Абдулла Қодирий ҳаёти ҳақида ҳаммага маълум ҳақиқат шундай: истеъдодли ёзувчи қатағон қурбони бўлган, ноҳақ отиб ўлдирилган. Унинг таржимаи ҳоли билан яқиндан шуғулланган мутахассислар бир гапни айтишади: А. Қодирий машъум қатағондан ўн йиллар олдин — 1926 йил март ойида илк бор қамоққа олинган. Икки йилга кесилиб, авф этилгунча, 3 ой тўққиз кун ҳибсда сақланган.

Таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг  «Ёлғиз» асари асосида Ўзбек давлат драма театрида Ўзбекистон санъат арбоби Олимжон Салимов режиссёрлигида саҳнага қўйилган «Жинлар базми» спектакли ўша 1926 йилдаги воқеалар ҳақида ҳикоя қилади. Тўғри, ўзбек романчилигининг асосчиси қаламига мансуб «Жинлар базми» ҳикояси ҳам бўлган. Лекин бу ўринда ёзувчи тақдирига   лоқайд қараган, ўз жонини сақлаб қолган «жинлар» ҳақида.

Абдулла Қодирий «Муштум» журналида «Овсар» тахаллуси остида «Йиғинди гаплар» мақолаларини чоп этади. Унда халқ ҳаётида учраётган камчиликлар ҳақида сатира тиғи остида ниҳоятда таъсирли фикр­лар баён этилади.

Бу битиклар журналхонлар томонидан шу қадар зўр қизиқиш билан кутиб олинадики, оқибатда шов-шув ўша даврнинг «манқурт» раҳбарлари қулоғига ҳам етади. «Овсар»сўзини изоҳлашни талаб қилишади: «идиот» сўзи айтилади. «Заҳарханда иборалар» таърифини «ядовитая змея»деб тушунтиришади. Демак, бундай «идиот»ни қамаш керак. Ёзган асарларида фақат эзгуликни кўзлагани, ўз халқи келажагини ёрқин кўриш ниятида эканлигини тушунтирай деса, эшитадиган одамнинг ўзи йўқ.

Ёзувчининг камерадошини сўраб-суриштирмай отиб ташлашади. Марҳум маҳбус шеригига ўлими олдидан: «Буларнинг кўзига асло кўринма, охир-оқибатда сени отишади» деб огоҳлантиради. Бу ўша замоннинг ҳайқириғи эди.

Ҳақиқатга қулоқ солишмагани учун ёзувчи очлик эълон қилади. Буни эшитган онаизор (Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мадина Тўхтаева) боласига овқат олиб келади. Рухсат бермасликлари турган гап эди. Онанинг меҳрибонлиги, жонфидолиги томошабин кўз ўнгида намоён бўлади. Маҳбусни тиббий кўрикдан ўтказиш учун шифокор келади. Аҳволни кўрган дўхтир: «Шундай ёзувчини қамашса-я» деб афсус чекади.

Қодирий қамоққа олинганида ҳам, суд жараёнида ҳам адибнинг журналда бирга ишлашган ҳамкасблари уни ҳимоя қилишмайди. «Ёзганларингни бизга кўрсатмасдан ўзинг чоп эттиргансан» деб бу ишдан ўзларини соқит қилишади. Ҳибсдан озод бўлган дўстини кўргани келган ҳамкасблар адиб томонидан рад этилади. Бу 1926 йилда бўлган гаплар. Шундай ҳолни саҳнада кўрган томошабин шу инсонлар ҳозир ҳам орамизда бор эмасми, дейиши мумкин. Қаранг, юз йилдан кейин ҳам инсон табиати ўзгармаса-я.

Спектакль бош қаҳрамони ролини талқин этган артист Илҳомжон Бердиев томоша давомида мухлислар меҳрини қозонди. Ҳар сўзида ҳикмат, ҳамиша халқи бахтини ўйлаган ижодкор кажрафтор ҳаётнинг не-не муаммолари олдида метин иродасини намоён этади.

Театр жамоаси ушбу саҳна асарини Абдулла Қодирийнинг 125 йиллик юбилейига совға деб тақдим этмоқда. Бу ҳақиқат, албатта. Лекин Хуршид Дўстмуҳаммад табиатан саналарга атаб асар ёзадиган адиб эмас. «Ёлғиз» қиссаси ёзувчи ижодининг навбатдаги такомилини кўрсатиб берувчи асардир. Ушбу қисса «Шарқ юлдузи» журналида чоп этилгач, адабий жамоатчилик томонидан ижобий баҳо олди, театр ижодий жамоаси мазкур асарни саҳналаштириш ташаббуси билан чиқди.

Спектакль премьерасини ҳаяжон билан кўраётган Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, устоз Иброҳим Ғофуровдан фикр сўраган эдик, қуйидаги гапларни айтди:

— Таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг Ўзбек давлат драма театрида қўйилган «Жинлар базми» асари буюк адибимиз Абдулла Қодирий ҳақида илк саҳна асари бўлгани учун ҳам Қодирийнинг барча мухлисларини ўзига қизиқтириб қўйди. Бу саҳна асари ёзувчининг таржимаи ҳолига дахлдор бўлган, унинг ҳаётида фожиали воқеаларни бирин-кетин бошлаб келган машҳур «Йиғинди гаплар» ўткир танқидий-публицистик мақоласининг ёзилиши, матбуотда босилиши ва унинг жамоатчилик, ўша давр ҳукумат доиралари томонидан қандай қабул қилингани билан боғлиқ воқеаларни ёритишга бағиш­ланган. Маълумки,  «Йиғинди гаплар» асарининг дунёга келиши Қодирийнинг ўша давр ижтимоий-сиёсий ҳаёти ҳақида айрим раҳбар намояндалар Ўзбекистон ҳаётида ўйнаётган роли, олиб бораётган фаолияти кескин танқид қилинган эди. Натижада  ноҳақ судга тортилган, қамоққа ташланган ёзувчининг танқидига зўравонларча муносабат билдиришга қаттиқ ва оғир ҳаракатлар бўлган эди.

— Муаллиф ҳам, актёрлар ҳам ўша давр руҳини очиб берган, — дейди ёзувчи Ёқубжон Хўжамбердиев. — Биз Қодирийнинг бошига тушган қора кунлар ҳақида айни шу спектакль орқали бохабар бўлдик. Саҳна асарида терговчининг пашшадан фил ясаш ҳунари тўлақонли акс этибди.

Бугунги глобаллашув замонида тарихимизга мурожаат қилиб, мозийни ёдга олиш, Қодирий таърифича, хайрлидир. Босиб ўтилган кечаги кунимиз чин маънода ўзликни англаш ва сабоқ олиш борасида самара келтирса, ажаб эмас.

Саҳнадаги манзара ва воқеалар ривожи томошабинлар қалбини банд этганлигини кўрсатувчи бир омил борлигини айтишга жазм этамиз. Айрим кино залларда фильм намойиши ниҳоясида экранда титр ёзувлари пайдо бўлган заҳоти томошабинлар ташқарига йўл олишади, театрда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар бўлиб туради. Аммо «Жинлар базми» спектакли тугагандан кейин ижрочиларни қутлаган томошабинлар зални тарк этишга ошиқмадилар. Гўё кейинчалик ҳам саҳна асари таъсирида яшагандай бўлишди. Томошабин баҳоси — энг одил мезон, деганлари шу бўлса керак.

Шуҳрат ЖАББОРОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси.