«Мен бугун «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга имзо чекдим. Унга биноан «Давлат тили ҳақида»ги Қонун қабул қилинган куннинг улкан тарихий ўрни ва аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, 21 октябрь санаси юртимизда «Ўзбек тили байрами куни» деб белгиланди!»

Мамлакатимиз раҳбарининг Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллигига бағишланган тантанали маросимда ана шу сўзлари янграган чоғи пойтахтимизда эндигина қуриб, ишга туширилган ва илк бор бир неча минг меҳмонни бағрига олиб турган Халқаро Конгресс марказининг ҳашаматли саройи қалқиб кетгандек бўлди. Улуғвор кошона бахтиёр қалбларнинг туб-тубидан қайнаб-тошиб чиқаётган шодиёна туйғулар жарангию қарсаклар тўфонига кўмилиб кетди. Чеҳралар севинчдан ловуллади. Ҳамма хурсанд, бахтиёр. Мен ҳам суюнчлар ичимга сиғмай атрофга боқаман. Ёнгинамда академик мусаввир Акмал Нур қўлларини кенг ёзган кўйи шу қадар шавқ билан қарсак чаляптики, ҳозир бир сўз десанг, нақд учиб кетадигандек! Иззатли олим ва таниқли жамоат арбоби Оқил Салимов қарсак чала туриб, сафдоши Исмоил Жўрабековга алланималарни уқтиряпти. Козим Тўлаганов эса Бахтиёр Султоновга бир нималар демоқда. Сал нарида турган Иброҳим Ғафуровнинг кўзларида ёш ялтирагандай...

Рост, бундай шукуҳли дамларда беҳая­жон туришнинг мутлақо иложи йўқ. Қалбида миллатига, юртига, муқаддас она тилига муҳаббати мавжуд одам борки, ҳаяжонсиз туролмайди. Ёшу қари, бутун миллат, бутун Ўзбекистон – рўй-у раийят, ҳамма-ҳамма — неча йиллар мобайнида интиқиб кутган эди-да, ахир, бу лаҳзаларни. Гарчанд, она тилимизга давлат мақоми берилганидан бери орадан ўттиз йил ўтган эса-да, асло сир эмас, кўп жойларда унинг қадди-басти ҳали-ҳануз ночор, чеҳраси сўлғин, эгни қисиқ эди. Ўз уйида бошқа тилларга эгилиб, салом бериб туришларига ҳам кўникиб қолгандик, ҳатто.

Президентимизнинг Ўзбекистон Рес­публикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигига бағишлаб ўтказилаётган тантанадаги маърузасида айтилган юқоридаги хушхабар, яъники, 21 октябрни юртимизда «Ўзбек тили байрами куни» деб эълон қилиниши, шунинг учун ҳам муаззам саройдагиларни қалқитиб юборди.

Тўғри-да, илдизи Ўрхун-Энасой битикларидан ҳам нарига ўтиб кетган, Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий, Мирзо Бобур каби юз-юзлаб улуғ даҳоларни дунёга берган, Ер юзидаги энг қадимий тиллар қаторидаги ўзбек тилимизни бугундан эътиборан ҳар йили катта байрам қиламиз-у, тўлқинланмай бўладими?!

Бунинг устига Президентимизнинг «Ўзбек тилининг Давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонини айтмайсизми?! Матбуотда эълон қилинган бу ҳужжат ҳам чин маънода тарихийдир. Унда ўзбек тилининг ўмганини кўтаргувчи жами саволу муаммоларнинг жавоблари топилиб, жой-жойида кўрсатиб берилганки, мана буни энди ҳеч беиштибоҳ бутун миллат қалбида анча йиллардан бери ушалмай армон бўлиб келаётган эзгу ниятларнинг афиф аъмоли, деса арзийди.

Энди она тилимизнинг бугуни, эртаси, олис келажаги билан шуғулланадиган, унинг тақдирига жавоб берадиган масъул идора – Давлат тилини ривожлантириш бўйича алоҳида тузилма ташкил этилади. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этиладиган мазкур тузилма давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини доимий равишда назорат қилади, соҳага доир муаммоларни таҳлил қилиб, ягона давлат сиёсатини амалга оширишни таъминлайди. Тилимизнинг мусаффолигини сақлаш баробарида, глобаллашув шароитида лутфимизга кириб келаётган фан-техника-ю, бошқа соҳаларга оид янги тушунчалар, сўзлар ва ибораларнинг ўзбекча замонавий муқобилини топади. Шу муносабат билан янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш борасидаги ишларни тартибга солувчи Атамалар комиссияси тузилади.

Фармонда ҳозир юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил-­иноқ умргузаронлик қилиб келаётгани, уларга ўз она тилини, урф-одат ва қадриятларини ривож­лантириш учун ҳам мислсиз ғамхўрликлар қилиш лозимлиги кўрсатилганки, Ўзбекистоннинг бундай бағри кенглик сиёсати ўлкамиздаги барча ватандошларимизга олам-­олам қувонч бағишлайди.

Яна бир муҳим масалан, тил тўғрисидаги амалда бўлган қонун ҳам бугунги кун талабларига тўла мос келмаслиги, уни такомиллаштириш зарурлиги ҳам фармонда таъкидланган.

Аёнки, ҳаёт бугун давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида она тилимизнинг мавқеини оширишни талаб қилаётир. Хусусан, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, медицина, ҳарбий соҳа, банк-молия, юриспруденция, фундаменталь тадқиқотлар каби яна кўп­лаб тармоқларда ўзбек тилининг қўлланиш доирасини кенгайтириш биринчи галдаги вазифа бўлиб турибди. Бундан ташқари, дарсликлар, луғатлар, сўзлашув қўлланмалари, ўзбек тилининг компьютер дастурларини, электрон луғатларни, онлайн дарсликларни яратиш, жой номларини белгилаш, маънавиятимизга ёт мазмун ва шакллардаги турли-туман реклама ҳамда лавҳаларни хорижий тилларда акс эттиришга йўл қўймаслик каби юмушларни қай йўсинда амалга ошириш йўллари ҳам фармонда кўрсатиб берилган.

Ўзбекистонимиз яқингинада Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзо бўлиб кирганида миллион-миллион ватандошларимиз қатори мен ҳам фахру ифтихорга тўлган эдим. Муҳтарам Президентимизнинг ўзбек тилининг шону шавкатига бағиш­ланган тарихий маърузаси ва фармонидан кейин бутун миллатнинг кўкси тоғдай кўтарилди. Илло, тил — жумлайи жаҳоннинг ҳамма мамлакатларида миллатнинг суянч тоғидир.

Абдусаид КЎЧИМОВ