Буюк миллатпарвар Абдулла Қодирийнинг бу сўзлари айни бугунги кунимиз учун айтилгандек. Чунки юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самараси ва кенг қамрови, одамларнинг бугунги кунидан мамнунлиги, шаҳару қишлоқларимизнинг бир-биридан қолишмай ривожланиб бораётгани ҳақида фикр юритадиган ҳар киши шундай кунларга етказганига шукрлар айтиши, шубҳасиз.

Бутун фаолияти давомида ўз биносига эга бўлмаган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси учун Миллий боғнинг қоқ марказида муаззам иншоотнинг барпо этилгани биз ижодкорларни қанчалар қувонтирганини яшира олмаслигимиз аниқ. Уюшма фаолиятини янада такомиллаштириш билан боғлик тарихий қарор ушбу ижодий ташкилот фаолиятига чин маънода қанот бағишлади.

Намаиганда Исҳоқхон Ибрат, Жиззахда Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Фарғонада Эркин Воҳидов, Қаршида Абдулла Орипов, Нукусда Иброҳим Юсупов, Андижонда Муҳаммад Юсуф, Сирдарёда Ҳалима Худойбердиева, Тошкентда Абдулла Қодирий ижод мактаблари очилиб, уларда истеъдодли ёшларимизнинг таҳсил олаётгани ижодкорларнинг янги, салоҳиятли авлодини тарбиялаш борасида тенгсиз қадам бўлганини айтмайсизми?! Оммавий ахборот воситалари бугун чин маънода эркинлашди. Ҳамду сано ўрнини таҳлилий-танқидий чиқишлар эгаллаётгани ҳам бунинг исботидир. Оммавий ахборот воситалари ва бадиий ижод эса халққа яна бир қадар яқинлашди, эл ҳаёти­нинг ойнасига айланиб бормоқда.

«Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон ўлса обод айлагай».

Кейинги пайтларда ҳазрат Навоийнинг бу ҳикмати ақлимни ҳам, кўнг­лимни ҳам бутунлай банд этди. Кўнгли бузуғ ким? — Ҳаётда иши юришмай қийналган, бири икки бўлмай, егани қайғу, ичгани алам бўлган киши. Яна ким? — Яратганнинг иродаси билан ногиронлик аравасига михланган ёхуд ота-онасидан бевақт айрилиб, машаққатлар гирдобида кун кечиришга мажбур бўлган... Яна ким? — Fам чекканда дилдош, қувонганда сирдош бўладиган яқинларидан жудо бўлиб, ёлғизлик азобига маҳкум одам. Бедаво дардга мубтало бўлиб, ич-этини еб, кундан-кун орқага кетаётган киши. Ана шундай кўнгли бузуғнинг хотирини шод айламак демакки, бутун мусулмон оламининг қибласи, иймон аҳлининг саждагоҳи бўлган Каъбатуллоҳнинг вайрон бўлган деворини обод айламак билан баробар! Бу ҳазилакам гап эмас — инсонпарварликнинг энг юксак чўққиси!

Эҳтимол, дунёдаги барча шоиру адиб­лар асарларини ўқиб чиқмагандирман. Лекин мана шундай қисқа сатрларда бу даражадаги теран ва таъсирчан, самимий ва ҳаётий қиёсни бошқа бирор мутафаккир асарида учратганмисиз? Мени энг қувонтиргани бугунги кунда ана шу ҳикматлар китоблар саҳифаларидан одамлар ҳаётига кўча бошлагани ва бу эзгу ишлар бошида Юртбошининг ўзи турганидир.

Барчамиз гувоҳмиз: бугунги кунда аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг ажралмас қисмига айланди. Қанчадан-қанча моддий имконияти чекланган одамлар уйли-жойли бўлди. «Обод маҳалла» Дастури орқали одамларнинг айни кўнглидаги ишлар амалга ошмоқда. Натижада қишлоқ ва шаҳар ўртасидаги тафовут тобора камайиб бораётир. Маҳаллаларгина эмас, эл кўнгли ҳам обод бўлмокда. Одамларнинг дилидаю тилида бир гап: «Бўлар экан-ку!» Бу эътирофлар замирида Президентимиз тез-тез такрорлаётган ва исботини амалда топаётган халқни рози қилиш истаги турибди.

Авваллари имтиёзли кредит деганларини пиёда тугул отлиқ ҳам олиши маҳол эди. Бугун-чи, ҳеч бир замонда кўрилмаган ишлар бўляпти. Банк ходимлари уйма-уй юриб, кредит таклиф қиляпти. Қозонни сувга ботириб, рўзғорини зўрға тебратиб юрган айрим қушниларим имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлик билан шуғуллана бошлади. Айни кезда рўзғори обод, дастурхони тўкин, машинали ҳам бўлишди. Неча-неча ногирон, кам таъминланган, кўнгли синиқ одамларга мурувват кўрсатилиб, Президент совғаси сифатида уй-жойлар берилди. Ҳазрат Навоий таъбири билан айтганда, «бузуғ кўнгилнинг обод»лиги бундан ортиқ бўлиши мумкинми?

Навқирон авлодга, айниқса, жамият ҳаётида муносиб из қолдиришга интилаётган, интеллектуал даражаси баланд ёшларга алоҳида эътибор қаратилаётгани таҳсинга лойиқ. Турли соҳаларда катта ютуқларга эришаётган ёшлар учун имтиёзли ипотека кредитлари асосида уйлар ажратилаётгани улар кўнглида Ватанга дахлдорлик туйғусини янада кучайтирмодда. Ўзбекистон Рес­публикаси Фанлар академияси қошидаги илмий-текшириш институтларида, олий таълим муассасаларида илмий изланиш олиб бораётган эллик нафар ёш олимга Сирғали туманининг Чоштепа массивидан Президент совғаси сифатида янги уйлар калити топширилгани илм-фанимиз келажагига кўрсатилган юксак эътибор намунасидир.

Ўзбек халқининг асл табиатига хос кечиримлилик, бағрикенглик, ғам-ғуссали кўнгилларга қувонч нурларини бағишлашдек, савобли ишларга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Ана шундай эътирофга лойиқ ишлардан яна бири жорий йилги Рамазон ҳайити арафасида амалга оширилди. Президентимиз муборак Рамазон ҳайити муносабати билан 226 нафар маҳбусни афв этиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Оғир айблар билан қамалган ватандошларимиз амнистия эмас, афв этилди. Одатда бундай қарорлар мустақиллик байрами, Конституция қабул қилинган кун сингари сиёсий байрамлар арафасида қабул қилинарди. Бу сафар Рамазон ҳайити муносабати билан. Бу нимадан дарак беради? Демак, Ўзбекистонда чин маънода янги давр бошланди. Давлат ва халқ орасида сақланиб келган девор тобора барҳам топмокда.

Абдуғани СУЛАЙМОН