инсон имкониятларини тўлиқ намоён этади

Bодий вилоятларидан бирида қулоғимга бир гап чалинди. Раҳбарлар мактаб ўқитувчисини пахта теримига боришини айтибди. «Мен дарс ўтишим керак-ку» деса, «Тўғри, ўқитувчиларни дала ишларига жалб қилиш мумкин эмас, текширувчилар сўраса, «Мен фаррошман» деяқолинг» дейишибди. Ахир, олий маълумот олиш учун шунча ўқиган бўлсам, қанақасига фаррош бўлай, дея унамабди. Хуллас, муаллимни теримга юбора олишмабди.

Нима бўлибди, дейсизми? Замон талабларини тўғри тушунган ўқитувчи ўзлигини тўла англагани учун асосий фао­лиятидан чалғимабди.

Ўзликни англаш. Ҳозирги пайтдп нақадар муҳим, ҳаётий тушунча. Инсон нималарга қодир эканини тушунганда қанчадан-қанча юмушлар адо бўлади. Афсуски, «Биз кичкина одам» дея атрофдаги воқеаларга шунчаки томошабин бўлиб юрганлар оз эмас.

Биз буюк ўтмишимиз билан ҳамиша фахрланамиз. Лекин фақат фахрланганга ош пишмайди. Модомики, ўтмишимиз, аждодларимиз буюк экан, уларнинг қони томирларимизда уриб тургани рост. Шуни дилдан ҳис қилайлик, улуғ боболаримизга муносиб бўлайлик.

Бу ҳаётда катта-кичик ташвишлар билан елиб-югурамиз, нимагадир улгурамиз, баъзан кеч қоламиз. Оёғимиздан тортадиган турмуш ташвиш­лари шу қадар кўпки, баъзан ҳаётдан мақсад нима эканини унутиб қўямиз...

 Оқшом атрофга тун пардасини ёйганда бир лаҳза ўйлаб кўрайлик: Мен бугун одамларга нима яхшилик қилдим, бирор инсоннинг ҳожатини чиқардимми? Савоб ишлар хирмонини кўпайтирдимми? Ўзи одамдан нима қолади? Ҳаётдаги из эзгу ҳаракат натижаси эмасми? Шу саволларга ижобий жавоб берсангиз, кўнг­лингизда қониқиш туйғуси пайдо бўлиши мумкин.

Юртимизга сайёҳлар оқими тобора кўпаймоқда. Ер юзининг турли нуқталаридан келаётган хорижий сайёҳлар нима хоҳлашади? Улар бу ёруғ оламда инсоният яратган мўъжизаларни ўз кўзлари билан кўришни исташади. Бундай зиёратлар инсон ҳаётига мазмун бағишлайди. Хўш, бизнинг Ўзбекистонимизда туғилиб, шу заминда яшаётган юртдошларимизнинг ҳаммаси кўз ўнгимиздаги зиёратгоҳларда бўлишганми? Ҳатто қўшни туман, қўшни вилоятларда туриб, саёҳатга чиқмаганлар қанча.

Аслида, Ватаннинг ҳар қаричи муқаддас. Фақат у туп­роқни кўзга суртиш, дил-дилдан севиш керак. Шу йил ёзда Зоминдаги санаторийда дам олганимизда Хўжамушкент ота зиёратгоҳига бордик. Қўшни Тожикистон ҳудудига туташ бу маскан Яратганнинг инояти билан ям-яшил оролга қиёслагулик. Муқаддас қадамжони зиёрат қилдик. Ниятбулоқ деган гўшада тепадан томчилаб тушаётган сувга юзимизни ювдик. Шунда ҳар ким чин кўнгилдан ният қилиши мумкинлиги айтилди. Ҳамроҳлардан қандай ният қилинганини сўрадик. Ҳаммада бир хил: Ватанимиз тинч-осойишта, гуллаб-яшнаши, мустақиллигимиз мустаҳкамланишини ният қилишганини айтишди. Демак, юртдошларимизнинг ниятлари муштарак.

Ўқитувчи ва мураббийлар куни юртимизда ажойиб нишонланди. Ўзбек халқи устозини ҳамиша юксак қадрлаб келган. Бу байрам эса меҳри дарё инсонларга муҳаббатимиз чексиз эканлигини яна бир бор намоён этди. «Ўзбекистонда энг обрўли инсон муаллим бўлиши керак». Президентимизнинг бу қанотли ибораси чин маънода ҳикматга айланди. Ўқитувчи ёш авлодга билим беради. Энг муҳими, бу иш меҳр билан рўёбга чиқади. Шунинг учун устоз-муаллимга таъзим қилишимиз керак, уларнинг эзгу ниятларини ижобат бўлишига интилишимиз зарур.

Халқимизнинг бебаҳо қад­рияти — устозга, ёши улуғ инсонларга ҳурмат-эҳтиромда бўлиши Ватанимиз эртаси учун хизмат қилгани қандай яхши. Ҳали эслаганим — Зоминдаги санаторийда Ўзбекистоннинг энг эъзозли фахрийлари билан суҳбатлашиш насиб этди. Эҳ-ҳе, бу қарияларнинг ҳар бири алоҳида хазина. Уларнинг жозибали гурунглари ҳаётимизга олам-олам мазмун бахш этди. Ўзбекистон тарихида ягона Давлат котиби лавозимида ишлаган Раҳим Ражабовни ким танимайди? Биз узоқ йиллар бу инсоннинг суҳбатига орзуманд бўлиб юрардик. Тақдир туну кун шу одам билан ҳамнафас бўлишни насиб этди. Агар «Ахборот»да техника воситалари намойиш этилса, Раҳим ота уларнинг русуми, қаерда йиғилганигача айтиб берадилар.

— Ҳаётим давомида кўп нарсаларни кўрдим, — дейди отахон. — Лекин ҳозиргидек ажойиб, роҳатбахш замон бўлган эмас. Шуниси қувончлики, бу юртда нимага ҳаракат қилсанг, ҳаммаси инсон учун, ўз Ватанимиз учун. Буни қадрига етиш керак. Ҳамма ўз ўрнида зиммасидаги вазифани виждонан, ҳалол бажарса, аввало, халқ олдида, Ватан олдида юзи ёруғ бўлади.

Кеча Раҳим Ражабов билан яна учрашдик. Бирга дам олгандан кейин одам қадрдон бўлиб қоларкан. Аҳволларингиз қалай, деб сўрадик.

— Кайфиятим аъло, — деди суҳбатдошимиз. — Боксчиларимиз жаҳон чемионатида ғалаба қозонгани бутун халқнинг кайфиятини кўтарди. Ахир Ер юзининг ҳамма жойидан келган вакиллар Ўзбекистонга тан беришди. Мустақиллик даврида туғилган йигитларимиз нималарга қодир эканини ҳалол кўрсатди. Ғолиб боксчиларимиздаги куч-қувват ҳар бир ўзбекистонлик вужудига ўтгандай бўлди. Биргина шу ғалабадан пайдо бўлган ғурур бошқа соҳадаги кўрсаткичларимизни ҳам юқори маррага кўтаради. Биласизми, боксчиларимизга нима куч берди? Аввало, улар ортида Ватани, Президенти, ота-онаси, халқи турганини ҳис этишди. Демак, улар ўзлигини дил-дилдан анг­лашган. Бу туйғу инсон имкониятларини тўлиқ намоён этади.

Машаққатли тўсиқларни енгиб ўтган, чин ғалаба нима эканини англаган инсоннинг хулосаси бу.

— Сиз, матбуот ходимларига эътирозим бор, — дейди Раҳим Ражабов. — Ишлаб чиқаришда эришилган ютуқларни пафос билан ёзасизлар. Ахир, ҳар қандай ижобий натижага осонликча эришилмайди-ку. Ўша жараённи очиб бериш керак. Одамларда ислоҳотлар муваффақиятига ишонч уйғотиш лозим. Шуни билингки, ортиқча мақтов ҳеч қачон ишга ёрдам бермайди. Халқимизга рост ахборот керак. Яқинда «Даракчи» газетасида қайси бир журналист менинг номимдан ўзим айтмаган гапларни ёзиб юборибди. Ўқиганлар эътироз билдиришди. Ҳайронман. Ҳаммага тушунтириб чиқолмайман-ку.

— Ҳозирги ислоҳотларнинг бориши ҳақида фикрингиз қандай? — сўраймиз у кишидан.

— Биз, фахрийлар янгиланган Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни бутун вужудимиз билан қўллаб-қувватлаймиз. Президентимиз белгилаган возифалар ижросига айрим қатлам эмас, балки ҳамма бирдай киришиши керак. «Ватан менга нима берди демасдан, мен Ватанга нима бердим?» деган савол ҳақида ўйлашимиз лозим. Бунинг учун ҳамма, шу жумладан катта-кичик раҳбарлар ватанпарвар бўлиши даркор. Бу гаплар асло баландпарвоз сўзлар эмас. Ватанини севган одам оиласини, халқини, юртини севади. Ўзлигини англаган одам шундай бўлади. Ўзбекистон катта марраларни кўзлаяпти. Шунга муносиб бўлишимиз керак. Масалан, Хитойда бир нафар фуқаро бир соатда мамлакат ялпи ички маҳсулотига 7,4 юань миқдорида ҳисса қўшиши ҳисобга олинибди. Биз ўзимиз бир соатда қанча улуш қўшишимизни биламизми? Шундай статистика ҳақида эшитганимиз йўқ.

Бундан беш аср муқаддам Алишер Навоийнинг «Эл нетиб топқай мени ким, мен ўзимни топмасам» деган сатрлари бугун ҳам долзарблигича қолмоқда. Ўзлигини англаган инсон ўз тақдирини ўз қўли билан бунёд этади, ҳаётга танқидий нигоҳ билан назар ташлаганлиги учун ўзини назорат қилади. Бу туйғу чинакам ватанпарвар, халқпарвар инсонларга хос. Уларнинг сафи кенгайгани сайин Ўзбекистон қудрати юксалаверади.

Шуҳрат ЖАББОРОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист