Инсоният азалдан сўзнинг илоҳий қудрати сирларидан воқиф бўлишга  ва шу орқали ўзлигини  англашга интилиб яшайди. Бундай эзгу мақсадларга эришишнинг йўли эса – илм. Ўзлигини кашф этишга интилган киши, албатта, илм йўлини танлайди. Илм аталмиш уммондан ноёб гавҳарларни териш ҳар бир «ғаввос»га ҳам насиб қилавермайди. Бундай сермашаққат йўлни танлаган инсон эл ичида азизу мукаррам бўлади. Тинимсиз меҳнатлари, уйқусиз тунлари эвазига юзага келган ўнлаб асарлари, шогирдлари билан тараққиётга янгича мазмун киритади. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз олий таълим тизимида меҳнат қилаётган олимлар фаолиятини юқори баҳолагани ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар хусусида билдирган фикрлари жамиятимизнинг етакчи кучи бўлган бу соҳа ходимларига юксак ишонч намунасидир.

Мамлакатимизда филология илми тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган олимларимиздан бири Самарқанд Давлат университети профессори, филология фанлари доктори Ибодулла Мирзаев 1946 йилда Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида туғилган. Дастлабки сабоқни ботиний илмларни эгаллаган отасидан ўрганди. Сурхон воҳасининг илғор фикр­ли кишилари билан бўлган қизиқарли суҳбатлар таъсирида кўнглида илмга меҳр уйғонди ва уни университетнинг филология факультети томон йўллади. Талабалик йилларида ўзбек тилининг нозик сирларини ўрганиш баробарида француз ва инглиз тилларининг маънолар хазинаси дурдоналаридан баҳраманд бўлди. 1975 йилда «Французча хос сўзларнинг ўзбек тилига таржимаси муаммолари» мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Айниқса, полиглот олим сифатида француз, ўзбек ва рус тилларининг энг долзарб муаммоларига бағишланган асарлари бир неча хорижий тилларда нашр этилди ва давр­нинг етакчи мутахассислари томонидан ижобий баҳоланди. 

Олимнинг 1992 йилда Тошкентда ёқлаган «Шеърий матннинг лингвопоэтик таҳлили муаммолари» мавзусидаги докторлик диссертацияси ўзбек тилшунослигининг энг катта ютуқларидан бўлди. Ишда туркийшуносликда илк маротаба поэтик матнларда қофия мазмунини ўрганишнинг янги илмий концепцияси таклиф қилинган. Бу концепцияга кўра, туркий халқларнинг асрлар давомида шаклланган бадиий ижод соҳасидаги қарашлари янги ғоялар билан бойитилди. Туркий шеъриятда қофия маъноси тилнинг лексик, морфологик ва синтактик воситалари ёрдамида шаклланиши ҳамда шеър тузилишининг филология илми турли соҳалари учун катта аҳамиятга молик бўлган бошқа сатҳ ва бўғинларини лингвопоэтик нуқтаи назардан ўрганиш лозимлиги  илмий-назарий жиҳатдан асослаб берилди. Бугунги ўзбек тилшунослигида лингвопоэтик тадқиқотлар учун тамал тошини қўйган мазкур тадқиқотнинг ҳозиргача ўз аҳамиятини йўқотмай келаётган жиҳатлари борки, бу мазкур йўналишда бажарилган кўплаб изланишлар учун маёқ ҳисобланади.

Тадқиқотда синтактик бирликлар табиатини очиб беришга ҳам эътибор қаратилиб, сўз бирикмалари (атрибутив, объектив ва релятив) ва икки бош бўлакли содда гап бўлаклар (бош бўлак ва детерминативлар)нинг шеърий нутқдаги ўрни аниқланган. Шеъриятда аниқловчи поспозитив (аниқланмишдан кейин) келиши қонунияти қайд этилди. Тенг сўз бирикмаларини ўрганишга мутлақо янгича ёндашувнинг назарий асослари ишлаб чиқилди.

Бундан ташқари, шеърий кўчиш, киритма ва сўз тартибининг, умуман, шеър­ларнинг синтактик нуқтаи назардан ифодалаш, хусусан, қофия мазмунини ҳосил қилишда мувофиқлаштирувчи омил сифатидаги роли илк маротаба тўлиқ ва тизимли тарзда ўрганилган.

Ибодулла Мирзаев илмий-педагогик фаолияти давомида Самарқанд Давлат университети билан чамбарчас боғлиқ. Олим 1969 йилнинг январидан ҳозирга қадар СамДУда лаборант, ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент, профессор, кафедра мудири, факультет декани лавозимларида ишлади. Айни вақтда университетнинг амалий тилшунослик, ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш методикаси кафедраси мудири лавозимида фаолият кўрсатмоқда. Шу вақтга қадар олим томонидан тайёрланган 600 дан ортиқ илмий мақола, олий таълимнинг филологик йўналишида таҳсил олаётган талабаларга мўлжалланган 2 та дарслик («Ўзбектили» электрон вариант билан),  200 дан ортиқ монография (таржима монографиялар билан биргаликда),  16 та ўқув ва услубий қўлланмаларидан республикамизнинг университет ва институтларида фойдаланилмоқда.

Олим бугун ижоднинг айни авж палласида. Олий таълимнинг  замонавий методологиясини яратиш, мустақиллик мафкурасини, миллий-маънавий қадриятларимизни ўзида акс эттирган ўқув-методик мажмуаларнинг янги авлодини яратиш билан банд. Меҳнати элда эъзоз топган устознинг ўзбек илм-фани ривожи учун қилган  тадқиқотлари инобатга олиниб, шогирдлар ардоғида ғайрат билан ишламоқда.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: «Бугунги замон барча соҳалар қаторида илм-фанни ҳам янги босқичга кўтаришни талаб қилмоқда. Зотан, жамият олдида турган долзарб масалаларни илм-фансиз ечиш қийин. Мазкур соҳани ва олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг устувор вазифаларидандир.»

Толиб ЖЎРАЕВ,

Бадия МУҲИДДИНОВА,

 СамДУ доцентлари,

Маъмура НАРЗИЕВА,

 ўқитувчи