жасурнинг беғубор, ҳатто, ўзи ҳали англаб етмаган ватанпарварлиги устознинг қалбидан чуқур ўрин олган эди. Бугун шу расм ҳамманинг юрагидан жой олди. Жасурга энди бошқалар ҳавас билан қарайдиган бўлишди.

Дарҳақиқат, байроқ эзгулик ва тинч­лик тимсолидир. Зеро, озод ва обод ватанимиз — Ўзбекистонимизнинг байроғи ҳам бизни улуғ мақсадлар томон бошлайди. Буни биргина спортчи жаҳон аренасида туриб, байроғимизни елкасига ёпиниб, кўзида ёш билан югураётган пайтда ҳис қилмадикми? Шоҳсупага кўтарилганда энг юқорида юртимиз байроғини кўриб, ҳатто, биз томошабинлар ҳам кўзимизга икки томчи ёш олганда ҳис этмадикми?

Аммо афсуски, шундай ёшларимиз ҳам борки, ватанимиз рамзларини умуман билмайди. Ҳатто, мадҳиямизни ёд олмаган. Ахир, давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги ва тинчлиги тимсоли бўлиш баробарида ғурури, ифтихори ҳамдир.

Соҳибқирон бобомиз замонида байроқни паст тутиш ёки сарбознинг қўлидан тушиб кетиши хосиятсиз саналган. Бунга Соҳибқирони алоҳида эътибор берган. Чунки байроқнинг пасайтирилиши мағлубият ва ортга чекиниш ишораси бўлган. Шунингдек, «Темур тузуклари»да таъкидланишича, душман устидан шижоат ва мардлик кўрсатиб, ғалаба қозонган амирлар ва сипоҳийларга ўша давр давлат тимсолларидан ҳисобланган туғ ва ноғора инъом қилинган. Бу Соҳибқирон давлатида салтанат рамзлари нечоғлик баланд мақом тутгани ва улар қандай катта ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий аҳамият касб этганидан ҳам далолат.

Ишонамизки, Ўзбекистон фарзанд­лари қаерда бўлмасин, қандай натижаларга эришмасин, Ватан байроғини ардоқлайди.

 

Гулҳаё ҲУСАНОВА,

«Жамият» маҳорат мактаби тингловчиси